Хорижий ташувчининг Ўзбекистондаги мижозимизга кўрсатган хизмати учун ҚҚС тўланадими

preview

«Биз – ўзбек логистика компанияси маҳаллий буюртмачига Россия-Ўзбекистон йўналиши бўйича ташиш хизматини кўрсатдик. Барча машиналаримиз банд бўлгани сабабли ташиш учун учинчи шахс – хорижий компанияни жалб қилдик. Чет эллик ҳамкор бизга кўрсатилган хизматлар учун ҳисобварақ-фактура ва далолатнома бериши керак. Биз буюртмачига мукофот билан ҳисобварақ-фактура тақдим қиламиз. Чет эллик ҳамкор бизга резидентлик сертификатини юборди.

ҚҚС қандай тўланиши керак: кўрсатилган автомобиль хизматларининг тўлиқ суммасиданми ёки фақат мукофотданми?»

Buxgalter.uz илтимосига кўра саволга «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

Долзарб тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг

 

– Бундай вазиятда гап транспорт экспедицияси шартномаси ҳақида бормоқда. Сизнинг компаниянгиз мукофот эвазига юк ташишни ташкил этиш бўйича хизматларни кўрсатади. Бунда  ўз номидан, шу жумладан хорижий ташувчи компания билан ташишни амалга ошириш учун зарур бўлган шартномалар тузади.

Хизматларни тақдим этиш якуни бўйича компаниянгиз буюртмачига мукофот учун ҳисобварақ-фактура тақдим қилади ва хизматлар етказиб берувчиларидан, шу жумладан ташувчи компаниядан олинган далолатномалар, ҳисбварақ-фактураларни қайта топширади. Буюртмачи сизнинг даромадингиз бўлган мукофотни тўлайди ҳамда сизнинг даромадингиз деб тан олинмайдиган ва транспорт экспедицияси шартномасида шартлашилган харажатларни қоплайди.

 

ҚҚС

Ташиш хизматлари импортида хизматлар импортига ҚҚС тўлаш мажбурияти Ўзбекистон Республикаси ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилган тақдирда юзага келади .

Ташиш ва (ёки) транспортда ташиш бўйича хизматлар ёхуд бевосита ташиш ва (ёки) транспортда ташиш билан боғлиқ  хизматларни хорижий компания Россия-Ўзбекистон йўналиши бўйича кўрсатаётган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайди .

Ташиш билан боғлиқ ташиш бўйича хизматлар ёхуд бошқа хизматлар чет эллик шахслар томонидан кўрсатилганда, ҚҚС тўлаш бўйича мажбурият юзага келиши учун бир вақтнинг ўзида жўнатиш пункти ва белгиланган пункт Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлиши зарур.

Сизнинг ҳолатингизда бу шарт бажарилмаяпти, демак, автомобиль хизматлари импорти суммасидан ҚҚСни ушлаб қолиш мажбурияти юзага келмайди. Бунда сизнинг компаниянгиз экспедиторлик хизматларини кўрсатгани учун буюртмачидан қўшимча равишда оладиган сизнинг мукофот суммангиз ҚҚСга тортилади.

 

Фойда солиғи

Сизнинг компаниянгизда норезидент даромадидан юридик шахснинг фойда солиғини ушлаб қолиш мажбурияти юзага келади.

Норезидент компаниянинг халқаро ташиш бўйича хизматларига, шу жумладан юкларни юклаш, қайта юклаш, тушириш ва жойлаштириш учун ташиш шартномаси шартларида назарда тутилган тўловга 6% миқдорида солиқ солинади. Агар хорижий ташувчи компаниядан резидентлик сертификати бўлса ва ушбу ҳужжат Солиқ кодексининг 358-моддаси талабларига жавоб берса, сиз норезидентнинг ушбу даромадини солиқ солишдан озод қилиш бўйича халқаро шартнома шартларини қўллаш ҳуқуқига эгасиз.

 

 

 

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text196204_horijiy_tashuvchining_uzbekistondagi_mijozimizga_kursatgan_hizmati_uchun_qqs_tulanadimi