Тасдиқлаш учун таклиф қилинаётган БҲМС ва МҲХС бўйича молиявий ҳисоботлар шаклларида нималар етишмаяпти

preview

ҚҲТБТ порталида иқтисодиёт ва молия вазирининг “Молиявий ҳисоботларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш хақида”ги буйруғи лойиҳаси (ID 98836) эълон қилинди. У таклиф қилинаётган кўринишда қабул қилинган тақдирда молиявий ҳисоботларни топшириш муддатлари ва БҲМС бўйича топширувчи ташкилотлар учун шакллар тасдиқланган 24.01.2003 йилдаги АВ рўйхат рақами 1209-сон ва 3.07.2000 йилдаги АВ рўйхат рақами 942-сон буйруқлар ўз кучини йўқотади. Ниҳоят, МҲХС бўйича ишлайдиган ташкилотлар учун молиявий ҳисобот шакллари пайдо бўлади.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА профессионал ҳамжамиятни лойиҳага бефарқ бўлмасликка ва уни муҳокама қилишда фаол иштирок этишга чақириб қолади. У ўз позицияси билан buxgalter.uz ўқувчилари билан ўртоқлашди.

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– ҚҲТБТ порталида лойиҳа бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ҳозирча кам, сабаби у муҳокама учун 14 майда жойлаштирилган ва кўпчилик ҳозирча уни ўрганиб чиқишга улгуришмаган. Бухгалтерлар ва солиқ маслаҳатчилари четда турманг! Амалиётчилар ушбу шаклларни эътибор билан ўрганишлари ва ўз таклифларини билдиришлари муҳимдир.

 

Эътибор беринг

Буйруқ лойиҳаси билан танишиш учун ҳавола бўйича ўтинг: https://regulation.gov.uz/ru/d/98836. Фикр-мулоҳазалар ва таклифларни 2024 йил 29 майга қадар бериш мумкин.

 

Буйруқ лойиҳаси ҳақида

24.01.2003 йилдаги АВ рўйхат рақами 1209-сон амалдаги буйруқ билан БҲМС бўйича ишлайдиган корхоналар учун молиявий ҳисобот шакллари тасдиқланган. МҲХС бўйича ишлайдиганлар учун ҳисобот шакллари ҳануз йўқ. Йирик корхоналарда МҲХСни кенг жорий этиш бошланган пайтдан бошлаб 4 йилдан буён профессионал ҳамжамият тўлақонли ишлаш учун ушбу шакллар кераклиги ҳақида гапириб келмоқда.

ID 98836 буйруқ лойиҳасини ўзига хос тарзда тарихий ҳужжат дейиш мумкин. У иккита қисмга бўлинган бўлиб, биринчи қисмида БҲМС бўйича ишлайдиганлар учун молиявий ҳисобот шакллари, иккинчи қисмида эса –  МҲХС бўйича ишлайдиганлар учун молиявий ҳисобот шакллари тақдим этилган.

 

Шаклларни тўлдириш бўйича қоидалар керак

Таклиф қилинаётган БҲМС бўйича молиявий ҳисобот шаклларида мен амалдаги шакллардан бирор бир фарқни сезмадим. Шу боис ушбу қисмида мен амалдаги 24.01.2003 йилдаги АВ рўйхат рақами 1209-сон буйруқни ўз кучида қолдиришни таклиф қилган бўлардим.

Ушбу ҳужжат вақт билан синалганлиги, у ҳамма учун одатийлиги ва тушунарлилиги учун кучда қолдиришни таклиф қилардим. Ва энг асосийси – унда Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидалар мавжуд бўлиб, ҳисобот шаклининг ҳар бир сатрида нимани кўрсатиш лозимлиги аниқ ёзилган.

ID 98836 буйруқ лойиҳасида БҲМС ҳамда МҲХС учун бундай тўлдириш қоидалари мавжуд эмас – унда ҳисобот шаклларининг ўзи келтирилган. Бу ёмондир. БҲМС бўйича ишлайдиган тажрибали бухгалтерлар албатта 24.01.2003 йилдаги АВ рўйхат рақами 1209-сон Қоидаларга мурожаат қилишади. МҲХС бўйича ишлайдиганлар нима қилишлари керак? Ахир ушбу шакллар учун умуман на эски, на янги қоидалар мавжуд.

Агар Вазирликнинг МҲХС бўйича молиявий ҳисоботлар учун бундай Қоидаларни ишлаб чиқиш ниятида бўлмаса, дастлаб уни Ўзбекистон қонунчилигига мослаштирган ҳолда, янги буйруқнинг 13-бандида 1-сон МҲХС (IAS) “Молиявий ҳисоботни тақдим этиш”га ҳавола беринг. Аммо, назаримда, аниқ қоидалар керак, сабаби шакллар – бу стандартларнинг уларни тузганлар томонидан шарҳланиши.

У ёки бу сатрни қандай тўлдириш юзасидан барибир саволлар туғилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар бир сўровга сифатли тарзда жавоб бера оладими?  Унда бунинг учун ресурслар, энг аввало малакали кадрлар етарлими? Вазирлик ходимлари ҳамда бухгалтерлар учун муаммолар туғдирмаслик учун ҳужжатни ишлаб чиқувчиларга лойиҳани молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш қоидалари билан тўлдиришни қатъий тавсия қиламан. Шакллар муаллифларига бундай ҳужжатни ёзиш осон, сабаби улар шаклларни тузишган ва ҳар бир сатрга нима киритилганлигини билишади.

 

Ҳисоботни тақдим этиш муддатлари қайта кўриб чиқишни талаб қилади

Яна бир таклиф МҲХС бўйича ишлайдиган корхоналар учун молиявий ҳисоботни топшириш муддатларига тааллуқли. ID 98836 буйруқ лойиҳасида 15 майгача бўлган муддатни белгилаш таклиф қилинмоқда. Ушбу муддатни 15 июнга қадар узайтириш мақсадга мувофиқдир – сабаби сўнгги 4 йилда шундай бўлган. Бу иккита норматив-ҳуқуқий ҳужжат – “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун ва ушбу НҲҲ ўртасида ягона ёндашувни белгилаш имконини беради.

Келинг, барча бухгалтерлар учун ишлашни яхшилаш ва соддалаштириш учун лойиҳани муҳокама қилишда фаол иштирок этайлик.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text199953_tasdiqlash_uchun_taklif_qilinaetgan_bhms_va_mhhs_buyicha_moliyaviy_hisobotlar_shakllarida_nimalar_etishmayapti