Янги йилдан экспорт учун имтиёзнинг бекор қилиниши ва ЖСТга кириш борасида бошқа ўзгартиришлар

preview

Президентнинг 3.06.2024 йилдаги ПФ-85-сон Фармони билан экспорт учун имтиёзлар, бошқа божхона ва солиқ имтиёзлари, шунингдек айрим тадбиркорлик субъектлари учун преференциялар бекор қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш топширилди. Қабул қилинаётган қарорларни buxgalter.uz илтимосига биноан “TRI-S-AUDIT” аудиторлик компанияси директори Светлана ГОЛОСОВА шарҳлаб берди:

 

Материалларизми ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– Барча ушбу бўлғуси НҲҲлар ЖСТга кириш мақсадига хизмат қилади. Миллий қонунчилик Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисида битимга мувофиқ келтирилмоқда (ASCM), ушбу янги норматив ҳужжатлар эса бозорнинг барча ўйинчилари учун тенг шароитлар яратишга қаратилган.

 

Экспорт қилувчилар учун субсидиялар ва преференция ўтмишда қолади

2025 йил 1 январдан бошлаб экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этиладиган субсидиялар ва преференциялар, шу жумладан товарлар ва хизматларни экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаш учун имтиёз бекор қилинади.

Бугун, ушбу имтиёзлар ишлаётган вақтда мамлакатда ички бозорни тўлдиришни эмас, балки экспортни қўллаб-қувватлашаётганлиги маълум бўлади. Мен тадбиркорлик учун ички ва ташқи бозорлар бир хил жозибадор бўлиши, ҳеч бўлмаганда – солиқ солиш масаласида бир хил бўлиши кераклигига қўшиламан. Хорижга ички бозорда талаб қилинмаган ортиқча маҳсулотларни ҳеч бир имтиёз ва преференцияларсиз сотиш мақсадга мувофиқдир. Ҳар қандай ҳолда солиқлар хориж бозорини анча жозибадор қилмаслиги керак.

 

Акциз тўланадиган товарлар учун акциз солиғи ставкалари бирхиллаштирилади

Импорт қилинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган акциз солиғи тўланадиган товарлар учун акциз солиғи ставкалари қуйидаги муддатларда босқичма-босқич бирхиллаштирилади:

  • 2026 йил 1 январга қадар – тамаки маҳсулотлари учун;
  • 2027 йил 1 январга қадар – алкоголь маҳсулотлари  ва шакар учун.

Акциз солиғи – бу бозорни тартибга солиш инструменти. Янги чоралар бошланган йўналишнинг мантиқий давоми бўлади. Хусусан, бу солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати   билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тузатишлар киритиш тўғрисидаги Қонунда назарда тутилган. Акциз солиғидаги ўзгартиришлар ЖСТ талаблари доирасида импорт ва ишлаб чиқариш ставкалари ўртасидаги фарқни қисқартириш билан боғлиқ.

ЖСТ талабларига мувофиқ ҳар бир мамлакат солиқ солишнинг миллий режимини жорий этиши керак, унда акциз солиғи ставкалари маҳаллий ва импорт қилинган товарларга нисбатан бир хил қўлланилади.

 

 

Темир йўл транспортида юк ташишда тақдим этилаётган чегирмалар бекор қилинади

2024 йил 1 октябрдан бошлаб босқичма-босқич 2025 йил 1 апрелгача Ўзбекистон ҳудудида темир йўл транспортида юк ташишда тақдим этилаётган чегирмалар бериш амалиёти бекор қилинади.

Темир йўл орқали юкларни ташишда экспорт ва импорт ташиш хизматлари учун тарифлар 2030 йилгача босқичма-босқич бирхиллаштирилади.

Ушбу ташаббус ҳам ички ҳамда ташқи бозорларда ишлаётган тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратишга қаратилган.

 

Айрим давлат корхоналари эксклюзив ҳуқуқлардан маҳрум бўлади

2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • “Ўзметкомбинат” АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи;
  • “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи;
  • “Ўзтрейд” АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи;
  • “Ўзкимёимпекс” МЧЖнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи.

2026 йил 1 июлдан бошлаб:

  • “UzGasTrade” АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи;
  • “Ўзэнергосотиш” АЖнинг электр энергиясининг экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи бекор қилинади.

2025 йил 1 январдан бошлаб қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо фаолиятларини лицензиялаш тартиби жорий этилади.

Мобиль ёки симли телекоммуникация тармоқларига эга Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритадиган телекоммуникация операторларига тезкор-қидирув фаолияти, ахборот ва киберхавфсизлик тизимлари талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда синов тариқасида халқаро интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқи берилади.

Монополиядан қочиш, бозорда янги ўйинчиларнинг пайдо бўлиши  ушбу меъёрлар билан боғлиқ. Ички бозор хорижий компаниялар учун анча қизиқарли ва жозибадор бўлиши кутилмоқда. Пировардида бу рақобатнинг ривожланишига, инновацион технологияларнинг жорий этилишига ва товарлар ва хизматлар сифатини яхшиланишига олиб келиши керак.

 

Корпоратив буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган харидларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилган имтиёзлар ва преференциялар бекор қилинади

2026 йил 1 июлдан бошлаб корпоратив буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган харидларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилган имтиёзлар ва преференциялар бекор қилинади. Шу жумладан – маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг DDP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдордаги преференция ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган электротехника ва электромаиший маҳсулотларга нисбатан 20 фоизгача нарх преференцияси бекор қилинади.

Давлат харидларини амалга оширишда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • бюджет буюртмачилари томонидан, шу жумладан, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тузиладиган шартномалар бўйича тўловлар тегишли тартибда ғазначилик хизмати бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилгандан (ҳисобга олингандан) сўнг амалга оширилиши мумкин;
  • давлат буюртмачилари бўлган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига давлат харидларини амалга оширишда соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилиши, шунингдек, давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланади;
  • лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар, шунингдек, давлат банклари ва давлат иштирокидаги корхоналар ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ва ишларни бажариш тақиқланади.

Ташқаридан қараганда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан ушбу соҳадаги барча муаммолар ҳал қилингандек туюлади. Аммо бундай эмас.

Президентнинг Фармонида белгиланган муаммолардан ташқари, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида бошқа етилган муаммолар ҳал қилинса яхши бўларди.

Мисол учун, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 64-моддасидан товар ва хизматларнинг қиймати БҲМнинг 25 минг бараваридан ортиқ (8 млрд сўмдан ортиқ) бўлса, албатта давлат харидлари қоидалари бўйича ҳаракат қилиш кераклиги келиб чиқади. Бу нотўғри ва ҳар доим ҳам сифат учун ишламайди. Агар гап товарлар ҳақида борса, бу мақбул вариант эканлигига қўшиламан. Хизматлар билан боғлиқ ҳолларда бу ишламайди. Қонунда: кимда арзон бўлса, шундан олинг, дейилган. Хориж, хусусан Қозоғистон ва Россия тажрибасига қарасак – у ерда хизматлар уларнинг қийматидан қатъи назар тендер ва суҳбатлар орқали харид қилинади. Агар томонлар бир-бирига тўғри келамиз деб ҳисоблашса, улар ўзаро шартнома тузишади.  Хизматлар – бу товар эмас ва шартнома тузишда ҳисобга олиш лозим бўлган жуда кўп ўзига хос жиҳатлар мавжуд.

Қонунчиликдаги ўзгартиришларни кузатиб борамиз. Умид қиламанки, улар Ўзбекистон бозорини инновацион ечимларни жорий этиш учун тадбиркорларнинг иши, нарх ва сифат ўзаро нисбатида анча мукаммал қилади.

 

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text200581_yangi_yildan_eksport_uchun_imtiezning_bekor_qilinishi_va_jstga_kirish_borasida_boshqa_uzgartirishlar