Солиқчилар томонидан таклиф қилинган нархларни аниқлаш тартиби нималарга олиб келиши мумкин

preview

Regulation.gov.uz порталида СКнинг 248-моддаси 4-қисми меъёрини қўллаш қоидаларини белгиловчи ID-98908 ҳужжатининг муҳокамаси якунланди. Янги қоида солиқ органларига битим нархи товарлар, хизматлар бозор қийматидан паст ёки юқори бўлганда солиқ базасига тузатиш киритиш имконини беради. Умуман олганда, лойиҳага нисбатан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди, улар ҳужжатнинг қабул қилиниши бозор муносабатлари ривожланишига тўсқинлик қилишини кўрсатмоқда. Кўпчилик уни қонунчиликка мос келмайди деб ҳисобламоқда. Шу билан бирга, ишбилармонлик муҳитида бу ҳужжатнинг қабул қилиниши бизнес учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида фаол муҳокамалар давом этмоқда.

Buxgalter.uz илтимосига биноан эҳтимолий оқибатларни солиқ маслаҳатчиси, “ICONSULTANT” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон АББОСХОНОВА тасвирлаб берди. Шунингдек, эксперт Солиқ қўмитаси томонидан таклиф қилинган қоидаларни, унинг фикрича, амалиётда бизнесга зарар етказмасдан қандай қўллаш мумкинлигини тушунтирди: 

Эътибор беринг

Мутахассиснинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

 

– Таклиф этилаётган ёндашув концептуал жиҳатдан нотўғри ва иқтисодий жиҳатдан зарарли. Шу боис мен, аввало, саъй-ҳаракатларни таклиф этилаётган ёндашувнинг концептуал моҳиятини муҳокама қилишга қаратиш керак, деб ҳисоблайман. Фақат шундан кейингина ҳужжат матнини ёки унинг қабул қилиниши Солиқ кодексида кўзда тутилмаганлиги масаласини муҳокама қилишга ўтса бўлади (шуни таъкидлаш керакки, СКга тегишли ўзгартиришлар киритиш Солиқ қўмитаси учун алоҳида қийинчилик туғдирмайди).

Нима учун бундай ҳужжатнинг таклиф этилаётган контекстда қабул қилиниши –тубдан нотўғри?

Биринчидан, ҳужжат “нарх қанча паст бўлса, солиқ юки ҳам мутаносиб равишда шунча кам бўлади” деган тамойилни бузиб, уни “судда исботла, нарх қанча паст бўлса, солиқ юки ҳам мутаносиб равишда шунча кам бўлади” деган тамойилга алмаштиряпти. 

 Ҳужжат бизнеснинг товарлар нархини пасайтириш истагини рағбатлантирмайди, балки буни маълум даражада хавф остига қўяди. Бизнес учун мураккаб психологик тўсиқ яратилмоқда.

Иккинчидан, барча товарлар учун ягона йўл қўйиладиган бозор кўламини аниқлаш – мумкин эмас.

Мисолни кўриб чиқамиз. Фараз қилайлик, солиқ органи бозор нархидан +/- 25% оғиш – бу йўл қўйиладиган меъёр деб ҳисоблайди. Бундан юқори ёки паст бўлган барча нарса солиқ базасига тузатиш киритилишига олиб келади (аслида ҳужжат лойиҳаси айнан шуни назарда тутади).

Бу вазиятда икки компания товарни йўл қўйиладиган +/- 25% кўлами доирасида реализация қилди. Лекин эътибор беринг, агар “А” компанияси 1,25 млн доллар миқдоридаги “даромадни акс эттирмаса”, солиқ органлари ушбу НҲҲга мувофиқ унга нисбатан ҳеч қандай эътироз билдиришга ҳақли бўлмайди.

Бу шуни кўрсатадики, бозорда шундай товар турлари муомалада бўладики, ҳатто 1% оғиш ҳам бизнесга улкан фойда келтиради. Шу боис барча товарлар учун ягона бозор кўламини ўрнатиш имконсиз ва нотўғридир.

Бошқа мисол: икки компания +/- 25% йўл қўйиладиган кўламдан чиқиб кетди. Бироқ, ҳужжат лойиҳасининг 19-бандига кўра, солиқ органлари фақат “А” компанияси учун ўртача бозор нархидан келиб чиқиб, ҚҚС ва фойда солиғи бўйича солиқ базасини тузатишни зарур деб ҳисоблайди.

Бу мисол қуйидаги муаммоларни кўрсатади:

  • компанияларга нисбатан тенгсиз муносабат. Гарчи иккала компания ҳам йўл қўйиладиган кўламдан чиқиб кетган бўлса-да, фақат “А” компаниясига тузатиш киритилади. Бу бозор иштирокчиларига нисбатан адолатсиз ёндашув вазиятини яратади.
  • ҳақиқий иқтисодий вазиятнинг потенциал бузиб кўрсатилиши. Ўртача бозор нархидан келиб чиқиб солиқ базасига тузатиш киритиш компаниянинг ҳақиқий даромадлари ва харажатларини акс эттирмаслиги мумкин.

 

Учинчидан, нима учун солиқ базасини яшириш тузатиш киритиш билан алмаштирилмоқда?

Агар биз кўриб чиққан мисолдан келиб чиқсак, “А” компанияси ҳақиқатда товарни “Б” компанияси каби 1,2 млн долларга сотган бўлса-да, бироқ ҳисобда фақат 700 минг долларни акс эттирган бўлса, нима учун солиқ 950 минг доллардан (ўртача нарх) тўланиши керак? Жарима қўлламасдан 250 минг доллардан (950 000 – 700 000) қўшимча солиқ ҳисоблаш билан чекланиш ўрнига 500 минг доллар (1 200 000 – 700 000) миқдоридаги яширилган солиқ базасини аниқлаш мантиқлироқ бўлар эди.

Бундай ёндашув нотўғри рағбатларни яратади. Ўз даромадларини ҳалол акс эттираётган “Б” компанияси ютқазишда бўлади, инсофсиз рақобатчилар эса ҳар қандай ҳолатда афзалликка эга бўлади.

Тескари вазият ҳам бўлиши мумкин – биржада ёки давлат харидларида нархлар ошириб юборилган бўлса, товарни реал нархларда сотаётган ҳалол тадбиркор эса ўзининг нархлари “бозорга мос эмас” деб топилиши мумкинлиги туфайли қўшимча солиқлар тўлашга мажбур бўлади.

Хуфёна иқтисодиёт жиддий муаммо бўлсада, таклиф этилаётган аниқ чегараларсиз восита мумкин бўлган ечимлар вариантлари орасида энг ёмони бўлиб чиқиши мумкин.

Кўриб чиқилган сўнгги мисол таклиф этилаётган ёндашувнинг камчиликларини ва солиқлардан бўйин товлашга қарши курашиш механизмларини янада синчковлик билан ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлайди, токи улар инсофли солиқ тўловчиларнинг манфаатларига зарар етказмасин.

Менинг фикримча, Солиқ қўмитаси таклиф қилаётган ёндашув солиқ органларининг вазифасини соддалаштиради, уларга камерал текширув пайтида оддийгина тугмани босиш орқали қўшимча солиқ ҳисоблаш имконини беради. Ҳақиқатда, Солиқ қўмитаси қуйидаги мураккаброқ вазифалардан четлашмоқда:

  • даромадларни яширишдан далолат берувчи тегишли далилларни тўплаш учун катта маълумотларни таҳлил қилиш;
  • жарималарни қўллаш;
  • барча оқибатлари билан қасддан қилинганликни аниқлаш.

Шубҳасиз, Солиқ қўмитаси маълум натижаларга эришади, аммо бу фақат инсофсиз эмас, балки инсофли солиқ тўловчилар ҳисобидан ҳам бўлади, улар учун солиқ юки ошади.

Тўртинчидан, таклиф этилаётган ўзгаришларнинг бюджет ва мамлакат учун иқтисодий маъноси жиддий саволлар туғдиради.

1. ҚҚСга тузатиш киритилганда нафнинг мавжуд эмаслиги.

Ҳатто трансферт нархини белгилашда ҳам, агар битимнинг иккала иштирокчиси ҚҚС тўловчилари бўлса, ҚҚСга тузатиш киртилмайди.

Мантиқ оддий: лойиҳа тасдиқлангандан сўнг сотувчи нархларни йўл қўйиладиган нарх кўлами доирасида белгилайди, харидор эса ҳар қандай ҳолатда ҚҚСни ҳисобга олади. Шу боис занжир шаклланишининг ушбу босқичида бюджет наф олмайди. Фойда солиғи бўйича ҳам худди шундай: бири учун “даромад”, бошқаси учун “харажат”. Гап якуний истеъмолчига реализация қилиш ҳақида кетганда, бу бошқа масала.

Савол туғилади: агар иқтисодий самара – нолга тенг бўлса, нима учун солиқ маъмуриятчилигини мураккаблаштириш керак?

2. Инвестициявий жозибадорликка салбий таъсир.

Шунга ўхшаш ҳужжатнинг қабул қилиниши иқтисодий субъектлар учун доимий солиқ ноаниқлигини яратади, чунки бизнеснинг бозор нархлари ҳақидаги маълумот манбаларига солиқ органларидек кенг кириш имконияти йўқ.

Бу мамлакатда иш ўринлари яратиш бўйича ўткир масаланинг ечимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бу омиллар таклиф этилаётган янгиликларнинг мамлакат иқтисодий ривожланиши ва инвестиция муҳитини яхшилаш нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқлигини шубҳа остига қўяди. Кутилаётган солиқ тушумларининг ошиши ўрнига, бундай ёндашув ишбилармонлик фаоллигининг пасайишига ва, натижада, узоқ муддатли истиқболда солиқ базасининг камайишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, биз истеъмолчилар талабининг пасайишини кузатмоқдамиз: ижтимоий тармоқларда сотувчилар харидорлар йўқлигидан шикоят қилишмоқда. Вазиятни микродаражада кўриб чиқайлик.

Тадбиркор, дўконни ёпаётиб, товарни таннархида ёки ҳатто ундан пастроқ нархда сотиб юборади. Бу ҳолда у солиқ органларига даромадларни яшириш мақсади йўқлигини исботлашига тўғри келади. Ҳужжат лойиҳаси расман бундай вазиятларга йўл қўяди, аммо муҳим шарт билан: исботлаш мажбурияти тадбиркор химмасига юкланади, ва бу фақат судда бўлади (лойиҳада судгача ҳал қилиш назарда тутилмаган). Амалда бу ўз ҳақлигини исботлашга уринаётган тадбиркор учун аҳамиятли вақт, куч ва молия харажатларини англатади.

Гарчи Ўзбекистон ҳозирча иқтисодий инқироз ва талабнинг кескин пасайиши туфайли тадбиркорлар оммавий равишда бизнесни ёпган кўплаб бошқа давлатларнинг қисматидан қочган. Аммо бу – келажакда шундай бўлмаслигига кафолат эмас. Шунга ўхшаш вазият юзага келган тақдирда, Ўзбекистон компаниялари юқори солиқ юки билан тўқнашиши мумкин, чунки солиқ органлари солиқ базасини олдин шаклланган, бозорнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттирмайдиган бозор нархларидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқаради.

Бу ёндашув бозор шароитларининг динамикасини ҳисобга олмайди ва бизнеснинг инқирозли вазиятларга мослашишини жиддий равишда қийинлаштириши мумкин, бу эса иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига уларни кучайтириши мумкин.

Бешинчидан, албатта, мен кўриб чиққан мисоллар муболағали туюлиши мумкин. Мен солиқ органлари томонидан товарлар нархларининг қандай ўртача қийматлари олиниши мумкинлигини фақат тахмин қила оламан. Эҳтимол, катта сонлар қонунига кўра, аксарият инсофли тадбиркорлар амалиётда солиқ базасига тузатиш киритишнинг бу янги воситаси билан тўқнашмаслиги мумкин.

Бироқ, яқинда бўлган текширувдан олдинги таҳлил формулаларидаги хатоларни ҳисобга олган ҳолда, бу лойиҳа барчага таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор. Афсуски, бу хулоса ҳужжат лойиҳасида келтирилган мисолларда қуйидагилар билан тасдиқланади:

  • ҚҚС нархлар фарқига ҳисобланади (сабаби бозор фарқи ҚҚСни ўз ичига олгани боис, бинобарин, ҚҚСни нарх фарқидан “ажратиб олиш” лозим);
  • фойда солиғи ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда нархлар фарқидан ҳисобланади (қўшимча ҳисобланган ҚҚС нарх фарқидан чегириб ташланиши керак, кейин эса фойда солиғи ҳисобланиши керак. Фойда солиғи ҚҚСдан ҳисоблаб чиқарилмайди!).

Хулоса қилиб айтганда, таклиф этилган ҳужжат лойиҳаси қуйидаги шартлар асосида фойдали бўлиши мумкин бўларди, деб ҳисоблайман:

1) унда назарда тутилган солиқ базасини аниқлаш тартиби фақат хавф-таҳлили мақсадларида қўлланилса;

2) бундай таҳлил натижалари солиқ базасини яшириш ҳолатларини аниқлашда асосий ва ягона исботлаш базаси сифатида эмас, балки қўшимча исботлаш базаси сифатида кўриб чиқилса;

3) бу таҳлил асосида кейинги текширувлар (сайёр текширув ва солиқ аудити) ўтказилса ва инсофсиз солиқ тўловчилар учун барча тегишли оқибатлар келиб чиқса.

Бундай ёндашув инсофли солиқ тўловчиларнинг манфаатларига зарар етказмасдан ва уларнинг солиқ ва маъмурий юкини оширмасдан, солиқ назоратининг самарадорлигини оширишга имкон берар эди.

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text201296_soliqchilar_tomonidan_taklif_qilingan_narhlarni_aniqlash_tartibi_nimalarga_olib_kelishi_mumkin