Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидентлар соф фойдадан солиқни қачон тўлайдилар

preview

«Норезидентнинг доимий муассасаси фойдага эга, бироқ йил давомида дивидендлар (соф фойда) тўламаган. СКнинг 347-моддасига асосан, соф фойда деганда жами даромад ва жорий солиқ даври (календарь йил) учун харажатлар ўртасидаги фарқ тушунилади.

Агар доимий муассаса йил давомида дивидендлар тўламаган бўлса, у соф фойдадан олинадиган солиқни йил якунлари бўйича ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши кераклигини тўғри тушуняпмизми?».

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:

Экспертнинг керакли тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидентлар фойда солиғини ҳисобот даври – чорак якунлари бўйича ҳисоблаб чиқаради ва тўлайди .

Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидентларнинг даромадларига фойда солиғи солишнинг ўзига хос хусусиятлари СКнинг 49-бобида белгиланган.

Норезидентнинг (ДМнинг) фойда солиғи тўлангандан кейин ўз тасарруфида қоладиган соф фойдаси дивидендларга тенглаштирилади ва 10% ставка бўйича солиқ солинади  .

Соф фойда деганда жами даромад ва ДМ фаолияти билан боғлиқ харажатлар ўртасидаги фарқ тушунилади. Бунда жорий солиқ даври учун соф фойда айни бир ДМ доирасида аввалги солиқ даврларида олинган зарарнинг (зарарларнинг) умумий суммасига камайтирилади, башарти илгари бундай зарар (зарарлар) соф фойдани аниқлашда ҳисобга олинмаган бўлса . Кўриб турганимиздек, бу ерда солиқни ҳисоб-китоб қилиш учун соф фойда солиқ даври (календарь йил) якунлари бўйича аниқланиши кўрсатилмаган. Гап фақат йил якунлари бўйича зарарларни ўтказиш мумкинлиги ҳақида бормоқда.

Бинобарин, доимий муассаса соф фойдадан олинадиган солиқни, у йил давомида ўзининг бош компаниясига бўш маблағларни ўтказиши ёки ўтказмаслигидан қатъи назар (чунки ДМ юридик шахс эмас, у соф фойда, яъни дивидендларни тўлаши мумкин эмас), ҳисобот даври (чорак) якунлари бўйича ҳисоблаб чиқариши керак.

ДМ соф фойдадан олинадиган солиқнинг ҳисоблаб чиқарилган суммасини солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай бюджетга тўлайди .

Солиқ ҳисоботи қуйидаги муддатларда тақдим этилади :

  • ҳисобот чораги якунлари бўйича – ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай;
  • йил якунлари бўйича – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай.

Доимий муассасанинг соф фойдаси, шунингдек соф фойдадан олинадиган солиқ ставкаси ва суммаси Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 120–140-сатрларида акс эттирилади.

Эътибор беринг

ДМ дивиденд тарзидаги даромадлар бўйича Ўзбекистоннинг халқаро шартномасига асосан пасайтирилган солиқ ставкасини СКнинг 357-моддасида кўрсатилган тартибда қўллашга ҳақли. Агар халқаро шартномада бир нечта пасайтирилган солиқ ставкалари назарда тутилган бўлса, улардан энг ками қўлланилади .

 

 

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text202656_faoliyatini_doimiy_muassasa_orqali_amalga_oshiraetgan_norezidentlar_sof_foydadan_soliqni_qachon_tulaydilar