Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
6-сон БҲМС «Ижара ҳисоби»га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақдаги буйруқ 24.09.2025 йилдан кучга кирди. Шунга мувофиқ 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектларда бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома»га ҳам тузатишлар киритилмоқда.
Иккала стандартда бирдан нима ўзгарганини buxgalter.uz да кўриб чиқамиз:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм каналимизга обуна бўлинг.
6-сон БҲМСда нималар ўзгарди (иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи, 24.09.2025 й. АВ рўйхат рақами 1946-2-сон)
Ҳужжатга асосан қуйидагилар белгиланди:
- ушбу стандарт бюджет ташкилотлари, банклар ва нобанк кредит ташкилотларининг ижара операцияларига тааллуқли эмас;
- ижарани таснифлаш ижара муносабатлари бошланган санада амалга оширилади ва ижара шартномасига ўзгартиришлар киритилганда қайта кўриб чиқилади. Баҳолаш қийматларидаги ҳар қандай ўзгаришлар (масалан, таянч активнинг иқтисодий фойдаланиш муддати ёки тугатиш қийматининг ҳисобий баҳосидаги ўзгаришлар) ёки шароитдаги ўзгаришлар (масалан, ижарачининг ўз мажбуриятларини бажармаслиги) ҳисоб мақсадларида ижарани таснифлашни қайта кўриб чиқиш зарурлигига олиб келмайди;
- агар молиявий ижара шартномаси шартларига кўра сотувчи ижара объектини ижарага берувчини (лизингга берувчини) четлаб ўтиб, бевосита ижарачига (лизингга олувчига) етказиб берса, молиявий ижара объектининг кириши ва чиқиши бўйича ёзувлар ижарага берувчи (лизингга берувчи) бухгалтерия ҳисобида молиявий ижара объектининг ҳаракатини тасдиқловчи бошланғич ҳужжатлар асосида амалга оширилади;
- агар молиявий ижара шартномаси шартларига кўра ижарага берувчи (лизингга берувчи) молиявий ижара объектини сотиб олган, лекин ижарачи (лизингга олувчи) уни қабул қилишдан бош тортган бўлса, мазкур молиявий ижара объекти ундан фойдаланиб бошлангунича ёки чиқиб кетгунча капитал қўйилмаларини ҳисобга олувчи ҳисобварақда (0800) ҳисобга олинади.
Қуйидагилар ўз кучини йўқотди:
- 6-сон БҲМСнинг 36-банди, унга кўра ижарачи (лизингга олувчи) молиявий ижара объектларининг ҳар йилги қайта баҳолашини қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказар эди;
- 01.06.2009 йилдаги Бухгалтерия ҳисобида ижара операцияларини акс эттириш тартиби тўғрисидаги низом.
Ҳисобварақлар режасида нима ўзгарди (иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи, 24.09.2025 й. АВ рўйхат рақами 3593-1-сон)
1-иловада (Ҳисобварақлар режаси) – 0860 «Молиявий ижарага берилган асосий воситаларга капитал қўйилмалар» ҳисобварағидан кейин 0870 «Оператив ижарага берилган асосий воситаларга капитал қўйилмалар» ҳисобварағи қўшилди.
2-иловада (Йўриқнома):
- 34-банд қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«34. Молиявий ижара бўйича олинган ва капитал қўйилмаларни талаб қилмайдиган объектлар 0310 «Молиявий ижара бўйича олинган асосий воситалар» ҳисобварағининг дебети ва 7910 «Молиявий ижара бўйича кредиторлик қарзи» ҳисобварағининг кредити бўйича акс эттирилади»;
- 37 ва 38-бандлар сезиларли даражада ишлаб чиқилди. Хусусан:
– молиявий ижара шартномаси бўйича олинган объектни ижарачига мулк қилиб беришни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш қисмида – қуйидаги бўйича ҳисобварақлар корреспонденцияси аниқлаштирилди:
а) ижара объекти қийматини асосий воситаларга киритиш;
б) амортизация суммаларини 0200 ҳисобварағига киритиш;
– молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган объектларни лизинга берувчига қайтариш бўйича бухгалтерия ҳисобидаги ёзувлар қисмида қуйидаги ўтказмалар ёзилди:
а) бошланғич қиймат учун;
б) амортизация суммаси учун;
в) молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича лизинга берувчи томонидан тикланган яхшилашлар қиймати суммаси учун;
г) яхшилаш харажатларини қоплаш учун лизинга берувчидан олинган пул маблағлари суммаси учун;
д) лизинг (ижара) тўловларининг графиги (тартиби)га мувофиқ асосий қарзнинг ўтказилмаган қолдиғи суммаси учун;
е) молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни қайтариш харажатлари (бузиб ташлаш, ташиш ва бошқалар) суммаси учун лизингга олувчи томонидан;
ж) молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни қайтариш натижасида – олинган фойда суммаси ва олинган зарар суммаси учун;
- шунингдек йўриқноманинг 40-банди янги таҳрирда қабул қилинди, (молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни ҳисобга олувчи (0300) ҳисобварақларнинг бошқа ҳисобварақлар билан ўзаро боғлиқлиги мисоллари), 67, 731, 216 ва бошқа бандлар тўлдирилди.
Эътибор беринг
Buxgalter Pro экспертлари ҳозирги вақтда Ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқномадаги барча ўзгартиришлар бўйича батафсил тушунтиришлар тайёрламоқда. Буни ўтказиб юбормаслик учун buxgalter.uz даги материалларимизни кузатиб боринг.
Buxgalter.uz тавсия қилади
![]()