Ўзбекистонда банк ҳисобварақларини очиш масалаларида нималар ўзгарди

preview

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари (консуллик муассасалари) орқали ЖШШИРни олган IT-парк резидентларининг хорижий мутахассислари рақамли идентификациялаш воситалари (Face-ID)дан фойдаланган ҳолда масофадан туриб банк ҳисобварақларини очишлари мумкин.

Шунингдек, махсус солиқ режимини олган норезидент жисмоний шахслар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва вояга етмаган шахслар учун банк ҳисобварақларини очиш шартлари аниқлаштирилди.

Ҳужжат 12 ноябрдан кучга кирди. Тафсилотлар buxgalter.uz шарҳида:

Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Марказий банк Бошқарувининг қарори (11.11.2025 й. АВ рўйхат рақами 3420-2-сон) билан Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тузатишлар киритилди. Асосий жиҳатларни келтириб ўтамиз:

  • IT-парклар таъсисчилари (резидентлар ва норезидентлар) банк ҳисобварақларини масофадан туриб очишлари мумкин. Бунда уларнинг номидан банк операцияларини амалга оширувчи шахслар электрон воситалар/қурилмалар ёрдамида идентификация қилинади, қоғозда имзолар намуналари қўйилган варақча талаб этилмайди;
  • Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари (консуллик муассасалари) орқали ЖШШИРни олган IT -парк резидентларининг хорижий мутахассислари ҳам рақамли идентификациялаш воситалари (Face-ID)дан фойдаланган ҳолда масофадан туриб банк ҳисобварақларини очишлари мумкин;
  • махсус солиқ режимини олган норезидент жисмоний шахслар томонидан банкда ҳисобварақ очиш учун банкка қўшимча равишда махсус солиқ режимини тақдим этиш бўйича қарорни тақдим этиш зарур;
  • агар норезидент жисмоний шахс илгари банкда банк ҳисобварағини очган бўлса, у ушбу банкда бошқа банк ҳисобварақларини масофадан туриб очиши мумкин;
  • банк ҳисобварағини очиш учун ўзини ўзи банд қилган шахсга шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари, ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси ёки унинг ЯИДХП ва/ёки «Ижтимоий карта» мобиль иловаси орқали бериладиган электрон шакли ҳам тақдим этилиши лозим;
  • таъсисчилари Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда IT-парк резиденти бўлган, таъсисчиси норезидент бўлган юридик шахсларга банк ҳисобварақларини масофадан туриб очишда, уларнинг  имзо намуналари қўйилган варақчада кўрсатилган резидент жисмоний шахсларни идентификациялаш рақамли идентификациялаш орқали амалга оширилиши мумкин;
  • банк ҳисобварағини ёпиш мижознинг тақдим этилган талаблардан озод бўлган пул маблағларининг қолдиғи мижознинг (тугатувчининг) топшириғига асосан бошқа ҳисобвараққа ўтказилганидан сўнг амалга оширилади.

Шунингдек, Йўриқнома вояга етмаган шахс номига депозит ёки металл ҳисобварақ очиш шартларини белгиловчи бандлар билан тўлдирилмоқда:

1) агар вояга етмаган 14 ёшга тўлмаган бўлса, депозит очиш тўғрисидаги ариза ота-онадан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс (қонуний вакил) томонидан банкка қуйидагилар илова қилинган ҳолда берилади:

– вояга етмаган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг) асл нусхаси ёки унинг ЯИДХП ёки «Ижтимоий карта» мобиль иловаси орқали расмийлаштирилган электрон шакли. Агар ушбу ҳужжатда вояга етмаган шахснинг ЖШШИР тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлмаса, ЖШШИР тўғрисидаги ахборот ҳам тақдим этилади;

– ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси (биометрик паспорт, шахсни тасдиқловчи гувоҳнома ёки янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси) ёхуд унинг ЯИДХП ёки «Ижтимоий карта» мобиль иловаси орқали расмийлаштирилган электрон шакли;

2) 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар бундай ҳисобварақларни мустақил равишда очишга ҳақли. Бундай ҳолда улар ҳисобварақ очиш тўғрисидаги аризани ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асл ёки электрон шаклини (мижозларни рақамли идентификация қилиш ҳоллари бундан мустасно) банкка шахсан тақдим этадилар.

Вояга етмаган шахсларнинг банк ҳисобварағи шартномасида банк томонидан ота-онадан бирини ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни (қонуний вакилини) рўйхатдан ўтказиш назарда тутилиши керак.

 

Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди. Улар қуйидагиларга қаратилган:

– ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятларга қарши курашни кучайтириш,

– банк соҳасида рақамли технологияларни жорий этишни жадаллаштириш.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text211845_uzbekistonda_bank_hisobvaraqlarini_ochish_masalalarida_nimalar_uzgardi