Нима учун ижара тўловининг энг кам ставкаларининг кечикиши ҚҚС тўловчиларига зарар келтиради

preview

Давлат мулкини ижарага оладиган ҚҚС тўловчилари жуда кўнгилсиз муаммога дуч келишди: Давлат мулкини ижарага бериш маркази 2023 йил учун шартнома тузишни рад этмоқда, сабаби ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳали тасдиқланмаган. Ijara.soliq.uz да рўйхатдан ўтказилган ижара шартномасининг мавжуд эмаслиги эса ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг тўхтатиб турилишига олиб келади. 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

– ҚҚС тўловчиларига қатъий талаблар қўйилаётган шароитларда давлат органларининг фаолияти шунга ўхшаш вазиятларга олиб келмаслиги лозим.

Қоидага кўра, ижара шартномалари жорий йилнинг 1 январидан 31 декабригача бўлган муддатга тузилади. Ва янги муддатга шартнома тузишда ҳар йили айни бир муаммо юзага келади: энг кам ижара ставкалари тасдиқланмагунча январда тадбиркорлар рад жавобини оладилар.

1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқдан умумбелгиланган солиқларга ўтганлар янада мураккаб вазиятда қолишди. Улар ҳали янги қоидалар бўйича қандай ишлашни тушуниб олишга улгуришмаган, бу ерда эса уларга деярли гувоҳномани дарҳол тўхтатиб туришибди.

Давлат мулкини ижарага бериш марказлари ходимлари шартномани расмийлаштиришга рози бўлишмаяпти, улар буни шартноманинг энг кам ставкаларсиз имзоланиши бюджетга зарар келтириши мумкинлиги билан асослашмоқда. Бунда тадбиркорларни – шартномалар мавжуд эмаслиги туфайли уларда ҚҚС билан муаммолар бўлиши мумкинлиги юзасидан сўзларини ҳеч ким эшитмаяпти. Ҳамма масъулиятни бошқанинг зиммасига юклайди.

 

Муаммони қандай ҳал қилиш керак

2 та вариант мавжуд:

1) 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон ВМҚга мувофиқ давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари Давлат рақобат қўмитаси томонидан тақдим этилган ҳамда Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ижаранинг энг кам ставкаларини ҳисоблаб чиқиш асосида ҳар йили 31 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқлананиши керак.

Агар ушбу муддатлар кўп йиллар давомида барқарор бузилаётган бўлса, афтидан, бунинг ўз сабаблари бор. Демак, ушбу муддатларни қайта кўриб чиқиш лозим;

2) эҳтимол, давлат мулкини ижарага бериш шартномаларини қайта кўриб чиқиш ва уларни ҳозиргидек 1 январдан эмас, балки, масалан, энг кам ставкалар тасдиқланган пайтдан эътиборан бир ой муддатда – янги энг кам ижара ставкалари тасдиқлангунга қадар тузиш лозим.

Ҳозирча эса ижарага олувчилар имкониятга қараб, бу вазиятдан ўзлари чиқишларига тўғри келади.

Шуни қайд этаманки, шу йилдан бошлаб, Солиқ кодексига 266-1-модда киритилиши билан  вазият яхши томонга ўзгарди. Унда:

  • “Гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги муносабати билан ҳисобга олиш учун қабул қилинмаган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммаси гувоҳноманинг амал қилиши қайта тикланган тақдирда, гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилган санадан эътиборан солиқ тўловчида ва унинг харидорларида ҳисобга олинади (тузатилади)”.

Демак, тадбиркор кечикиб бўлса-да, барибир ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлигини билган ҳолда, ишлашда давом этиши мумкин.

Лекин ҳамма нарса ўз вақтида қадрли! Нима учун тадбиркор ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланиш учун ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тикланишини кутиши керак? Ахир бу ерда унинг айби йўқ, у олдиндан ижара шартномасини тузишга тайёр бўлган, лекин у энг кам ставкаларнинг тасдиқланишига таъсир кўрсатолмайди.

“Бошқа жой қидиринг”, деган жавоб ҳам ўринли эмас.

Мазкур вазиятда давлат органлари тадбиркорликнинг ривожланиши учун мақбул шарт-шароитлар яратилаётганлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу масалага ўз ёндашувларини қайта кўриб чиқишлари лозим.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text187206_nima_uchun_ijara_tulovining_eng_kam_stavkalarining_kechikishi_qqs_tulovchilariga_zarar_keltiradi