Фарзанд туғилганда ходим қандай суюнчилар олиши мумкин

preview

Давлат ажратиладиган бир марталик нафақадан ташқари, суюнчини кўпинча иш берувчи ҳам тўлайди. Иккала тўлов қандай асосларда ҳисоблаб чиқарилади? Бу ҳақда батафсил - buxgalter.uz шарҳида.

1.  Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан суюнчи.

Давлатдан нафақа тўлаш тартибини Фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақани тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тартибга солади. Ушбу тартибга асосан ариза берувчидан ҳаммаси бўлиб иккита қадам талаб қилинади:

1) шахсан бориб Давлат хизматлари маркази орқали ёки my.gov.uz портали (жисмоний шахснинг ЭРИ талаб этилади) орқали сўровномани тўлдириш ва ариза бериш. Ота-онадан ҳар бири ариза берувчи бўлиши мумкин. Ҳужжатлар - паспорт ва фарзанд туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;

2) тайинланган нафақани Халқ банки филиалидан олиш. Бунда шуни ҳисобга олингки, тўлов қайдномалари ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5 кунигача шакллантирилади (Маъмурий регламентнинг 13-банди). Амалиётнинг кўрсатишича, банк ходимлари нафақани олишга ариза берилгандан кейин бир ой ўтгач келишни сўрашади.

Фарзанд туғилганда бериладиган бир йўла нафақанинг миқдори - МҲЭКМнинг 70,3%и. 2021 йил 1 февралдан бошлаб нафақа миқдори 525 352 сўмни (747 300  х 70,3%)  ташкил этади. СКнинг 369-моддаси 1-қисми 7-бандига асосан суюнчи жисмоний шахснинг жами даромадига киритилмайди.

Нафақани олиш учун Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали фарзанд туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида  мурожаат қилиш мумкин. Хизмат бепул тақдим этилади.


2. Иш берувчидан суюнчи

Корхона ҳам оиласида фарзанд туғилган ходима ёки ходимга моддий ёрдам ажратиши мумкин. Бунда ёрдамнинг миқдори чекланмаган ва корхонанинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бироқ иш берувчидан моддий ёрдам 4,22 МҲЭКМдан ошмаган тақдирда ходим ЖШДС тўлашдан озод этилишини инобатга олиш лозим. 2021 йил 1 февралдан бошлаб фарзанд туғилганда бериладиган моддий ёрдамнинг имтиёзли суммаси 3 153 606 сўмни (4,22 х 747 300) ташкил этади .

Эътибор беринг!
У ёки бошқа ҳисоб-китобларда қандай БҲМ ва МҲЭКМни қўллаш ҳақида бу ерда ўқинг. ЖШДС солиш объекти ва унинг солиқ базасини қандай аниқлашни - “Норма” ва Молия вазирлиги экспертларининг тавсияларида кўринг.


Саида ЖОНИЗОҚОВА

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ul/publish/doc/text167101_farzand_tugilganda_hodim_qanday_suyunchilar_olishi_mumkin