Полезное для бухгалтера в декабре:
Аудиторлик текшируви учун электрон ҳужжатларни қоғозга чиқариш лозимми
Мажбурий аудиторлик текширувлари ўтказиш вақти ҳам келди. 2022 йилда ЎРҚ-677-сон Қонун доирасида кўпчилик ташкилотлар биринчи марта текширувдан ўтадилар. Вuxgalter.uz илтимосига биноан электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатларни аудиторлик текширувига қандай тайёрлаш кераклигини «TRI-S-AUDIT» аудиторлик компанияси директори Светлана ГОЛОСОВА гапириб берди. Кўпчилик уларнинг қоғозга чиқарилишини хоҳлайди.
– Барча электрон ҳужжатларни қоғозга чиқариш шарт эмас! «Электрон ҳужжатлар айланиши тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ қўйилган талабларга риоя этилган ҳолда тузилган ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳужжат қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил кучга эга деб эътироф этилади.
Солиқ тўловчидан аудиторга электрон ҳужжатлар реестри ҳамда электрон ҳужжатлардан фойдаланиш имконияти яратиб берилиши талаб этилади. Аудитор уларни компьютер экранидан ўқийди – бу нормал ҳолат. Қоғозда тузилган реестрлар ва қоғоз шаклидаги ҳужжатларни борича аудиторга тақдим этинг.
Бир-иккита ҳужжатни қулай бўлиши учун қоғозга чиқариш зарур бўлса, буни текширув жараёнида амалга ошириш мумкин.
Қонунчиликда шаклига нисбатан қатъий талаблар белгиланмаган ҳужжатларни қандай тузишни кўпчилик билмайди. Масалан, ҳозир кўп ташкилотларда шартномаларнинг бир қисми қоғозда, бир қисми эса электрон шаклда тузилган. Аудиторлик текширувига тайёрланаётган бухгалтерлар қоғозга чиқарилган шартномаларни электрон шаклда тузилганлари билан солиштириб етишмаётган шартномаларни қоғозга чиқариб қўшиб қўйишга ҳаракат қиладилар. Бундай қилиш шарт эмас.
Барча электрон ҳужжатларнинг қоғозга чиқарилиши ҳеч қандай фойда бермайди. Таҳлил қилишда барибир ҳужжатнинг электрон асл нусхалари инобатга олинади.
Бугунги кунда аудиторлар қоғоз ва электрон шаклдаги ҳужжатлар билан ишлайдилар. Электрон ҳужжатлар айланиши тизимларида хатоликлар ва номувофиқликларни аниқлаш жараёни автоматлаштирилган, бундай хатоларни қоғоз шаклидаги ҳужжатларда кўрмасдан ўтказиб юбориш ҳам мумкин. Пировард натижада бундай усул аудиторлик хулосалари сифатини оширишга хизмат қилади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.