Полезное для бухгалтера в декабре:
Корхона ходимларни тушлик билан таъминласа, қандай солиқларни тўлаши керак
Ходимларнинг содиқлигини оширишни истовчи корхонада кўпинча иш вақтида уларни озиқ-овқат билан таъминлашади. Бунда корхона ва ходимлар учун қандай солиқ оқибатлари юзага келади.
Buxgalter.uz илтимосига биноан масалани Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Фискал сиёсат департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА ва солиқ маслаҳатчиси, “Finatex” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Ирина ПОДОЛЬСКАЯ тушунтиришди.
Ходимларни овқатлантиришни ташкил этиш усуллари
Иш берувчи қуйидаги усуллардан бири орқали иш вақтида ходимларнинг овқатланишини таъминлаши мумкин:
- озиқ-овқат қийматини унинг иш ҳақида компенсация ёки маошни ошириш тарзида ҳисобга олиш;
- ўзининг овқатланиш бўлинмасини ташкил этган ҳолда ёки ўзга ташкилот билан шартнома бўйича ходимларни тайёр таомлар билан таъминлаш.
Ходимлар учун озиқ-овқатни қандай қилиб ҳужжат билан расмийлаштириш керак
Ходимларни овқатлантириш харажатлари уларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши мақсадида ҳужжатлар билан расмийлаштирилган бўлиши керак . Ушбу харажатларни корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутинг: меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, жамоа шартномаси ёки ходимлар билан меҳнат шартномаларида.
Ходимларни овқатлантириш харажатларини ҳисобга олиш тартибини корхонанинг солиқ ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.
Ходимларни овқатлантириш қийматига қандай солиқлар солинади
Ходимларни овқатлантириш қиймати ёки унинг қийматини қоплаш – бу жисмоний шахснинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромади, яъни унинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг бир қисми, шу боис:
- ходим учун бепул ҳисобланмайди;
- иш берувчи учун мол-мулкни (ёки хизматларни) текин бериш ҳисобланмайди;
- бу иш ҳақининг ҳар қандай бошқа тури каби иш берувчининг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажати.
ЖШДС ва ижтимоий солиқ
Ходимларни овқатлантириш қиймати ёки унинг қийматини қоплашга ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинади .
Иш берувчи озиқ-овқат билан қандай тарзда: пул ёки тайёр таомлар билан таъминлашидан қатъи назар – ушбу харажатлар бир хил иқтисодий мазмунга ҳамда иш берувчи ва ходим учун айни бир солиқ оқибатларига эга.
ҚҚС
Агар озиқ-овқат қиймати компенсация ёки маошни ошириш тарзида пул маблағлари билан сўндирилса, ҚҚС солинадиган айланма юзага келмайди.
Ходимларни ўз ошхонасида озиқ-овқат билан таъминлаш – бу ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма . Тайёр таомларнинг қиймати:
- ҚҚС билан – ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинади;
- ҚҚСсиз – хизмат кўрсатувчи хўжалик (корхона ошхонаси)нинг даромади ҳисобланади. Хизмат кўрсатувчи хўжаликнинг даромади товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган маблағларнинг суммаси билан унинг фаолиятига боғлиқ харажатларнинг суммаси ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади .
Ошхона маҳсулотларини тайёрлаш учун товарларни (хизматларни) сотиб олишда тўланган ҚҚС ҳисобга олинади. Ҳисобланган ва ҳисобга олинган ҚҚС ўртасидаги фарқ бюджетга тўланади.
Агар овқатлантиришни ташкил этиш учун умумий овқатланиш корхонаси жалб қилинса, ҚҚС бўйича солиқ оқибатларини аниқлаш чоғида СКнинг 239-моддаси 4-қисми 6-бандига амал қилинг. Норманинг моҳияти: корхона томонидан мол-мулкнинг (хизматларнинг) ходимларга шахсий мақсадларда фойдаланиш учун берилиши, агар уни (уларни) сотиб олишда ҚҚС ҳисобга олинмаган бўлса, реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди.
Яъни, агар корхона:
- сотиб олинган озиқ-овқат бўйича ҚҚСни ҳисобга олган бўлса, шу суммада ҚҚС ҳисоблайди. Натижада бюджетга тўланадиган ҚҚС нолга тенг бўлади;
- сотиб олинган озиқ-овқат бўйича ҚҚСни ҳисобга олмаган бўлса, солиқни ҳисоблаш керак эмас. Бюджетга тўланадиган ҚҚС ҳам нолга тенг бўлади. Бунда умумий овқатланиш корхонаси айланмадан олинадиган солиқ тўловчи сифатида ҚҚС билан ёки ҚҚСсиз ҳисобварақ-фактура тақдим этганлиги муҳим эмас.
Корхона томонидан ҳисобга олинмаган кирувчи ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС суммаси ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этишда ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илованинг 1-жадвали 9-устунида акс эттирилиши керак.
Ходимларни овқатлантиришни ташкил этиш тўғрисида янада кўпроқ ахборотни қуйидаги тавсияларда ўқинг: