Тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотларини экспорт қилувчиларга шартномаларни минимал нархлар бўйича тузишга кўрсатма берилди

preview

2024 йил 15 майдан бошлаб тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари учун минимал экспорт нархлари жорий этилди (11.05.2024 й. 274-сон ВМҚ). Нархлар шартномалар қийматини мониторинг қилиш орқали назорат қилинади.

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Тасдиқланган минимал экспорт нархлари ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ва ССП, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат” ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмалари расмий сайтларига киритилади. Ушбу нархлар эълон қилинган кундан эътиборан 2 иш куни ўтгач бажариш учун мажбурий бўлади.

Нархлар ҳар ойда бозордаги вазиятни таҳлил қилиш асосида белгиланади ва зарур ҳолларда тузатиш киритилиши мумкин.

ССП божхона органларининг ахборот тизимида нархлар бўйича маълумотлар янгилаб борилиши учун жавобгар бўлади.

 

Нархни пасайтириш ҳолати аниқланган бўлса, нима бўлади

Божхона органи рўйхат бўйича маҳсулотларнинг минимал экспорт нархларидан пасайтирилган нархда экспорт қилинганлигини аниқлаганда, бу ҳақдаги маълумотларни Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тақдим этади. Сўнгра улар қонунчиликка мувофиқ чоралар кўради.  

Тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари экспортига доир ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилиниши устидан назорат ушбу маҳсулотларнинг минимал экспорт нархларидан паст бўлмаган нархлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Эксперт шарҳи

Солиқ маслаҳатчиси, “Tax Consensus” СМТ директори Иродахон АББОСХОНОВА:

Ўйлайманки, гап солиқ органлари ва (ёки) Департамент рўйхатга киритилган маҳсулотларнинг минимал экспорт нархларидан пасайтирилган нархда экспорт қилинганлиги сабабини ўрганиши ва даромадларни яшириш ҳолати аниқланган тақдирда солиқ тўловчига тегишли чораларни қўллаши қераклиги ҳақида бормоқда. Молиявий санкция қўлланилган ҳолда қўшимча солиқ суммаси ҳисобланади, шунингдек ташқи савдо операцияларида валютани назорат қилишга доир қонунчиликни бузганлик – активларнинг репатриация қилинишини таъминламаганлик учун жарима қўлланилади .

 

Бундан ташқари, минимал экспорт нархларидан пасайтирилган нархда экспорт қилинган маҳсулотлар ҳажмига нисбатан фойда солиғи бўйича имтиёзларни бекор қилиш тўғрисида қонунчилик меъёрларини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Эксперт шарҳи

Солиқ маслаҳатчиси, Tax Consensus” СМТ директори Иродахон АББОСХОНОВА:

Айнан қандай имтиёзлар бекор қилинишини қонунчиликка киритиладиган бўлғуси ўзгартиришлар кўрсатади. Ҳозирги вақтда биз фақат тахмин қилишимиз мумкин.

Эҳтимол, СКнинг 483-моддасида келтириб ўтилган вақтинчалик имтиёзлар кўзда тутилаётгандир. Хусусан, чарм-пойабзал маҳсулотларини кўриб чиқсак, ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2023–2026 йиллар даврида ушбу фаолият тури бўйича фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилади, башарти ушбу фаолият туридан олинган даромадларнинг улуши солиқ даври якунлари бўйича умумий жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса.

Бинобарин, агар ушбу маҳсулот минимал экспорт нархларидан пасайтирилган нархда экспорт қилинган бўлса, корхона экспорт қилинадиган маҳсулот ҳажмига нисбатан фойда солиғи бўйича имтиёзни йўқотади. Мазкур ҳолда гап кўпроқ мазкур маҳсулотлардан олинган даромадларнинг умумий жами даромаддаги улушини ҳисоблаб чиқаришда у минимал нархлардан пасайтирилган нархда экспорт қилинган маҳсулот ҳисобга олинмаган ҳолда аниқланиши ҳақида бормоқда, сабаби имтиёз умуман корхона бўйича берилади.

Бевосита СКда тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари бўйича вақтинчалик имтиёзлар мавжуд эмас.

Электротехника маҳсулотлари бўйича Президентнинг 10.01.2024 йилдаги ПҚ-15-сон қарори билан солиқ ставкасини 2 баравар пасайтириш тарзида фойда солиғи бўйича имтиёз берилган. Имтиёзни қўллаш шарти – электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори ҳисобот даври якунлари бўйича умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Ўйлайманки, мазкур ҳолатда ушбу маҳсулотдан олинган даромадларнинг умумий жами даромаддаги улуши ҳам минимал нархлардан пасайтирилган нархда экспорт қилинган маҳсулот ҳисобга олинмаган ҳолда аниқланиши кўзда тутилмоқда, сабаби имтиёз умуман корхона бўйича берилади.

Эркин иқтисодий зоналар учун фойда солиғи бўйича имтиёзлар мавжуд. Фойда солиғи бўйича бундай имтиёзларнинг бекор қилиниши қандай режалаштирилаётганлигини тасаввур қилиш мушкул.

Товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойда ва ўзи ишлаб чиқарган ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда бўйича 0 фоиз миқдорида фойда солиғи бўйича солиқ ставкалари “солиқ имтиёзлари” ҳисобланади деган фикр мавжуд. Катта эҳтимол билан тахмин қилишим мумкинки, 11.05.2024 йилдаги янги 274-сон ВМҚда айнан ушбу “имтиёзлар”нинг йўқотилиши ҳақида сўз бормоқда. 274-сон ВМҚда фойда солиғи бўйича имтиёзларнинг минимал экспорт нархларидан пасайтирилган нархда экспорт қилинган маҳсулот ҳажмига нисбатан бекор қилиниши назарда тутилмоқда. Яъни, агар 1-туркум минимал экспорт нархларига тенг ёки ундан юқори нархда экспорт қилинган, 2-туркум эса минимал нархлардан пасайтирилган нархда экспорт қилинган бўлса, 0 фоиз миқдорида солиқ ставкасини қўллаш мақсадида 2-туркум бўйича бундай ставка қўлланмаслиги керак.

 

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 майдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотлари учун минимал экспорт нархлари амал қилмоқда.

 

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ul/publish/doc/text199868_tuqimachilik_charm-poyabzal_va_elektrotehnika_mahsulotlarini_eksport_qiluvchilarga_shartnomalarni_minimal_narhlar_buyicha_tuzishga_kursatma_berildi