Ижарага олинган ер участкасига қандай солиқлар солинади

preview

«Кўп қаватли уй-жой қуриш учун ташкилот онлайн-аукцион орқали ер участкасини ижарага олди. Аукцион баённомасида ер участкаси ижарага берилиши кўрсатилган, бунда уни реализация қилиш қиймати кўрсатилган.

Мазкур баённома асосида шаҳар ҳокимлиги билан 5 йил муддатга ер участкаси ижара шартномаси тузилган. Шартномага кўра, ер участкаси учун ижара ҳақи ер солиғига тенглаштирилади ва қонун ҳужжатларида ер солиғи тўловчилар учун белгиланган тартибда ижарага олувчи томонидан бюджетга тўланади. Бунда онлайн-аукцион баённомасида ҳам, ижара шартномасида ҳам ижара тўловининг миқдори кўрсатилмаган, шунингдек, ундан ҚҚС тўлаш ҳақида айтиб ўтилмаган.

Кўп қаватли уй-жой қуриш учун ташкилот томонидан онлайн-аукцион орқали ижарага олинган ер участкаси учун ижара тўлови миқдорини аниқлаш ва тўлаш тартиби қандай? Ижара тўловига ҚҚС солинадими ва ким солиқ тўловчи ҳисобланади?».

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:

 

Муҳим тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Туман (шаҳар) ҳокими билан тузилган ер участкасининг ижара шартномаси асосида берилган ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади.

Ер участкаларини ижарага олган юридик шахсларга ер солиғи тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкалари, солиқ имтиёзлари, солиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби татбиқ этилади .

Ташкилот томонидан тузилган ижара шартномасида ер участкаси учун ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилиши ва ижарага олувчи томонидан қонун ҳужжатларида ер солиғи тўловчилар учун белгиланган тартибда бюджетга тўланиши ҳам кўрсатилган.

Шу тариқа, мазкур ҳолатда кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер участкасини ижарага олган ташкилот ер солиғи тўловчиларга тенглаштирилади. У ер солиғини ер участкасининг умумий майдони ва СКнинг 429-моддасида белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда, ер участкасига ижара ҳуқуқи юзага келганидан кейинги ойдан бошлаб ҳисоблаб чиқаради .

Кейинчалик компания солиқни ҳар бир солиқ даврининг (календарь йилнинг) 1 январь ҳолатига кўра ҳисоблаб чиқаради. Солиқ ҳисоботини – ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органига жорий солиқ даврининг 20 январидан кечиктирмай тақдим этади .

Ер солиғини қуйидагилар тўлайди :

  • айланмадан солиқ тўловчилар – йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида, ҳар чорак учинчи ойининг 20-санасидан кечиктирмай;
  • айланмадан солиқ тўловчи бўлмаган солиқ тўловчилар – йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида, ҳар ойнинг 10-санасидан кечиктирмай (январь учун – 20 январдан кечиктирмай).

Солиқ даври давомида солиқ тўлашнинг белгиланган муддатидан кейин мажбуриятлар юзага келганда, солиқни мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай тўланг .

Мазкур ҳолатда ҚҚС тўланмайди.

 

Ҳисоботни топшириш керакми ёки йўқми? Buxgalter.uzдан қўшимча тушунтириш

Материал эълон қилингандан сўнг, биз ушбу меъёрни қўшимча тушунтиришни сўраб, ўқувчидан изоҳ олдик:

“Менга жавоб нотўғри кўринмоқда. Илтимос, яна бир марта аниқлаштиринг. Агар ҳокимлик билан ижара шартномаси мавжуд бўлса, ижарага олувчи ижара ҳақини ҲФ бўйича ҳокимликка (ёки дирекцияга) тўлайди. Ижара солиққа тенглаштирилганлиги сабабли, ижарага олувчи солиқ ҳисоботини топшириши керак эмас. Акс ҳолда у солиқни ҳам, ижара ҳақини ҳам тўлайди. Мен нима учун ишонч билан айтяпман, менинг тажрибамда бўлган. Аввалги бухгалтер ҳокимликка ижара ҳақини тўлаган, шунингдек, ер солиғи бўйича ҳисобот топшириб, солиқни ҳисоблаган. Келганимдан кейин мен ер солиғи бўйича ҳисоботни бекор қилдим ва Солиқ қўмитасига бир талай далилларни тақдим этдим. Ахир улар камайтирувчи қайта ҳисоб-китобни шунчаки қабул қилишмайди-ку”.

 

“Норма” юристи Улуғбек АЮБОВ тушунтириш берди:

– “СКнинг 16-моддаси 1-исмига асосан солиқ деганда ушбу Кодексда белгиланган, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ёки давлат мақсадли жамғармасига (кейинги ўринларда – бюджет тизими) тўланадиган мажбурий беғараз тўлов тушунилади.

СКнинг 424-моддаси 2-қисмига мувофиқ туман (шаҳар) ҳокими билан тузилган ер участкасининг ижара шартномаси асосида берилган ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади. Ер участкаларини ижарага олган юридик шахсларга юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкалари, солиқ имтиёзлари, солиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби татбиқ этилади.

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган бўш ер участкасининг намунавий ижара шартномасининг 2.2-бандига асосан Ер кодексининг 28-моддаси асосида ер учун ҳақ ҳар йили тўланадиган ер солиғи шаклида олинади, унинг миқдори ер участкасининг сифатига, жойлашишига ва сув билан таъминланиш даражасига қараб белгиланади.

Ер участкалари ижарага берилганда ер учун ҳақ ижара ҳақи шаклида олинади. Ижара ҳақи ер солиғига тенглаштирилади. Ер участкаларини ижарага олган шахслар ер учун ижара ҳақини ер солиғи тўловчилар учун белгиланган тартибга мувофиқ бюджетга тўлайди”.

 

Юқорида кўриб чиқилган солиқ идораси вакили ва “Норма” юристи томонидан берилган ушбу иккита жавобда – солиқ ҳисоботини топшириш заруриятига нисбатан позициялар мос келади.

 

 

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ul/publish/doc/text201160_ijaraga_olingan_er_uchastkasiga_qanday_soliqlar_solinadi