Ўз мақомингизни текширинг: Ўзбекистондан четга чиқишга чекловларингиз йўқми

preview

Ўзбекистондан чиқишга вақтинчалик чекловларингиз йўқми? Ҳатто сизда бундай нарса йўқ ва бўлиши мумкин эмас деб ишонсангиз ҳам, буни текшириб кўриш керак. Жисмоний шахснинг чиқишига чеклов қўйилишига турли сабаблар, шу жумладан солиқ хизматининг хатолари ва нотўғри ишлаши сабаб бўлиши мумкин.

Ёқимсиз хабар сизни кутилмаганда ҳавотирга солмаслиги учун нима қилиш кераклигини buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтириб берди:

Экспертнинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқларни ўз вақтида тўламаслик чиқишга чеклов қўйилишига сабаб бўлиши мумкин. Амалиёт шуни кўрсатадики, бу ҳар доим ҳам сиз бирор нарсани ўтказиб юборганингиз, қаердадир солиқни нотўғри ҳисоблаганингиз ва керагидан камроқ тўлаганингиз туфайли юзага келган қарздорлик бўлавермайди. Бунга солиқ органларининг нотўғри ишлаши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, солиқ органлари дастурининг созламалари туфайли сизни хато равишда қарздор деб ҳисоблашади. Ёки солиқ инспекцияси ходимлари хатога йўл қўйишган.

Бу муаммо ҳар кимда юзага келиши мумкин, чунки биз ҳаммамиз солиқ тўловчилармиз. Лекин бу айниқса тадбиркорлик субъектлари, ННТ ёки Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий компаниялар ваколатхоналарининг раҳбарлари ва таъсисчилари учун долзарбдир, чунки уларнинг "чиқиш мақоми"га нафақат уларнинг солиқ тўлашдаги шахсий интизоми, балки улар раҳбарлик қилаётган ёки эгаси бўлган корхонани солиққа тортиш масалалари ҳам таъсир қилади.

Ўз амалиётимдан иккита воқеани айтиб бераман.

1. Нотижорат ташкилотлари Солиқ кодексига мувофиқ фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботини йилда бир марта топширадилар. Солиқ тўловчига ҳар чоракда ҳисобот топширмагани учун мунтазам равишда жарималар келиб турибди. Солиқ тўловчининг вакили Солиқ қўмитаси раҳбари ҳузурига борди, гўё масала ҳал бўлгандек эди. Яқинда яна маъмурий жарима келди. Солиқ қўмитасига қўнғироқ қилиш натижасида улар ўз тизимларида нотўғри мақом қўйишгани маълум бўлди...

Кейин эса мана бундай ҳолат юз беради: солиқ тўловчи солиқчиларга ҳужжатларни юборади, солиқчилар ҳаммасини тўғрилайдилар. Солиқ тўловчи дарҳол ДСБга уларнинг тизимида хато бўлгани сабабли жаримани бекор қилиш илтимоси билан хат юборади. Ва ажойиб жавоб олади: "қарор чиқарилган пайтда сизнинг мақомингиз шундай эди, шунинг учун жаримани тўланг"...

2. Бошқа ҳолатда фаолиятини тўхтатган хорижий корхона ваколатхонасининг собиқ раҳбари солиқ ҳисоботини тақдим этмагани учун мунтазам равишда жарима олиб туради. Биз бу ҳақда бу ерда ёзган эдик.

Бу вазиятдаги энг бемаъни нарса шуки, солиқ тўловчи барча ҳужжатларни ТИВга ва солиқ ҳисобидан чиқариш тўғрисидаги хатни ўз вақтида топширган, бундан ташқари топширилган ариза ҳақида эслатма билан бир неча бор хат юборган. Фақат солиқчилар ўз ишларини ҳеч қила олмаяптилар - мавжуд бўлмаган ваколатхонани текшириб, ҳисобдан чиқариш ёки солиқ тўлаш бўйича асосланган даъволар қўйишни тўхтатмаяптилар. Натижада, ишбилармонлик учрашувига зудлик билан етиб бориш жуда зарур бўлганида, учишдан беш дақиқа олдин у ўзининг қарздор сифатида чиқишига тақиқ қўйилганини билиб қолади.

Бундай вазиятларнинг тушунтириб бўлмас парадоксаллиги шундаки, ҳамма тушунади ва ҳамма рози бўладики, бу ҳолда хато - солиқ органлари томонида. Фақат негадир уни тузатишни ҳеч ким узоқ вақт давомида амалга ошира олмайди ёки хоҳламайди.

Солиқчилар масалага масъулиятсиз ёндашадилар. Уни ҳал қилиш учун қатъиятли бўлиш, солиқ органларига бир неча марта ташриф буюриш ва доимо ўз ҳақлигингизни исботлаш керак. Ёки масалани суд орқали ҳал қилиш керак, бу ҳам тез бўлмайди.

Масалани тез ҳал қилишнинг ягона усули - сизга ҳисоблаган нарсани тўлашдир. Лекин бу сизга кейин бу пулларни тез қайтаришади дегани эмас. Яна анча югуришга тўғри келади. Бу айниқса суммалар кичик бўлмаганда долзарбдир.

Биз бу шароитда яшашга мажбур бўлганимиз учун, сабабсиз ўз мақомингиз билан қизиқишни тавсия қиламан. Мажбурий ижро бюроси сайтининг «Хизматлар» бўлимидаги «Чиқишга чеклов» интерактив хизмати ёрдамида вақти-вақти билан ўз мақомингизни текширишни одат қилинг. Ва агар у ерда бирор нарса топсангиз, муаммони ҳал қилишни кейинга қолдирманг.

Бу рўйхатга тушиш аломатлари солиқ органларининг қарздорликни тўлаш зарурлиги тўғрисидаги хабарномалари бўлиши мумкин. Улар ҳатто қарздорлик солиқ органининг ўз хатоси туфайли пайдо бўлганда ҳам келади. Бундай хабарномаларга жавоб бериш, солиқчиларда сизга нисбатан барча саволлар ёпилишига эришиш керак. Оғзаки эмас, айнан уларнинг ахборот тизимларида.

Ўз навбатида, солиқ органларига ҳам илтимос бор. Ҳаммамиз одаммиз, ҳаммамиз хато қиламиз... Лекин давлат органининг хато қилишга ҳаққи йўқ!

Ишни шундай ташкил қилинг: агар солиқ тўловчи сизга ўз ҳақлигининг барча далилларини тақдим этган бўлса ва сиз улар билан рози бўлсангиз, ўз тизимларингизни шундай созлангки, солиқ тўловчини бу масалалар бўйича бошқа безовта қилманг. Ёки илгари аниқланган масалалар бўйича даъволарни тез бартараф этишга ёрдам берадиган тизим яратинг.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ul/publish/doc/text202231_uz_maqomingizni_tekshiring_uzbekistondan_chetga_chiqishga_cheklovlaringiz_yuqmi