Солиқ солиш тизимини аниқлаш мақсадида янги хўжалик юритувчи субъект тушумни қандай ҳисоблаб чиқаради

preview

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлган корхона 2022 йилда очилди. Тушум 1 млрд сўмдан ошган тақдирда у қайси санадан бошлаб ҚҚСга ўтиши лозимлигини buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Азиз ҲАШИМОВ тушунтирди:

 

– 2 та вазият бўлиши мумкин:

1. Агар янги ташкил этилган юридик шахсда ёки янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб календарь йил тугагунига қадар 365 га бўлинган ва рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сонига кўпайтирилганда 1 млрд сўмга тенг суммадан ошса, бундай хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади .

Мисол учун, корхона 01.10.2022 йилда рўйхатдан ўтказилган, импорт билан шуғулланмаган. 01.10.2022 йилдан 31.12.2022 йилга қадар даромад 300 млн сўмни ташкил этди.

Назорат суммасини ҳисоблаб чиқарамиз:

1 000 000 : 365 х (31+30+31) = 252,05 млн сўм,

бунда,

  • 31 – октябрда кунлар сони;
  • 30 – ноябрда кунлар сони;
  • 31 – декабрда кунлар сони.

Фаолият даври учун 300 млн сўм ҳақиқий даромад 252,05 млн сўм назорат суммасидан кўпроқ. Бинобарин, корхона 01.01.2023 йилдан фойда солиғи ва ҚҚС тўлашга ўтиши керак.

 

2. Солиқ даври давомида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган жами даромади 1 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчилар, шу жумладан янги ташкил этилган юридик шахслар ва янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар бундай ошиш рўй берган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади .

Корхона 01.04.2022 йилда рўйхатдан ўтказилган, импорт билан шуғулланмаган деб фараз қилайлик. 01.04.2022 йилдан бошлаб 31.08.2022 йилга қадар даромади 1 млрд 250 млн сўмни ташкил этди. 2022 йил августда 1 млрд сўм чегаравий миқдордан ошган.

Бу ҳолда корхона ҚҚС тўлашга ўтиш учун хабарнома берганлиги ёки бермаганлигидан қатъи назар, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб у ҚҚС ва фойда солиғини тўлаши шарт.

Эътибор беринг
ҚҚСга ўтиш тўғрисида хабарнома берилган, бироқ ҚҚС тўловчиси рўйхат рақами ҳали олинмаган ҳолларда ҳам ҚҚСни тўлаш зарур бўлади.