Таъсисчидан ТМЗ олган бўлсангиз

preview

“Умумий овқатланиш корхонаси - айланмадан олинадиган солиқ тўловчи. Қоида тариқасида, маҳсулотларни йирик супермаркетларда КПК орқали харид қиламиз. Бироқ баъзан истисно тариқасида, таъсисчи маҳсулотларни ўз пулларига харид қилади. Ушбу тушумларни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин? Бунда солиқ оқибатлари бўладими?”.

 

Саволга “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди:

 

– Ҳаммаси таъсисчи сизга маҳсулотларни (маҳсулот ишлаб чиқариш учун хом ашёни) қандай шартларда тақдим этганлигига боғлиқ. Бир нечта вариантлар мавжуд: қарз, текин ёки ҳатто УФга ҳисса сифатида, агар корхона яқинда ташкил этилган бўлиб, устав фонди ҳали охиригача шакллантирилмаган бўлса.

Барча учта вазиятни кўриб чиқамиз.

 

1. Маҳсулотларни қарз шартномасига асосан олдингиз

Агар сиз маҳсулотларни таъсисчидан қарз сифатида олсангиз, ФКнинг 732-моддасига амал қилинг.

Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Бу шуни англатадики, агар сиз маҳсулотларни қарзга олсангиз, у ҳолда қарз берувчига ўша хилдаги, сифатдаги ва суммадаги маҳсулотларни қайтариб беришингиз керак.

Бухгалтерия ўтказмалари:

1) маҳсулотларни олишда -

  • Дт 1010 “Хом ашё ва материаллар”;
  • Кт 6820 “Қисқа муддатли қарзлар”;

2) маҳсулотларни қайтаришда -

  • Дт 9220 “Бошқа активларнинг чиқиб кетиши”;
  • Кт 1010 Хом ашё ва материаллар”;
  • Дт 6820 “Қисқа муддатли қарзлар”;
  • Кт 9220 “Бошқа активларнинг чиқиб кетиши”.

 

2. Маҳсулотларни УФга бадал сифатида олдингиз

Агар корхонангиз бир йилдан кам фаолият кўрсатаётган ва сизда ҳали устав фонди тўлиқ шакллантирилмаган бўлса, мазкур операцияни таъсисчининг устав фондини шакллантириш бўйича қарзини сўндириш ҳисобига бадал сифатида расмийлаштиришни тавсия қиламиз.

Бухгалтерия ўтказмалари:

  • Дт 1010 “Хом ашё ва материаллар”; 
  • Кт 4610 “Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи”.

 

3. Маҳсулотларни текин асосда олдингиз

Агар сиз таъсисчидан маҳсулотларни текин асосда олсангиз (ҳадя шартномаси ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида), сизда текин олинган мол-мулк тарзидаги даромад юзага келади . Ушбу даромад мазкур мол-мулкнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланади.

Текин олинган мол-мулкнинг (олинган хизматнинг) бозор қиймати ҳужжат билан тасдиқланган бўлиши керак:

1) юклаб жўнатишга, етказиб беришга ёки топширишга доир ҳужжатлар;

2) маҳсулот етказиб берувчиларнинг нархга доир маълумотлари (прайс-варақлар);

3) ОАВдан олинган маълумотлар;

4) биржа хабарлари;

5) давлат статистика органларининг маълумотлари.

Маҳсулотлар қийматини жами даромадга киритинг ва ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича умумий жами даромадларидаги улуши устунлик қиладиган фаолият тури учун белгиланган солиқ ставкаси бўйича айланмадан олинадиган солиқ солинг .

Бухгалтерия ўтказмалари:

  • Дт 1010 “Хом ашё ва материаллар”; 
  • Кт 8530 “Текинга олинган мулк”. 

 

Солиқ ва молиявий ҳисобот

2021 йил учун Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби шаклида текин олинган мол-мулк қийматини Ҳисоб-китобга 1-илованинг 0404-сатрида акс эттиринг, Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида эса ушбу сумма автоматик тарзда акс эттирилади.

01.01.2022 йилдан амал қилаётган Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг янги шаклида ушбу сумма сизда ҳисоботда (Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0402-сатрида ва шу Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида) акс эттирилиши учун бир томонлама ЭҲФ шакллантиринг. Бу ерда батафсил ўқинг.

Бухгалтерия балансида (1-сонли шакл) “Текинга олинган мулк” 8530-бухгалтерия счётида ҳисобга олинадиган текин олинган мол-мулк 430-сатрда “Резерв капитали”да акс эттирилади.

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-сонли шакл) текин олинган мол-мулкни акс эттириш керак эмас”.