ТМҚни олувчидан паспорт нусхасини талаб қилиб олиш қонунийми?

preview

Сотувчи олди-сотди ёки етказиб бериш шартномалари бўйича товарни бераётганда харидордан муайян ҳужжатлар пакетини тақдим этишни талаб қилади. Бироқ, амалиётнинг кўрсатишича, «зарур» ва «етарли» пакет, сотувчининг фикрича, турли хил тушунчалардир. 

ТМҚни олувчидан паспорт нусхасини талаб қилиб олиш қонунийми, buxgalter.uz илтимосига кўра юридик масалалар бўйича «Норма» экспертлари Альберт САФИН ва адвокат Элеонора МАЗУРОВА шу ҳақда гапириб бердилар:


Иш муомаласими ёки нотўғри амалиёт?

– Сотувчи–корхона юридик шахсларга товарларни реализация қилиш чоғида қуйидагиларни сўраб олади: иккала тараф имзолаган шартнома, юридик шахс рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома, ТМҚни олишга ишончнома, номига ишончнома ёзиб берилган олувчининг паспорт нусхаси. Ушбу рўйхатда харидор тақдим этиши шарт бўлмаган ҳужжат мавжуд, сабаби биронта норматив ҳужжатда бундай талаб қайд этилмаган. Бунда ТМҚни олувчининг паспорт ксеронусхаси ҳақида сўз бормоқда.

Фирибгарлар бировларнинг паспорт маълумотларидан ғаразли ниятда фойдаланганликлари ҳақида кўп эшитган одамлар, жуда зарур бўлмаса, ўз паспорт ксеронусхаларини қолдиришдан хавфсирашлари табиий ҳол. Сўнгги пайтларда сотувчилар паспорт ксеронусхасини қолдиришни сўрамоқдалар, харидорлар эса бундан бош тортмоқдалар.

Сотувчи–корхона номига ишончнома ёзиб берилган мижознинг паспортидан нусха талаб қилиб олишга ёки олишга ҳақлими? Бу қайси норматив ҳужжатда назарда тутилган? Ушбу саволларга жавоб беришга уриниб кўрамиз.


Ишончли шахс паспорт нусхасини тақдим этишга мажбурми?

Ишончноманинг икки хил шакли (ёзма ва электрон) мавжуд, ташкилотлар улардан биттасини танлашлари мумкин. Иккала шаклда ишончли шахснинг паспорт серияси ва рақами назарда тутилган .

Қонун ҳужжатларида етказиб берувчининг ишончномада кўрсатилган ишончли шахснинг паспорт маълумотларини унинг паспорти билан солиштириш ва паспортни тақдим этмаган тақдирда ТМҚни беришдан бош тортиш ҳуқуқи назарда тутилган . Бухгалтерияга келиб тушадиган бирламчи ҳужжатлар шакли ва мазмуни бўйича мажбурий тартибда текширилишини биламиз .

Электрон ишончнома, ишончли шахснинг имзо намунаси қўйилишини истисно этганда, худди қоғоздагиси сингари шаклларга мувофиқ расмийлаштирилади . Шу боис ишончнома бўйича ТМҚни беришни рад этиш сабаблари электрон шаклга ҳам тааллуқли.

Қонун ҳужжатларида ишончли шахснинг паспортидан нусха олиш зарурлиги назарда тутилмаган. Бироқ товар берилаётган шахсдан паспорт нусхасини талаб қилиб олиш мақсадга мувофиқ саналади. Солиқ текширувида контрагент билан боғлиқ низоли вазиятлар юзага келган тақдирда ушбу нусха товар тўғри берилганини исботлайди.

Бирламчи ҳужжатларга ишончли шахснинг паспорт нусхаси тиркаб қўйилишини битим тарафлари ўртасида муайян давр давомида юзага келган иш муомаласи одатлари сирасига киритиш мумкин. Иш муомаласи одати қонун ҳужжатида акс эттирилганлиги ёки акс эттирилмаганлигидан қатъи назар қўлланилиши мумкин .

Бундай амалиёт қанчалик ўзини оқлайди, юристлар бу борада турлича фикр билдирадилар.

Баъзилари бу низоли вазиятлардан қочиш ва товар ишончли шахсга берилганининг ҳужжатли тасдиғига эга бўлиш имконини берадиган қарор топган амалиёт деб ҳисоблайдилар.

Шартнома лойиҳасини тайёрлаш босқичида ишончли шахс ўз паспорт нусхасини тақдим этган тақдирдагина унга ТМҚни бериш тўғрисидаги бандни киритишни тавсия этиш мумкин. Ёхуд – шартномага қўшимча келишув тузиш йўли билан тегишли бандни киритишни. Тарафларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркин эканлиги шартномага ушбу шартни киритиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин .

Бошқалари бундай талаб инсоннинг ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланишдек конституциявий ҳуқуқини бузади деган фикрдалар .

Шартномага бундай бандлар киритилса, у қонунга зид бўлган шартларни ўз ичига олган бўлади. Маълумки, шартноманинг бундай бандлари суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Шу сабабли товарни бераётган тараф ТМҚни олишга ишончномада кўрсатилган харидордан паспортнинг асл нусхасини талаб қилиб олиб, ундаги маълумотларни ишончномада кўрсатилган маълумотлар билан солиштириш, бироқ бунда паспортдан нусха олмаслик ҳуқуқига эга.

Диққат
Шахсга доир маълумотлар – муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот .

Қонунга кўра, шахсга доир маълумотлар – жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ҳар қандай ахборот бўлгани боис, бошқа инсонлар ҳақида маълумотлар оладиган ва улардан фойдаланадиган ҳар ким шахсга доир маълумотлар операторига айланади ва у ушбу маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун талабларига риоя этиши шарт. Инсон ҳақидаги ахборотга унинг розилигисиз ишлов бериш, уни сақлаш ва тарқатиш тақиқланади .

Бунда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуннинг амал қилиши жисмоний шахс томонидан шахсга доир маълумотларга шахсий, маиший мақсадларда ва ўз касбий ёки тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлов беришга нисбатан татбиқ этилмайди . Етказиб берувчидан товарни олиш эса тижорат фаолияти ҳисобланади, демак, мазкур Қонун таъсири остига тушади.


Паспорт маълумотларининг ошкор бўлиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин

  • Жисмоний шахс номига кредит ёки микрозаём расмийлаштиришлари мумкин. Фирибгарлар пулга эга бўладилар, қарзни қоплаш мажбурияти эса паспорт эгасининг зиммасига юклатилади. Бундай кредит юзасидан судда низолашиш мумкин, албатта, бироқ бу вақт ва асаб кетказганга арзирмикин. 
  • Бир кунлик фирма муассисига айланиш мумкин. МЧЖ, ХКни рўйхатдан ўтказиш ёки ХКни очиш учун паспорт маълумотларининг ўзи етарли. Пулларни ҳалоллаб олиш ва атайин ёки сохта банкротликни уюштириш учун бир кунлик фирмалардан фойдаланадилар, бунинг учун жавобгарлик муассис зиммасига юклатилади.
  • Ноқонуний молиявий операцияларни амалга ошириш учун ҳам паспорт маълумотларидан фойдаланишлари мумкин. Айрим тўлов тизимларида чекловларни олиб ташлаш учун паспортдаги фотосуратни кўрсатишнинг ўзи кифоя. Бу ҳолда паспорт эгаси ноқонуний савдо ёки терроризмни молиялаштириш ишлари иштирокчисига айланиш хавфи остида қолади.
  • Паспорт эгаси номига IMEI бўйича янги уяли алоқа телефонини рўйхатдан ўтказишлари, у эса бу ҳақда умуман билмаслиги мумкин.


Қандай қилиб ҳимояланиш мумкин

  • Паспорт маълумотларини фақат синашта одамлар ва компанияларга, ҳақиқатан ҳам паспорт зарур бўлган тақдирда тақдим этинг. Масалан, квартирани ижарага олиш шартномасини расмийлаштираётганда ёки банкдан кредит олаётганда усиз ишни битириб бўлмайди. Товарни ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилмаётган бўлсангиз ҳам, дўкондагилар паспорт нусхасини сўраётган бўлсалар, уларга рад жавоби берганингиз маъқул.
  • Паспортнинг барча саҳифаларидан нусха олишларига йўл қўйманг. Одатда биринчи саҳифаси ва прописка қайд этилган саҳифаси етарли бўлади.
  • Паспорт нусхасини тақдим этиш зарурлиги сизда шубҳа уйғотса, имкони бўлса, нусхасига у қайси фирма учун олинганини ёзиб қўйинг. Ёхуд қандайдир маълумотлар, масалан, имзоингизни ўчириб ташланг ёки устига чизиқ тортинг.

Бу борадаги шахсий фикрингиз қандай? Харидорларингиз ёки ишончли шахслардан паспорт нусхасини талаб қилиб оласизми? Талабга кўра ўз ҳужжатингиз нусхасини тақдим этасизми? Сизнингча, ушбу муаммони норматив тартибга солиш даражасида қандай ҳал қилиш мумкин?

Телеграм-каналдаги ушбу материалга шарҳда ўз таклифларингизни қолдиринг! Бунинг учун сиздан беҳад миннатдор бўламиз! 

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /uz/publish/doc/text163338_tmqni_oluvchidan_pasport_nushasini_talab_qilib_olish_qonuniymi