Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 28 "Таъсир остидаги ташкилотларга ва қўшма корхоналарга инвестициялар" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 16-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

16-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 28 "ТАЪСИР ОСТИДАГИ ТАШКИЛОТЛАРГА

ВА ҚЎШМА КОРХОНАЛАРГА ИНВЕСТИЦИЯЛАР"



Мақсад


1. Мазкур стандартнинг мақсади таъсир остидаги ташкилотларга инвестициялар ҳисобини ва таъсир остидаги ташкилотларга ва қўшма корхоналарга инвестицияларни ҳисобга олишда улушли қатнашиш усулини қўллаш талабларни белгилашдан иборатдир.



Қўллаш доираси


2. Мазкур стандарт инвестиция объекти устидан биргаликдаги назоратга ёки аҳамиятли таъсирга эга инвесторлар бўлган ташкилотлар томонидан қўлланиши лозим.



Таърифлар


3. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:

Таъсир остидаги ташкилот - бу инвестор аҳамиятли таъсирга эга бўлган ташкилотдир.

Консолидациялашган молиявий ҳисобот - бу бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилотларининг активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромади, харажатлари ва пул оқимларини ягона хўжалик субъектига тегишли деб тақдим этиладиган ташкилотлар гуруҳининг молиявий ҳисоботидир.

Улушли қатнашиш усули - бу инвестицияни дастлаб бошланғич қиймат бўйича тан олинадиган ва кейин инвесторнинг инвестиция объекти соф активларидаги улушининг харид қилишдан кейинги ўзгариши бўйича тузатиш киритиладиган тарзда ҳисобга олиш усулидир. Инвесторнинг фойда ёки зарари унинг инвестиция объекти фойда ёки зараридаги улушини ўз ичига олади ва инвесторнинг бошқа умумлашган даромади унинг инвестиция объекти бошқа умумлашган даромадидаги улушини ўз ичига олади.

Биргаликдаги фаолият бўйича келишув - бу икки ёки ундан ортиқ томонлар биргаликда назорат қиладиган фаолият бўйича келишувдир.

Биргаликдаги назорат - бу шартномада назарда тутилган фаолият бўйича назоратнинг тақсимланиши бўлиб, тегишли фаолиятлар тўғрисидаги қарорлар учун назоратни тақсимловчи томонларнинг бир овоздан розилиги талаб этиладиган пайтдагина мавжуд бўлади.

Қўшма корхона - бу биргаликдаги фаолият бўйича келишув бўлиб, бунда фаолият бўйича биргаликдаги назоратга эга томонлар фаолиятнинг соф активларига нисбатан ҳуқуқларга эга бўлади.

Қўшма корхона иштирокчиси - бу қўшма корхона устидан биргаликдаги назоратга эга бўлган қўшма корхонанинг томонидир.

Аҳамиятли таъсир - бу инвестиция объектининг молиявий ва операцион сиёсати бўйича назорат ёки биргаликдаги назоратни амалга ошириш эмас, балки бундай сиёсат бўйича қарорларни қабул қилишда иштирок этиш ваколатидир.


4. Қуйидаги атамалар 27-сон БҲХС "Алоҳида молиявий ҳисобот"нинг 4-бандида ва 10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот"нинг А иловасида таърифланган ва мазкур стандартда қуйидаги МҲХСларда белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:

- инвестиция объекти назорати

- гуруҳ

- бош ташкилот

- алоҳида молиявий ҳисобот

- шўъба ташкилоти.



Аҳамиятли таъсир


5. Агар ташкилот инвестиция объектига нисбатан бевосита ёки билвосита (масалан шўъба ташкилотлари орқали) овоз бериш ваколатининг 20 фоизи ёки ундан ортиғига эга бўлса, бундай ташкилот аҳамиятли таъсирга эга ҳисобланади (агар бундай таъсир мавжуд эмаслиги аниқ кўрсатила олмаса). Аксинча, агар ташкилот инвестиция объектига нисбатан бевосита ёки билвосита (масалан шўъба ташкилотлари орқали) овоз бериш ваколатининг 20 фоиздан камроғига эга бўлса, бундай ташкилот аҳамиятли таъсирга эга бўлмайди (агар бундай таъсир мавжудлиги аниқ кўрсата олинмаса). Бошқа инвестор томонидан акцияларнинг аҳамиятли қисмига ёки назорат пакетига эгалик қилиниши ташкилотнинг аҳамиятли таъсирга эга бўлишига тўсқинлик қилмайди.


6. Ташкилот томонидан аҳамиятли таъсирнинг мавжудлиги одатда қуйидагилардан бирининг ёки бир нечтасининг мавжудлиги билан тасдиқланади:

(a) инвестиция объектининг директорлар кенгашида ёки шу каби бошқарув органидаги вакиллик;

(б) сиёсат ишлаб чиқиш жараёнида, жумладан дивидендлар ёки бошқа тақсимотлар тўғрисида қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиш;

(в) ташкилот ва унинг инвестиция объекти ўртасидаги муҳим операциялар;

(г) бошқарув ходимларининг ўзаро алмашинуви; ёки

(д) муҳим техник маълумотларни тақдим этиш.


7. Ташкилот, бошқа ташкилотнинг молиявий ва операцион сиёсати бўйича қўшимча овоз бериш ҳуқуқини бериш ёки бошқа томоннинг овоз бериш ҳуқуқини камайтириш салоҳиятга эга бўлган (яъни потенциал овоз бериш ҳуқуқларига) оддий акциялар ёки бошқа шунга ўхшаш инструментларга конвертацияланадиган акция варрантлари, акция колл опционлари, қарз ёки улушли инструментларга эга бўлиши мумкин. Ташкилотнинг аҳамиятли таъсирга эга бўлиши ёки бўлмаслигини баҳолашда, жорий даврда фойдаланилиши ёки конвертацияланиши мумкин бўлган потенциал овоз бериш ҳуқуқларининг, жумладан бошқа ташкилотлар томонидан эгалик қилинадиган потенциал овоз бериш ҳуқуқларининг мавжудлиги ва таъсири инобатга олинади. Потенциал овоз бериш ҳуқуқлари, агар улар, масалан, келгуси санагача ёки келгуси ҳодиса юз бергунча конвертациялана олмайдиган ёки фойдаланила олмайдиган бўлса, жорий даврда фойдаланилмайдиган ёки конвертацияланмайдиган ҳисобланади.


8. Потенциал овоз бериш ҳуқуқлари аҳамиятли таъсир мавжудлигига олиб келишини баҳолашда, ташкилот, потенциал ҳуқуқлардан фойдаланиш ёки уларни конвертациялаш бўйича раҳбариятнинг нияти ва молиявий имкониятлардан ташқари, потенциал ҳуқуқларга таъсир этадиган барча фактлар ва ҳолатларни (жумладан, потенциал овоз бериш ҳуқуқларидан фойдаланиш шартлари ва бошқа алоҳида ёки биргаликда инобатга олинишидан қатъий назар, ҳар қандай бошқа келишув шартномаларини) таҳлил қилади.


9. Ташкилот инвестиция объектининг молиявий ва операцион сиёсати билан боғлиқ қарорларнинг қабул қилинишида иштирок этиш ҳуқуқини йўқотганда, мазкур инвестиция объекти устидан аҳамиятли таъсирни йўқотади. Аҳамиятли таъсирнинг йўқотилиши, мутлақ ёки нисбий эгалик ҳуқуқининг даражасидаги ўзгариш ёки ўзгаришсиз содир бўлиши мумкин. Бундай ҳолат, масалан, таъсир остидаги ташкилот давлат, суд, маъмурий ёки тартибга солувчи орган назорати остида бўлганида содир бўлиши мумкин. Бундай ҳолат шартнома тузилиши натижасида ҳам содир бўлиши мумкин.



Улушли қатнашиш усули


10. Улушли қатнашиш усулида, дастлабки тан олишда таъсир остидаги ташкилотга ёки қўшма корхонага қилинган инвестиция бошланғич қийматда тан олинади ва унинг баланс қиймати харид қилиш санасидан сўнг инвестиция объектининг фойда ёки зараридаги инвесторнинг улушини тан олиш ҳисобига кўпаяди ёки камаяди. Инвестиция объектининг фойда ёки зараридаги инвесторнинг улуши инвесторнинг фойда ёки зарари таркибида тан олинади. Инвестиция объекти фойдасини тақсимлаш натижасида олинадиган маблағлар инвестициянинг баланс қийматини камайтиради. Инвестиция объектининг бошқа умумлашган даромадидаги ўзгаришлардан келиб чиқадиган, инвестиция объектидаги инвестор улушининг ўзгаришларини акс эттириш учун инвестициянинг баланс қийматига тузатишлар киритиш зарур бўлиши мумкин. Бундай ўзгаришлар асосий воситаларни қайта баҳолашдан ва бошқа валютага ўтказиш бўйича курс фарқларидан юзага келадиган ўзгаришларни ўз ичига олади. Инвесторнинг мазкур ўзгаришлардаги улуши инвесторнинг бошқа умумлашган даромадида тан олинади (1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш"га қаранг).


11. Инвестиция объекти фойдасини тақсимланиши асосида тан олинган даромад инвестор томонидан таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестициядан олинган даромаднинг етарлича аниқ баҳоси бўлмаслиги мумкин, чунки фойдани тақсимланишидан олинган маблағлар таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг фаолияти натижаларига кам боғлиқликда бўлиши мумкин. Инвестор инвестиция объекти устидан биргаликдаги назоратга ёки аҳамиятли таъсирга эга бўлганлиги сабабли, инвестор таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг фаолиятидан ва бунинг натижасида, ўз инвестицияси даромадилилигидан манфаатдордир. Инвестор мазкур манфаатдорликни инвестиция объектининг фойда ёки зараридаги улушини ўз молиявий ҳисоботига киритиш орқали акс эттиради. Натижада, улушли қатнашиш усули қўлланиши инвесторнинг соф активлари ва фойда ёки зарари тўғрисида кўпроқ маълумотларни ўз ичига олган ҳисоботни таъминлайди.


12. Потенциал овоз бериш ҳуқуқлари ёки потенциал овоз бериш ҳуқуқларини ўз ичига оладиган бошқа деривативлар мавжуд бўлганда, ташкилотнинг таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги улуши фақатгина мавжуд эгалик улушлари асосида аниқланади ва агар 13-банд қўлланмаса, у потенциал овоз бериш ҳуқуқларининг ва бошқа дериватив инструментларнинг мумкин бўлган фойдаланилиши ёки конвертацияланишини акс эттирмайди.


13. Баъзи ҳолатларда, ташкилот моҳиятан жорий даврда эгалик улуши билан боғлиқ даромадлар олиш имкониятини берадиган операция натижасида мавжуд эгалик улушига эга бўлади. Бундай ҳолатларда, ташкилотга тегишли улуш жорий даврда даромад олиш имкониятини берадиган потенциал овоз бериш ҳуқуқларидан ва бошқа дериватив инструментлардан фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.


14. Улушли қатнашиш усули бўйича ҳисобга олинган таъсир остидаги ташкилотдаги ва қўшма корхоналардаги улушларга нисбатан 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар" қўлланмайди. Потенциал овоз бериш ҳуқуқларини ўз ичига оладиган инструментлар моҳиятан жорий даврда таъсир остидаги ташкилотдаги ва қўшма корхонадаги эгалик улуши билан боғлиқ даромад олиш имкониятини берганда, бундай инструментлар 9-сон МҲХСнинг қўллаш доирасига кирмайди. Бошқа барча ҳолатларда, таъсир остидаги ташкилотдаги ва қўшма корхонадаги потенциал овоз бериш ҳуқуқларини ўз ичига оладиган инструментлар 9-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобга олинади.


14A. Ташкилот 9-сон МҲХСни таъсир остидаги ташкилотдаги ва қўшма корхонадаги улушли қатнашиш усули қўлланмаган бошқа инструментларга ҳам қўллайди. Буларга, моҳияти бўйича ташкилотнинг таъсир остидаги ташкилотдаги ва қўшма корхонадаги соф инвестицияларининг бир қисмини ташкил этадиган узоқ муддатли улушлар киради (38 бандга қаранг). Ташкилот бундай узоқ муддатли улушларга нисбатан мазкур стандартнинг 38 банди ва 40 - 43 бандларини қўллашдан олдин 9-сон МҲХСни қўллайди. Ташкилот 9-сон МҲХСни қўллашда узоқ муддатли улушларнинг баланс қийматига киритиладиган, мазкур стандартни қўллашдан юзага келадиган тузатишларни ҳисобга олмайди.


15. Агар таъсир остидаги ташкилотдаги ва қўшма корхонадаги инвестиция ёки инвестициянинг бир қисми 5-сон МҲХС "Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва тугатилган фаолият"га мувофиқ сотишга мўлжалланган актив сифатида таснифланмаса, инвестиция ёки ҳар қандай сотишга мўлжалланган актив сифатида таснифланмаган инвестициядаги улуш узоқ муддатли актив сифатида таснифланиши лозим.



Улушли қатнашиш усулининг қўлланиши


16. Инвестиция 17 - 19 бандларга мувофиқ улушли қатнашиш усулини қўллашдан озод этилган ҳоллардан ташқари, инвестиция объекти бўйича биргаликдаги назоратга ёки аҳамиятли таъсирга эга бўлган ташкилот таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестициясини улушли қатнашиш усули бўйича ҳисобга олиши лозим.



Улушли қатнашиш усулини қўллашдан озод этиш


17. Агар қуйидаги шартларнинг барчаси бажарилса ёки ташкилот 10-сон МҲХСнинг 4(а) бандига мувофиқ консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлашдан озод этиладиган бош ташкилот бўлса, ташкилот таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестициясига нисбатан улушли қатнашиш усулини қўлламаслиги мумкин:

(a) Ташкилот унга тўлиқ ёки қисман эгалик қиладиган бошқа ташкилотнинг шўъба ташкилоти бўлса ва унинг бошқа мулкдорлари, жумладан бошқа ҳолларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган мулкдорлари ташкилотнинг улушли қатнашиш усулини қўлламаслиги тўғрисида хабардор қилинган ва бунга қаршилик қилмайдиган бўлса.

(б) Ташкилотнинг қарз ёки улушли инструментлари очиқ бозорда (ички ёки ташқи фонд биржаси ёки биржадан ташқари бозор, жумладан маҳаллий ва ҳудудий бозорларда) савдо қилинмаса.

(в) Ташкилот очиқ бозорда бирор турдаги инструментларни чиқариш мақсадида ўзининг молиявий ҳисоботини қимматли қоғозлар бўйича комиссияга ёки бошқа назорат органига тақдим этмаган ёки тақдим этиш жараёнида бўлмаган бўлса.

(г) Ташкилотнинг якуний ёки ҳар қандай оралиқ бош ташкилоти, шўъба ташкилотлари 10-сон МҲХСга мувофиқ фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда консолидацияланадиган ёки баҳоланадиган, оммавий фойдаланиш учун МҲХСларга мувофиқ молиявий ҳисоботни тақдим қилса.


18. Агар таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестицияга венчур капитал ташкилот ёки ўзаро фонд, улушли траст фонди ва шўнга ўхшаш ташкилотлар, жумладан инвестицияга боғлиқ бўлган суғурта фондлари орқали бевосита ёки билвосита эгалик қилинса, ташкилот 9-сон МҲХСга мувофиқ мазкур инвестицияларни фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳолашни танлаши мумкин. Ташкилот бундай танлашни таъсир остидаги ташкилотни ёки қўшма корхонани дастлабки тан олишда, ҳар бир таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона учун алоҳида амалга ошириши лозим.


19. Агар ташкилот таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестициянинг бир қисмига венчур капитал ташкилот ёки ўзаро фонд, улушли траст фонди ва шунга ўхшаш ташкилотлар, жумладан инвестицияга боғлиқ бўлган суғурта фондлари орқали эгалик қилса, венчур капитал ташкилот ёки ўзаро фонд, улушли траст фонди ва шунга ўхшаш ташкилотлар, жумладан инвестицияга боғлиқ бўлган суғурта фондлари, инвестициянинг мазкур қисми бўйича аҳамиятли таъсирга эга бўлиш ёки бўлмаслигидан қатъий назар, ташкилот 9-сон МҲХСга мувофиқ инвестициянинг мазкур қисми учун фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳолашни танлаши мумкин. Агар ташкилот бундай танловни амалга оширса, унда венчур капитал ташкилоти ёки ўзаро фонд, улушли траст фонди ва шўнга ўхшаш ташкилотлар, жумладан инвестицияга боғлиқ бўлган суғурта фондлари, орқали эгалик қилинмайдиган таъсир остидаги ташкилотдаги ўз инвестициясининг ҳар қандай қолдиқ қисмига нисбатан улушли қатнашиш усулини қўллаши лозим.



Сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифлаш


20. Ташкилот сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифлаш меъзонига жавоб берадиган таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестицияга ёки инвестициянинг бир қисмига нисбатан 5-сон МҲХСни қўллаши лозим. Сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифланган қисми ҳисобдан чиқарилмагунга қадар, сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифланмаган таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестициянинг ҳар қандай қолдиқ қисми улушли қатнашиш усулида ҳисобга олиниши лозим. Ҳисобдан чиқарилгандан сўнг ташкилот таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги ҳар қандай қолдиқ улушни 9-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобга олиши лозим, бунда қолдиқ улуш таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона тарзидан тан олинишда давом этадиган ва ташкилот улушли қатнашиш усулидан фойдаланадиган ҳолатлар мустасно.


21. Илгари сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифланган таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестиция ёки инвестициянинг бир қисми ортиқ бундай таснифлаш мезонига жавоб бермаса, у сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифланган санадан бошлаб ретроспектив тарзда улушли қатнашиш усулида ҳисобга олиниши лозим. Сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифлашдан кейинги даврлардаги молиявий ҳисоботга ўз навбатида тузатишлар киритилиши лозим.



Улушли қатнашиш усулидан фойдаланишни тўхтатиш


22. Ташкилот қуйидаги ҳолларда унинг инвестицияси таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона бўлиб ҳисобланмайдиган санада бошлаб улушли қатнашиш усулидан фойдаланишни тўхтатиши лозим:

(a) Агар бундай инвестиция шўъба ташкилотига айланса, ташкилот ўз инвестициясини 3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари" ва 10-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобга олиши лозим.

(б) Агарда олдинги таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги қолдиқ улуш молиявий актив бўлиб ҳисобланса, ташкилот қолдиқ улушни ҳаққоний қийматда баҳолаши лозим. Қолдиқ улушнинг ҳаққоний қиймати унинг 9-сон МҲХСга мувофиқ молиявий активни дастлабки тан олишда аниқланган ҳаққоний қиймати сифатида ҳисобланиши лозим. Ташкилот қуйидагилар ўртасидаги ҳар қандай фарқни фойда ёки зарар таркибида тан олиши лозим:

(i) ҳар қандай қолдиқ улушнинг ҳаққоний қиймати ва таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги улуш қисмининг ҳисобдан чиқарилиши бўйича ҳар қандай пул маблағларининг тушиши; ва

(ii) улушли қатнашиш усули тўхтатилган санадаги инвестициянинг баланс қиймати.

(в) Ташкилот улушли қатнашиш усулидан фойдаланишни тўхтатганда, мазкур инвестицияга нисбатан аввал бошқа умумлашган даромадда тан олинган барча миқдорларни шундай бир хил асосда, инвестиция объекти тегишли активларни ёки мажбуриятларни бевосита ҳисобдан чиқарганда талаб этилгани каби, ҳисобга олиши лозим.


23. Шу сабабли, агар инвестиция объекти томонидан олдин бошқа умумлашган даромадда тан олинган фойда ёки зарар тегишли активлар ёки мажбуриятлар ҳисобдан чиқарилганда фойда ёки зарар таркибига қайта таснифланадиган бўлса, ташкилот олдин хусусий капиталда акс эттирилган фойда ёки зарарни улушли қатнашиш усули тўхтатилганда фойда ёки зарар таркибига қайта таснифлайди (қайта таснифлаш бўйича тузатиш сифатида). Масалан, агар таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона чет элдаги бўлинмага тегишли жамғарилган курс фарқларига эга бўлса ва ташкилот улушли қатнашиш усулидан фойдаланишни тўхтатса, ташкилот чет элдаги бўлинмага нисбатан олдин бошқа умумлашган даромадда тан олинган фойда ёки зарарни фойда ёки зарар таркибида қайта таснифлаши лозим.


24. Агар таъсир остидаги ташкилотдаги инвестиция қўшма корхонадаги инвестицияга айланса ёки қўшма корхонадаги инвестиция таъсир остидаги ташкилотдаги инвестицияга айланса, ташкилот улушли қатнашиш усулини қўллашни давом эттиради ва қолдиқ улушни қайта баҳоламайди.



Эгалик улушидаги ўзгаришлар


25. Агар ташкилотнинг таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги эгалик улуши камайса, лекин инвестиция таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона тарзида таснифланишда давом этса, ташкилот агар мазкур фойда ёки зарар тегишли активлар ёки мажбуриятларнинг ҳисобдан чиқарилишида фойда ёки зарарга қайта таснифланиши талаб этилса, бу камайишга нисбатан илгари бошқа умумлашган даромадда тан олинган фойда ёки зарарнинг қисмини фойда ёки зарарга қайта таснифлаши лозим.



Улушли қатнашиш усулини қўллаш тартиблари


26. Улушли қатнашиш усулини қўллаш учун ўринли бўлган тартибларнинг кўпчилиги 10-сон МҲХСда изоҳланган консолидациялаш тартибларига ўхшашдир. Бундан ташқари, шўъба ташкилотини харид қилишни ҳисобга олишда қўлланадиган тартиблар асосидаги концепциялар таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестицияни харид қилишни ҳисобга олишда ҳам қабул қилинади.


27. Гуруҳнинг таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги улуши бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилотлари томонидан мазкур таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги эгалик ҳуқуқларининг жамланмасидир. Гуруҳнинг бошқа таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги эгалик ҳуқуқлари мазкур мақсадда инобатга олинмайди. Таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона шўъба ташкилотларга, таъсир остидаги ташкилотларга ёки қўшма корхоналарга эга бўлганда, улушли қатнашиш усулини қўллашда ҳисобга олинадиган фойда ёки зарар, бошқа умумлашган даромад ва соф активлар бир хил ҳисоб сиёсати бўйича акс эттирилиши учун зарур бўлган ҳар қандай тузатишлар киритилишидан кейин (35 ва 36-бандларга қаранг) таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг молиявий ҳисоботида тан олинган фойда ёки зарар, бошқа умумлашган даромад ва соф активлари ҳисобланади (жумладан таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг унинг таъсир остидаги ташкилоти ёки қўшма корхонаси фойда ёки зараридаги, бошқа умумлашган даромадидаги ва соф активларидаги улуши).


28. Ташкилот (жумладан унинг консолидацияланган шўъба ташкилотлари) ва таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона ўртасидаги "Пастдан юқорига" ва "Юқоридан пастга" операциялар натижасида юзага келадиган фойда ёки зарарлар ташкилотнинг молиявий ҳисоботида фақат ўзаро боғлиқ бўлмаган инвесторларнинг таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги улушлари даражасида тан олинади. "Пастдан юқорига" операциялар, масалан, таъсир остидаги ташкилотдан ёки қўшма корхонадан инвесторга активларнинг сотилишидир. "Юқоридан пастга" операциялар, масалан, инвестордан унинг таъсир остидаги ташкилотига ёки қўшма корхонасига активларнинг сотилиши ёки киритилишидир. Мазкур операциялардан юзага келадиган инвесторнинг таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг фойда ёки зарарларидаги улуши чиқариб ташланади.


29. Юқоридан пастга операциялар сотилган ёки киритилган активларнинг соф сотиш қийматида камайишни ёки мазкур активларнинг қадрсизланишидан зарарни кўрсатганда, мазкур зарарлар инвестор томонидан тўлиқ тан олиниши лозим. Пастдан юқорига операциялар сотиб олинган активларнинг соф сотиш қийматида камайишни ёки мазкур активларнинг қадрсизланишдан зарарни кўрсатганда, инвестор мазкур зарарлардаги ўз улушини тан олиши лозим.


30. Номонетар активнинг таъсир остидаги ташкилотга ёки қўшма корхонага улардаги улуш эвазига киритилиши 28-бандга мувофиқ ҳисобга олиниши лозим, бунда 16-сон БҲХС "Асосий воситалар" да тавсифланганидек, ушбу номонетар активнинг хусусий капиталга қўйилма сифатида берилиши тижорий моҳиятга эга бўлмаслик ҳолати бундан мустасно. Агар бундай қўйилма тижорий моҳиятга эга бўлмаса, фойда ёки зарар реализация қилинмаган ҳисобланади ва шунингдек 31-банд қўлланилмагунча тан олинмайди. Бундай реализация қилинмаган фойда ва зарарлар улушли қатнашиш усули ёрдамида ҳисобга олинган инвестициядан чегириб ташланиши лозим ва ташкилотнинг консолидациялашган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда ёки ташкилотнинг инвестициялари улушли қатнашиш усули ёрдамида ҳисобга олинган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида кечиктирилган фойда ёки зарарлар сифатида тақдим этилмаслиги лозим.


31. Агар ташкилот, таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона капиталидаги улушга қўшимча тарзда, монетар ёки номонетар активларни ҳам олса, ташкилот олинган монетар ёки номонетар активларга тегишли бўлган номонетар қўйилма бўйича фойда ёки зарарнинг қисмини ўзининг фойда ёки зарарида тўлиқ тан олади.


31A. - 31Б. [Ушбу бандлар кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]


32. Инвестиция ташкилот таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхонага айланган санадан бошлаб улушли қатнашиш усули асосида ҳисобга олинади. Инвестиция харид қилинганда, инвестициянинг бошланғич қиймати ва инвестиция объектининг идентификацияланадиган активлари ва мажбуриятларининг соф ҳаққоний қийматларидаги ташкилотнинг улуши ўртасидаги ҳар қандай фарқ қуйидагича ҳисобга олинади:

(a) таъсир остидаги ташкилотга ёки қўшма корхонага тегишли гудвилл инвестициянинг баланс қийматига киритилади. Мазкур гудвиллни амортизация қилишга рухсат этилмайди.

(б) инвестиция объектининг идентификацияланадиган активлари ва мажбуриятларининг соф ҳаққоний қийматидаги ташкилот улушининг инвестиция бошланғич қийматидан ҳар қандай ортиқ қисми инвестиция харид қилинган даврда таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг фойда ёки зараридаги ташкилотнинг улушини аниқлашда даромад сифатида ҳисобга олинади.

Харид қилиш санасидан кейин таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг фойда ёки зараридаги ташкилотнинг улушига тегишли тузатишлар, масалан, эскириш ҳисобланадиган активларнинг харид санасидаги ҳаққоний қийматларига асосланган эскиришини ҳисобга олиш учун амалга оширилади. Шу каби, харид қилиш санасидан кейин таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг фойда ёки зараридаги ташкилотнинг улушига тегишли тузатишлар, масалан, гудвилл ёки асосий воситалар учун қадрсизланишдан зарарларни ҳисобга олиш мақсадида амалга оширилади.


33. Улушли қатнашиш усулини қўллашда ташкилот томонидан таъсир остидаги ташкилотда ёки қўшма корхонада мавжуд бўлган энг сўнгги давр молиявий ҳисоботи фойдаланилади. Ташкилотнинг ва таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанининг ҳисобот даврининг охири фарқ қилганда, таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона ўз молиявий ҳисоботини, уни тайёрлаш амалий имконсиз бўлган ҳоллардан ташқари, ташкилот фойдаланиши учун ташкилотнинг молиявий ҳисоботи санаси билан бир хил бўлган сана ҳолатига тайёрлайди.


34. 33-бандга мувофиқ, улушли қатнашиш усулини қўллашда фойдаланилган таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг молиявий ҳисоботи ташкилотнинг молиявий ҳисоботи санасидан фарқ қиладиган санада тайёрланган бўлса, бу сана ва ташкилотнинг молиявий ҳисоботи санаси орасида содир бўлган аҳамиятли операциялар ёки ҳодисалар таъсирларига нисбатан тузатишлар амалга оширилиши лозим. Ҳар қандай ҳолатда, таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанининг ҳисобот даври охири билан ташкилотнинг ҳисобот даврининг охири ўртасидаги фарқ уч ойдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Ҳисобот даврларининг давомийлиги ва ҳисобот даврлари охирлари ўртасидаги ҳар қандай фарқ даврлар аро бир хил бўлиши лозим.


35. Ташкилотнинг молиявий ҳисоботи ўхшаш операциялар ва ҳодисалар учун бир ҳил ҳисоб сиёсати асосида тайёрланиши лозим.


36. 36A бандда тавсифланган ҳолатдан ташқари, агар таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона бир хил операциялар ва ҳодисалар учун ташкилотнинг ҳисоб сиёсатидан фарқ қиладиган сиёсатдан фойдаланса, ташкилот томонидан улушли қатнашиш усулини қўллашда таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг молиявий ҳисоботи фойдаланилганда, таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг ҳисоб сиёсатини ташкилотнинг ҳисоб сиёсатига мос келишини таъминлаш учун тузатишлар амалга оширилиши лозим.


36A. 36 банд талабларидан қатъий назар, агар ўзи инвестиция ташкилоти бўлмаган ташкилот инвестиция ташкилоти бўлган таъсир остидаги ташкилотда ёки қўшма корхонада улушга эга бўлса, ташкилот улушли қатнашиш усулини қўллашда инвестиция ташкилоти бўлган таъсир остидаги ташкилотга ёки қўшма корхонага ўзининг шўъба ташкилотларидаги улушларига нисбатан қўлланадиган хаққоний қийматда баҳолашни сақлаб қолишни танлаши мумкин. Бундай танлов хар бир инвестиция ташкилоти бўлган таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона учун алоҳида қуйидаги саналарнинг энг сўнггида амалга оширилади (a) инвестиция ташкилоти бўлган таъсир остидаги ташкилотни ёки қўшма корхонани дастлабки тан олиш санасида; (б) таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона инвестиция ташкилотига айланган санада; ва (в) инвестиция ташкилоти бўлган таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона биринчи марта бош ташкилотга айланган санада.


37. Агар таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона ташкилотдан ташқари бошқа тарафлар томонидан эгалик қилинадиган ва хусусий капитал сифатида таснифланган амалдаги кумулятив имтиёзли акцияларга эга бўлса, ташкилот, дивидендлар эълон қилинган ёки қилинмаганлигидан қатъий назар, фойда ёки зарардаги улушини бундай акциялар бўйича дивидендларга нисбатан тузатишлардан сўнг ҳисоблайди.


38. Агар ташкилотнинг таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг зарарларидаги улуши унинг таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги улушига тенг ёки ортиқ бўлса, ташкилот кейинги зарарлардаги ўз улушини тан олишни тўхтатади. Таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги улуш, моҳиятан ташкилотнинг таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги соф инвестициясининг қисмини ташкил этадиган ҳар қандай узоқ муддатли улушлар билан биргаликда улушли қатнашиш усули асосида аниқланган таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестициянинг баланс қийматидир. Масалан, яқин келажакда сўндирилиши режалаштирилмаган ёки содир бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлмаган модда, моҳиятан, мазкур таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги ташкилотнинг инвестициясининг кўпайишига олиб келади. Бундай моддалар имтиёзли акцияларни ва узоқ муддатли дебиторлик қарзлари ёки узоқ муддатли қарзларни ўз ичига олиши мумкин, лекин савдо бўйича дебиторлик қарзлари, савдо бўйича кредиторлик қарзларини ёки кафолатланган кредитлар каби тегишли гаров мавжуд бўлган ҳар қандай узоқ муддатли дебиторлик қарзларини ўз ичига олмайди. Улушли қатнашиш усули асосида тан олинган ташкилотнинг инвестициясидан ортиқ миқдорда таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги зарарлар оддий акциялардаги ташкилот улушининг бошқа компонентларига аҳамиятлилигига тескари (яъни ликвидациядаги аҳамиятлилик даражаси бўйича) тарзда қўлланади.


39. Ташкилотнинг инвестиция объектидаги улуши нолгача камайтирилгандан сўнг, ташкилот фақат юридик ёки конструктив жавобгарликларга эга бўлган ёки таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона номидан тўловларни амалга оширган даражада қўшимча зарарлар қопланади ва мажбурият тан олинади. Агар таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона кейинчалик ҳисоботда фойдани акс эттирса, ташкилот фақат фойдадаги ўзининг улуши тан олинмаган зарарлардаги улушига тенг бўлгандан сўнг мазкур фойдадаги ўз улушини тан олишни бошлайди.



Қадрсизланишдан зарарлар


40. 38 бандга мувофиқ таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг зарарини тан олишни ўз ичига олган ҳолда, улушли қатнашиш усулини қўллашдан сўнг, ташкилот таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги соф инвестициянинг қадрсизлангани бўйича далилларни аниқлаш учун 41А - 41В бандларни қўллайди.


41. [Чиқариб ташланган]


41A. Таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги соф инвестиция бўйича, фақат ва фақат агар у соф инвестициянинг дастлабки тан олишдан кейин содир бўлган бир ёки бир нечта ҳодисалар натижасида (зарар келтириб чиқарувчи ҳодисалар) содир бўлганлиги сабабли ҳолис далиллар мавжуд бўлса ва бундай ҳодиса (ёки ҳодисалар) ишончли баҳоланиши мумкин бўлган соф инвестицияларнинг келажакдаги пул оқимларига таъсир қилса, қадрсизланиш юзага келади ва қадрсизланиш зарари юзага келади. Қадрсизланишга сабаб бўладиган аниқ бир ҳодисани аниқлашнинг имкони бўлмаслиги мумкин. Аксинча бир неча ҳодисаларнинг биргаликдаги таъсири қадрсизланишга сабаб бўлиши мумкин. Келгусидаги ҳодисалар натижасида кутилаётган зарарлар, юзага келиш эҳтимолидан қатъий назар, тан олинмайди. Соф инвестиция қадрсизланишининг ҳолис далиллари қуйидаги зарар келтирувчи ҳодисалар натижасида кузатиладиган маълумотларни ўз ичига олади:

(a) таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг аҳамиятли молиявий қийинчиликлари;

(б) таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона томонидан мажбуриятни тўламаслик ёки дефолт каби шартноманинг бузилиши;

(в) ташкилот ўзининг таъсир остидаги ташкилотининг ёки қўшма корхонасининг молиявий қийинчиликлари билан боғлиқ бўлган иқтисодий ёки ҳуқуқий сабаблар учун таъсир остидаги ташкилотга ёки қўшма корхонага акс ҳолда тақдим этилиши мумкин бўлмаган имтиёз бериши;

(г) таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг банкротлиги ёки бошқа молиявий қайта ташкил этилиши эҳтимоли юзага келиши; ёки

(e) таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг молиявий қийинчиликлари сабабли соф инвестиция учун актив бозорнинг мавжуд бўлмаслиги.


41Б. Таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг улушли ёки молиявий инструментларини очиқ бозорда ортиқ савдо қилинмаслиги натижасида актив бозорнинг мавжуд бўлмаслиги қадрсизланиш далили бўла олмайди. Таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг кредит рейтингининг пасайиши ёки таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг хаққоний қийматининг пасайиши ўз ўзидан қадрсизланишнинг далили ҳисобланмайди, бироқ бу бошқа мавжуд маълумотлар билан биргаликда қадрсизланишнинг далили бўлиши мумкин.


41В. 41A банддаги ҳодисаларга қўшимча тарзда, таъсир остидаги ташкилотнинг ёки қўшма корхонанинг улушли инструментларига соф инвестициянинг қадрсизланиши бўйича ҳолис далилларга таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона фаолият юритадиган технологик, бозор, ҳуқуқий ёки иқтисодий муҳитнинг салбий таъсири бўйича аҳамиятли ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар киради. Улушли инструментга инвестициянинг хаққоний қиймати унинг бошланғич қийматидан аҳамиятли ва давомли кам бўлиши ҳам қадрсизланишнинг холис далилидир.


42. Таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестиция баланс қийматининг бир қисмини ташкил этадиган гудвил алоҳида тан олинмаслиги сабабли, у 36-сон БҲХС "Активларнинг қадрсизланиши" даги гудвилни қадрсизланиш тестидан ўтказиш талабларини қўллаш мақсадида қадрсизланиш тестидан ўтказилмайди. Бунинг ўрнига, 41A - 41В бандлар талаблари қўлланиши инвестиция қадрсизланиши мумкинлигини кўрсатса, инвестициянинг бутун баланс қиймати 36-сон БҲХСга мувофиқ ягона актив сифатида унинг қопланадиган суммасини (активнинг қуйидаги икки қийматларидан каттаси: сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қиймати ва унинг фойдаланиш қиймати) баланс қиймати билан таққослаш йўли билан инвестициянинг қадрсизланганлиги текширилади. Мазкур ҳолатларда тан олинган қадрсизланишдан зарар таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестициянинг баланс қийматининг маълум қисмини ташкил этадиган ҳар қандай актив, жумладан гудвил ҳисобидан қопланмайди. Ўз навбатида, мазкур қадрсизланишдан зарарнинг ҳар қандай қайта тикланиши 36-сон БҲХСга мувофиқ инвестициянинг қопланадиган суммасининг кейинги ошиши даражасида тан олинади. Инвестициянинг фойдаланиш қийматини аниқлашда, ташкилот қуйидагиларни ҳисоблайди:

(a) таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона томонидан ҳосил қилиниши кутилган келгуси пул оқимларининг жорий қийматидаги улушини, жумладан таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона фаолиятидан пул оқимлари ва инвестициянинг якуний ҳисобдан чиқаришдан тушумлардаги улушини; ёки

(б) инвестициядан ва унинг якуний ҳисобдан чиқишидан олинадиган дивидендлардан юзага келиши кутилган ҳисобланган келгуси пул оқимларининг жорий қийматини.

Тўғри фаразлардан фойдаланилганда, иккала усул ҳам бир хил натижа беради.


43. Таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона ўз фаолиятида ташкилотнинг бошқа активларига нисбатан аҳамиятли даражада мустақил тарзда пул оқимларини юзага келтирадаган ҳоллардан ташқари, таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестициянинг қопланадиган қиймати ҳар бир таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона учун баҳоланиши лозим.



Алоҳида молиявий ҳисобот


44. Таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги инвестиция ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботида 27-сон БҲХСнинг (2011 йилдаги тахрири) 10-бандига мувофиқ ҳисобга олиниши лозим.



Кучга кириш санаси ва ўтиш қоидалари


45. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 2013 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот мазкур стандартни олдинги давр учун қўлласа, у бу фактни ёритиб бериши ва шу даврга нисбатан 10-сон МҲХС, 11-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 27-сон БҲХС (2011 йилдаги тахрири)ни қўллаши лозим.


45A. 2014 йил июль ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС бўйича 40 - 42 бандларга ўзгартириш киритилган ва 41A - 41В бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


45Б. 2014 йил август ойида эълон қилинган "Алоҳида молиявий ҳисоботда улушли қатнашиш усули" (27-сон БҲХСга ўзгартиришлар) 25 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 2016 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги даврга нисбатан қўлласа, у бу фактни ёритиб бериши лозим.


45В. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган]


45Г. 2014 йил декабрь ойида эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари:консолидациялаш бўйича истиснони қўллаш" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 28-сон БҲХСларга ўзгартиришлар) бўйича 17, 27 ва 36 бандларга ўзгартиришлар киритилди ва қўшимча 36А банд киритилди. 58 2014 йил октябрь ойида эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 28-сон БҲХСларга ўзгартиришлар) бўйича 42А ва 42Б бандларга ўзгартиришлар киритилди ва қўшимча 40А банд киритилди. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2016 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


45Д. 2016 йил декабрь ойида эълон қилинган "2014-2016 йилларда МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 18 ва 36А бандларга ўзгартириш киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХСга мувофиқ 2018 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


45E. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган]


45Ё. 2017 йил октябрь ойида эълон қилинган "Таъсир остидаги ташкилотларга ёки қўшма корхонларга узоқ муддатли улушлар" бўйича 14А бандга ўзгартириш киритилган ва 41 банд чиқариб ташланган. Ташкилот 45Ж - 45Й бандда кўрсатилган ҳоллардан ташқари, мазкур ўзгартиришларни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХСга мувофиқ 2019 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


45Ж. 45Ё банддага ўзгартиришларни биринчи марта кўллайдиган ташкилот 9-сон МҲХСнинг дастлабки қўлланиши билан бир вақтда 14А бандда изоҳланган узоқ муддатли улушларга 9-сон МҲХС талабларини қўллаши лозим.


45З. 45Ё банддага ўзгаришларни биринчи марта кўллайдиган ташкилот 9-сон МҲХСни дастлабки қўллашдан сўнг, 14А банддаги талабларни узоқ муддатли улушларга қўллаш учун зарур бўлган 9-сон МҲХСнинг ўтиш талабларини қўллайди. Шу мақсадда, 9-сон МҲХС дастлабки қўллаш санасидаги ҳаволалар ташкилот томонидан мазкур ўзгартиришларни биринчи марта қўлланган (ўзгартиришларни дастлабки қўллаш санаси) ҳисобот даври бошидаги ҳаволалар сифатида ўқилиши лозим. Ташкилотдан ўзгартиришларни қўллаш учун ўтган даврларни қайта ҳисоблаши талаб этилмайди. Ташкилот ўтган давр маълумотларини, фақат ва фақат агар олдинги маълумотлардан фойдаланмасдан амалга ошириш мумкин бўлса, қайта ҳисоблаши мумкин.


45И. 45Ё банддаги ўзгартиришларни биринчи марта қўллашда, 4-сон МҲХС "Суғурта шартномалари" бўйича 9-сон МҲХСдан вақтинча озод қилишни қўллайдиган ташкилот, ўзгартиришлар қўлланишини акс эттириш учун ўтган давр маълумотларини қайта ҳисоблаши талаб этилмайди. Ташкилот ўтган давр маълумотларини, фақат ва фақат агар олдинги маълумотлардан фойдаланмасдан амалга ошириш мумкин бўлса, қайта ҳисоблаши мумкин.


45Й. Агар ташкилот 45Ё ва 45И бандларга мувофиқ ўтган даврлар учун маълумотларни қайта ҳисоблашни амалга оширмаса, ушбу ўзгаришларнинг дастлабки қўллаш санасида қуйидагилар ўртасидаги фарқлар тақсимланмаган фойдада (ва хусусий капиталнинг бошқа тегишли компонентида) тан олиниши лозим:

(a) ушбу санада 14А бандда тавсифланган узоқ муддатли улушларнинг олдинги баланс қиймати; ва

(б) ушбу санада бу узоқ муддатли улушларнинг баланс қиймати.



9-сон МҲХСга ҳаволалар


46. Агар ташкилот мазкур стандартни қўллаган пайтда 9-сон МҲХСни қўлламаган бўлса, 9-сон МҲХСга ҳар қандай ҳавола 39-сон БҲХСга ҳавола сифатида инобатга олиниши лозим.



28-сон БҲХС (2003 йил таҳрири)

ўз кучини йўқотиши


47. Мазкур стандарт 28-сон БҲХС "Таъсир остидаги ташкилотларга инвестициялар"(2003 йилдаги таҳрири)ни ўрнини эгаллайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь