Ҳисобварақ-фактурада МХИК қандай тўлдирилади

preview

Электрон ҳисобварақ-фактураларда иккита устун пайдо бўлди: маҳсулотлар ва хизматларнинг идентификация кодларини (МХИК) ва товарларнинг (хизматларнинг) штрих кодларини киритиш учун. Бухгалтерларда ушбу янгиликлар талай мураккабликлар ва саволлар туғдирди, уларни тушуниб олишга унчалик вақт ҳам йўқ. Ахир ДСҚ барча ноябрь ойи ҳисобварақ-фактураларини 10 декабрга қадар тақдим этиш зарурлиги юзасидан огоҳлантирган эди.

Buxgalter.uz вазиятни ўрганди. Ушбу мураккабликларни қандай енгиб ўтиш ҳақида сўзлаб берамиз:

Жиддий айтганда, мазкур иккита янги устунни ҳиобварақ-фактурага киритиш учун ҳали ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда улар ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтилмаган. МХИК ҳақида фақат ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинган ҳужжатнинг лойиҳасида сўз юритилган, бироқ у ҳали қабул қилинмаган. Ушбу НҲҲ лойиҳасига асосан ҳисобварақ-фактура ва онлайн-НКМ чекларида  МХИКни кўрсатиш мажбурий бўлиш керак. Бироқ – ушбу НҲҲ қабул қилингандан кейин.

Бухгалтерларда бир нечта сабабларга биноан мураккабликлар юзага келди:

  • ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ушбу майдонлар билан қандай ишлаш тўғрисидаги тўлақонли йўриқнома мавжуд эмас. ДСҚ сайтида қисман ахборот тақдим этилган, бироқ биз у билан ҳеч нарса қилолмадик. ЭҲФ операторлари ва "Янги технологиялар" ИАМ мутахассислари билан маслаҳатлашувдан кейин ДСҚнинг йўриқномаси тўлиқ эмаслиги ва натижага эришиш учун яна қўшимча ҳаракатлар зарурлиги ойдинлашди;
  • 7 декабрь куни эрталаб кўп бухгалтерлар ҳисобварақ-фактурани жўната олишмади, сабаби ҳамма операторлар ҳам созлашни амалга оширишга улгуришмади;
  • Кўп фойдаланувчилар 1С билан ишлашади, уни янгилаш осон ва тез бўлмайди.

Маҳсулотлар ва хизматларнинг идентификация кодлари (МХИК) графаси қандай тўлдирилади?

Барчаси максимал равишда автоматлаштирилган ва бизнинг алгоритмимизга риоя қилинган тақдирда муаммолар юзага келмаслиги даркор – сизнинг операторингиз ўзида ҳаммасини созлаши шарти билан.

Хуллас:

1. https://tasnif.soliq.uz/classifier/ ҳаволаси бўйича ўтинг.

2. Ўнгдаги юқори бурчакда “Кабинетга кириш”га босинг (бунинг учун сизга юридик шахснинг ЭРИ ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг ЭРИ зарур бўлади).

3. Излаш тизими ёрдамида зарур товарни топинг. Бунинг учун излаш сатрига қуйидаги параметрлардан бирини киритинг:

 

  • маҳсулотнинг номи (товарни товар белгисисиз киритиш зарур. Масалан, агар сиз ўзининг ёғи билан сельддан пресерва ишлаб чиқарсангиз, излаш сатрига “балиқ” сўзини киритиш етарли бўлади);
  • товарнинг штрих коди (сканерлаш мумкин). Бу фақат сизнинг кодингиз GS1 томонидан тақдим этилган ва GS1 Uzbekistan компанияси билан амалдаги шартнома мавжуд бўлган тақдирда ишлайди (маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун);
  • ТИФ ТН коди.

Сайт “ақлли излаш” тизими билан таъминланган. Сиз излаш шартини киритганингиздан сўнг сатрдан ёрдам тушади, у бўйича йўналиш олиш мумкин бўлади – сизнинг товарингиз унга мансуб бўлиши мумкин бўлган товар гуруҳларининг эҳтимолий тавсифлари. Энг тўғри келадиган товар тавсифини танлаш зарур. Гуруҳ олдида 5 та рақамли код туради – бу ҳисобварақ-фактурада кўрсатилиши зарур бўлган МХИК ҳисобланади.

4. Сиз зарур товар/хизматни топганингиздан кейин,”Танланганни қўшиш” тугмасига босинг.

12 декабрь куни ДСҚ tasnif.soliq.uz ва my.soliq.uz порталлари – интеграция қилинганлиги ҳақида хабар эълон қилди. Шу боис, агар сиз tasnif.soliq.uz да товарлар ва хизматларнинг МХИКини танланганга қўшган бўлсангиз, уни my.soliq.uz да қўшиш шарт эмас, у ерда у автоматик тарзда акс эттирилади.

5. Агар сиз бир нечта товарлар ва хизматларни реализация қилсангиз, уларга нисбатан 3-5-бандларда таърифланган операцияларни амалга оширинг. Шу тариқа, ЭҲФнинг тегишли графасини тўлдиришда чиқадиган товарлар кодларининг рўйхати шакллантирилади.

6. МХИК кодини ёзиш имконини берадиган созлашни тугаллаш учун ўзингизнинг ЭҲФ операторингиз билан маслаҳатлашинг ва унинг тавсияларини бажаринг.

Бизнинг ҳолда (биз Didox билан ишлаганмиз) Didox.uz сайтида шахсий кабинетда Созлашга (шахсий кабинетда - тишли ғилдирак нишончаси) кириш талаб этилган. Сўнгра  “Менинг товарларим (хизматларим)”да “Янгилаш” тугмасига босилади.

Биз Didox тизимида ЭҲФни шакллантирганимиздан кейин, “МХИК коди” графасини тўлдиришда тизим биз қўшган кодларни танлашни таклиф қилган.

Материални эълон қилиш санасида  функционал faktura.uz да ҳам тўлиқ ишлаган. Улардан кейин бошқа ЭҲФ операторлари ҳам созлашни тугаллашган.

Тез-тез бериладиган саволлар:

1. Агар тизим таклиф этган вариантларда товар (хизмат) учун тўғри келадиган вариант бўлмаса, нима қилиш лозим?

- Сизнинг товарингизни Товарлар ва хизматларнинг ягона классификаторига киритиш учун аризани расмийлаштиринг ва вақтинча код олинг, ундан 7 кун давомида – сизнинг товарингиз классификаторга киритилган пайтгача фойдаланиш мумкин.

Бунинг учун излаш сатрида сиз “Янги товар ёки хизматни қўшиш”га босишингиз (у ҳар доим ёрдам рўйхатининг охирида чиқади), очилган шаклни тўлдиришингиз ва “Жўнатиш” тугмасига босишингиз зарур.

2.  Агар компания томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар  рўйхатида нимадир ўзгарган бўлса, маълумотларга тузатишлар қандай киритилади?

- Агар реализация қилинадиган товарлар рўйхати кенгайтирилган бўлса, 1-6-бандларни бажарган ҳолда янги товарни қўшинг.

Агар рўйхат – қисқартирилган бўлса, https://tasnif.soliq.uz/classifier/ да шахсий кабинетга киринг, танланган товарлардан сизга бошқа керак бўлмайдиганларини танланг ва “Олиб ташлаш”га босинг.

“Товарларнинг/хизматларнинг штрих коди” устуни қандай тўлдирилади

Buxgalter.uz га «Янги технологиялар» ИАМда (ЭҲФ тизими роуминг-оператори) тушунтиришларича, ушбу устун ҳозирги кунда тўлдириш учун мажбурий эмас, сабаби у фақат GS1 халқаро ташкилоти тизими томонидан берилган штрих кодларини қабул қилади. Улар эса, маълумки, ҳозирча ҳамма товарлар ва хизматларда ҳам мавжуд эмас. Штрих коди тўғрисидаги маълумотларни унинг рақамлар комбинациясини қайта ёзиб ёки махсус сканер ёрдамида штрих кодини сканерлаган ҳолда қўлда киритиш мумкин.

Агар ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи унинг товари энг яхши халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда расмийлаштирилишини ва уни штрих коди кўринишида аниқ ҳисоби учун қулай воситага эга бўлишини истаса, GS1 га шартнома тузиш юзасидан мурожаат қилиш зарур, унинг асосида сизнинг товарингизга такрорланмайдиган штрих коди берилади.

Кейинчалик, фикримизча, роуминг-оператори GS1 билан интеграция қилиш ва ЭҲФни шакллантириш чоғида зарур товарнинг штрих кодини танлаш имконини берадиган функционални назарда тутиши зарур.

Олег ГАЕВОЙ,

Татьяна ЛИМАРЕВА

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text165426_hisobvaraq-fakturada_mhir_qanday_tuldiriladi