КПК орқали реализация қилишда ким ЭҲФ расмийлаштирмаса бўлади

preview

Солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларида янги хизмат – “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларини рўйхатдан ўтказиш” сервиси пайдо бўлди. Энди товарлар ва хизматларни корпоратив карта ёрдамида реализация қилишда электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришдан умуман воз кечиш мумкинми?

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ва «TRI-S-AUDIT» МЧЖ директори Светлана ГОЛОСОВА шарҳлаб беришди.

Гулнора ЭРГАШЕВА:

-  Товарлар ва хизматларни корпоратив карта ёрдамида реализация қилишда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш амалиётидан  воз кечиш – мумкин, бироқ сизда онлайн-НКМ ёки виртуал касса ўрнатилган бўлиши шарти билан. “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларини рўйхатдан ўтказиш” сервиси эски намунадаги фискал хотирали НКМ чеклари билан ишламайди.

Гарчи ҳуқуқий нуқтаи назардан бу масалада ҳаммаси аниқ бўлмаса ҳам. Президентнинг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5564-сон Фармонига ҳалигача ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмаган. Унда илгаригидек норма мавжуд бўлиб, унга асосан корпоратив пластик картадан фойдаланган ҳолда ҳисрб-китобни амалга оширганда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш шарт. 30.10.2018 йилдаги ПФ-5564-сон Фармон чиққан пайтдан эътиборан учта норматив ҳужжат чиқди, улардан ЭҲФни бундай вазиятда касса чеки билан алмаштириш мумкинлиги келиб чиқади.

СКнинг 47-моддасида айтилишича, товарлар ва хизматлар олди-сотди битимларини амалга оширишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирадилар. Бунда шу модданинг 3-қисмидан онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки ЭҲФнинг ўрнини тўлиқ босиши келиб чиқади.

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 5-бандида товарлар ва хизматлар корпоратив пластик карталар орқали реализация қилинганда ҳисобварақ-фактура сотиб олувчининг талабига кўра расмийлаштирилиши тўғрисидаги норма мавжуд.

Ва ниҳоят, Президентнинг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-6098-сон Фармонининг 2-бандига асосан хўжалик юритувчи субъектларга корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда товарларни (хизматларни) шартнома тузмасдан сотиб олишга рухсат берилган, бироқ электрон счёт-фактуралар ёки онлайн-НКМнинг чеклари мажбурий равишда олиниши шарт.

Солиқ кодекси, 489-сон ВМҚ ва ПФ-6098-сон Фармон – бу замонавий ЭҲФ ва онлайн-НКМ тизимларининг имкониятларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган янги НҲҲлардир. ПФ-5564-сон Фармон қабул қилинган пайтда ушбу технологиялар ҳали жорий қилинмаган эди.

Бироқ қонунчиликдаги ушбу ўзига хос жиҳатлар ҳақида ДСҚ ўтган ҳафтада солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларида “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларини рўйхатдан ўтказиш” сервисини ишга туширгунга қадар гапиришмаган. Тўғри, сўнгги вақтда  ПФ-5564-сон Фармон шундай буюргани учун эмас, балки мазкур сотишлар бўйича маълумотларни қандайдир тарзда ДСҚ ахборот тизимига киритиш зарурлиги учун бундай йўл тутишди. Акс ҳолда улар ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоб-китобларни автотўлдириш чоғида ҳисобга олинмай  қоларди.

Энди эса ЭҲФни расмийлаштирмасдан уддалашнинг техник имконияти пайдо бўлди. Шуниси аниқки, НКМ чекини олиш ҳисобварақ-фактура тақдим этилишига эришишдан кўра анча осон. Бунинг устига, у муддатлар бўйича 489-сон ВМҚнинг 2-иловаси талабларига тўлиқ жавоб беради, бу талаблар ЭҲФни расмийлаштиришнинг муқобили бўлмагани учун кўпинча бузиларди.

Таъкидлаб ўтишни истардимки, Солиқ кодекси, 489-сон ВМҚ ва ПФ-6098-сон Фармон КПК орқали харид қилганда ЭҲФни расмийлаштиришдан воз кечиш ва онлайн-НКМ чеки кифоя қилиши учун тадбиркорларга мустаҳкам ҳуқуқий асосни барпо этади.  ПФ-5564-сон Фармонга эса эртами кечми барибир ўзгартиришлар киритишади, албатта.

Шунингдек, мазкур янгилик бўйича барча масалаларни ҳал қилиш учун “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларини рўйхатдан ўтказиш” сервиси билан ишлаш бўйича расмий батафсил йўриқномалар пайдо бўлиши керак.

Бугунги кунда корпоратив карталар орқали товарлар ва хизматларни реализация қилишда ҳисобварақ-фактурани фақат сотувчи эски намунадаги фискал хотирали НКМдан фойдаланишда давом этаётган ҳолларда ўрнини босиб бўлмаслиги келиб чиқади.

Эслатиб ўтаман, ҳисобварақ-фактуралар тўғрисидаги Низомнинг 5-бандига асосан ЭҲФ сотиб олувчининг талабига кўра товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги санасига қадар -товарлар (хизматлар) амалда реализация қилинган сана билан расмийлаштирилган ҳолда тақдим этилиши шарт.

Светлана ГОЛОСОВА:

- Президентнинг ПФ-5564-сон Фармони қабул қилиниши биланоқ қонунчиликда зиддиятлар юзага келди. Сабаби 2007 йил  таҳриридаги Солиқ кодексида ҳам ҳисобварқ-фактураларга тенглаштирилган ҳужжатлар рўйхати мавжуд эди ва НКМ чеки ҳам – улар орасида бўлган!

Қонунчиликда юзага келган зиддият ҳақида гапиришган, кўп гапиришган... Бироқ НҲҲга ўзгартиришлар киритилмади. Камида, турлича талқин қилишни олдини олиш учун, нормалардаги зиддиятларни олиб ташлаш керак.

Корпоратив пластик карта орқали амалга оширилган ҳар бир ҳисоб-китобни ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштириш талаби тадбиркор ишини жуда қийинлаштиради, шу боис унга кўпинча риоя қилинмаган. Бироқ ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоб-китобларни автотўлдиришга ўтиш билан ҳисобварақ-фактурани ўрнини ҳеч нарса босолмайдиган бўлди, сабаби солиқ органларининг ахборот тизими томонидан онлайн-НКМ чеклари бўйича маълумотлар олинишини таъминлайдиган техник ечим мавжуд эмас эди.

Шахсий кабинетда  “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларини рўйхатдан ўтказиш” хизматининг пайдо бўлиши билан:

  • ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоб-китобларни автотўлдириш шароитларида СКнинг 47-моддасида назарда тутилган турли вариантлардан фойдаланишнинг техник имконияти пайдо бўлди;
  • агар ҳисобварақ-фактуралар тўғрисидаги Низомнинг 5-бандига асосан сотиб олувчи ҳисобварақ-фактура тақдим этилишини талаб этмасликни лозим топса, кейинчалик қандай ҳаракат қилиш тушунарли бўлди.

Ва ниҳоят, ПФ-6098-сон Фармон корпоратив пластик карта орқали қилинган харидни  ҳисобварақ-фактурани мажбурий тарзда расмийлаштирмаган ҳолда расмийлаштириш мумкинлиги ва у ҳам қонунийлигини яна бир бор тасдиқлади. Шундай экан, бизнес учун кам чиқим келтирадиган нормалар бўйича ишлаш мумкин ва зарур.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text164537_kpk_orqali_realizaciya_qilishda_kim_ehf_rasmiylashtirmasa_buladi