Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Жисмоний шахсга квартира қандай сотилади: ҳисобини юритиш ва солиқ оқибатлари
Корхонага тегишли квартирани жисмоний шахсга бериш вариантларидан бири – сотиш. «Норма» эксперти Олег ЦОЙ бундай хўжалик операциясининг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ оқибатларини аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириб берди.
Квартиранинг сотилиши қандай ҳисобга олинади
Юридик шахсга тегишли бўлган квартира билан боғлиқ муайян операцияни амалга оширишдан олдин у харид қилинаётганда тўғри кирим қилинганига ишонч ҳосил қилинг. Бунинг икки хил йўли бор: у АВ таркибида ёхуд товарлар таркибида қайд этилади.
- бошланғич қиймати – 389 193,6 минг сўм;
- жамғарилган амортизация – 21 393,0 минг сўм;
- қайта баҳолаш сальдоси – 85 289,0 минг сўм.
Т/р | Операция | Сумма, минг сўмда | Дебет | Кредит |
1 |
Квартира реализация қилинди (422 970,69 – 55 170,09) |
367 800,6 |
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» |
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» |
2 | ҚҚС ҳисобланди | 55 170,09 |
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» |
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)» |
3 | Квартиранинг баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди | 389 193,6 | 9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» | 0120-«Бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар» |
4 | Жамғарилган амортизация ҳисобдан чиқарилди | 21 393,0 |
0220-«Бино, иншоот ва узатувчи мосламаларнинг эскириши» |
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» |
5 | Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди | 85 289,0 |
8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» |
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» |
6 | Асосий воситанинг чиқиб кетишидан кўрилган фойда акс эттирилди | 85 289,0 | 9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» | 9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда» |
7 | Квартира учун пул маблағлари олинди | 422 970,69 | 5110-«Ҳисоб-китоб счёти» | 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» |
Т/р | Операция | Сумма, минг сўмда | Дебет | Кредит |
1 |
Ходимга квартира реализация қилинди (402 500 – 52 500) |
350 000,0 |
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» |
9020-«Товарларни сотишдан даромадлар» |
2 | ҚҚС ҳисобланди | 52 500,0 |
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» |
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)» |
3 | Квартира таннархи ҳисобдан чиқарилди | 320 000,0 | 9120-«Сотилган товарларнинг таннархи» | 2900-«Товарлар» |
4 | Квартира учун пул маблағлари олинди | 402 500,0 | 5110-«Ҳисоб-китоб счёти» |
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» |
Сотишнинг солиқ оқибатлари
ҚҚС
Товарга бўлган мулк ҳуқуқини текинга бериш товарларни реализация қилиш бўйича айланма деб ҳисобланади ва унга ҚҚС солинади .
Квартира реализация қилинганда қабул қилиш-топшириш далолатномаси, тарафлар томонидан имзоланган кўчмас мулкни учинчи шахсга бериш тўғрисидаги шартнома бўйича кўчмас мулк харидорга берилган сана айланмани амалга ошириш санаси бўлади .
Тарафлар томонидан қўлланилган битим нархидан келиб чиқиб реализация қилинадиган товарлар қиймати ҚҚС бўйича солиқ базаси ҳисобланади . Бунда битим нархи товарларнинг бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритиш ҳуқуқига эга бўлади .
Қайта сотиш учун жисмоний шахслардан сотиб олинган яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк объектлари реализация қилинганда, солиқ базаси реализация қилиш нархи билан солиқ суммасини ўз ичига олган сотиб олиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади .
Фойда солиғи
Квартира сотилганда фойда солиғи бўйича оқибатлар у корхона балансида қандай ҳисобга олинганига боғлиқ бўлади.
Асосий восита сифатида ҳисобга олинган бўлса, сотиш чоғида унинг чиқиб кетишидан фойда ёки зарар юзага келиши мумкин.
Асосий воситанинг чиқиб кетишидан олинган фойда жами даромад таркибига киритилади .
Квартира товар сифатида ҳисобга олинган бўлса, уни сотишдан фойда ёки зарар солиқ базаси кўрсаткичида акс этади .
Корхона бундай операциянинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослай олса, фойда солиғини ҳисоблаш чоғида квартирани сотишдан кўрилган зарарни чегириб ташлашингиз мумкин . Акс ҳолда ушбу харажат чегирилмайдиган харажат бўлади.
Айланмадан олинадиган солиқ
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича оқибатлар ҳам квартира корхона балансида қандай ҳисобга олинганига боғлиқ.
Асосий восита сифатида ҳисобга олинган бўлса, сотиш чоғида унинг чиқиб кетишидан фойда ёки зарар юзага келиши мумкин. Бу ҳолда унинг чиқиб кетишидан кўрилган фойда жами даромад таркибига киритилади , кўрилган зарар эса айланмадан олинадиган солиқни ҳисоб-китоб қилиш чоғида инобатга олинмайди.
Квартира товар сифатида ҳисобга олинган бўлса, уни сотиш нархи жами даромад таркибига киритилади .
ЖШДС
Жисмоний шахс учун квартирани сотиш нархи билан уни сотиб олиш нархи (таннархи) ўртасидаги салбий қиймат – моддий наф тарзидаги даромад .
Жисмоний шахс юридик шахсдан товарларни (хизматларни) олганда, уларнинг қиймати ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олиш нархидан ёки акциз солиғи ва ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда уларнинг таннархидан келиб чиқиб аниқланади .
Жисмоний шахсдан олинадиган даромад солиғини тўлов манбаи сифатида корхона ушлаб қолади . Солиқ ушлаб қолинмаган бўлса, корхона солиқ суммаси ва у билан боғлиқ пеняни бюджетга тўлаши шарт .
Корхона квартирани ўз ходими бўлмаган шахс – Ўзбекистон резидентига уни сотиб олиш қийматидан (таннархидан) паст нархда сотган бўлса, харидорнинг ёзма аризасига асосланиб солиқни ушлаб қолмасликка ҳақли. Бунда харидор мустақил равишда жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этиши ва солиқни тўлаши шарт .
Мол-мулк солиғи
Квартиранинг реализация қилиниши мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасини камайтиради . Бу ҳолда бўнак тўловлари тўғрисида аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этишга ҳақлисиз. Солиқ даврининг қолган қисми учун бўнак тўловларига солиққа ўзгартиш киритиладиган суммада тенг улушларда тузатиш киритилади .
Ер солиғи
Кўп квартирали уйлар банд қилган ер участкаларига ер солиғи солиш объекти сифатида қаралмайди . Бироқ ушбу ер участкаларидан хўжалик фаолиятини юритиш учун фойдаланилса, улар солиқ солиш объектлари ҳисобланади .