Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Устав фондидаги улушнинг олди-сотди битими томонлари учун солиқ оқибатлари
“Alfa” корхонаси Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган иккита таъсисчига эга: “Beta” компанияси – 99,9 % (унинг таъсисчиси 100% Сингапур резиденти бўлган чет эл компанияси) ва “Sigma” компанияси – 0,1%. Иштирокчиларнинг умумий йиғилиши билан иккала компаниянинг улушини “Beta” компанияси таъсисчисига, яъни Сингапур резидентига сотиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
“Alfa” корхонаси сўнгги ҳисобот санасига қуйидаги маълумотларга эга: устав капитали 10 млрд сўм, соф активлар қиймати – 30 млрд сўм, бозор қиймати – 35 млрд сўм. Баҳолаш мустақил компания томонидан амалга оширилган.
Компаниялар ўртасидаги улуш савдоси номинал қиймати бўйича амалга оширилади, яъни Сингапур компанияси таъсисчиларга жами 10 млрд сўм миқдоридаги суммани тўлайди.
“Beta” компанияси ва Сингапур компанияси ўзаро алоқадор томонлар эканлигини ҳисобга олган ҳолда, “Alfa” корхонасида корхона улушининг олди-сотди битимини амалга оширишда барча иштирокчиларда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?”
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб беради:
“Alfa” корхонасида солиқ оқибатлари
Корхонанинг устав фондидаги улушни реализация қилиш бўйича битимларда корхонанинг ўзи иштирок этмайди. Шунингдек, унда солиқ оқибатлари юзага келмайди. Корхонада фақат таъсисчи ўзгаради.
“Beta” компанияси томонидан “Alfa” корхонасидаги улушнинг норезидент бўлган Сингапур компаниясига реализация қилиниши
“Alfa” корхонаси устав фондидаги улушни реализация қилишдан олинадиган молиявий натижа (инвестицияларнинг чиқиб кетиши) “Beta” компаниясида солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ аниқланади . Агар “Beta” компаниясининг бухгалтерия ҳисобида “Alfa” корхонасига инвестициялар номинал қиймати бўйича ҳисобда турса, “Alfa” корхонаси устав фондидаги улушни худди шу қийматда реализация қилишда “Beta” компаниясида даромад юзага келмайди.
Аммо Солиқ кодексининг трансферт нархни белгилаш тўғрисидаги 20-боби қоидаларини ҳисобга олиш лозим. Битимнинг тарафларидан бири томонидан олиниши мумкин бўлган, лекин трансферт нархни белгилаш натижасида тараф олмаган ҳар қандай даромадлар солиқ солиш мақсадида битимнинг шу тарафида ҳисобга олинади . Битимларнинг назорат қилиниши шартлари СКнинг 180-моддасида белгиланган.
Агар улушни сотиш бўйича битим назорат қилинадиган битим бўлса, трансферт нархини белгилаш шартларини инобатга олиш лозим. “Beta” компанияси қуйидагиларга ҳақли:
- битимнинг ҳақиқий нархи ўрнига мустақил равишда солиқ солиш мақсадларида унинг бозор қийматини қўллаш
ёки
“Alfa” корхонасининг бозор қиймати баҳоловчи ташкилотнинг маълумотларига кўра унинг устав фондининг номинал қийматидан ошиши боис, “Beta” компанияси томонидан ўз улушининг мустақил шахсга бозор қиймати бўйича сотилишида у улушнинг бозор ва номинал қиймати ўртасидаги фарқ миқдорида даромад олган бўларди.
Бинобарин, “Beta” компаниясида 24,975 млрд сўм ((35 – 10) х 99,9 %) суммада даромад юзага келиб, у фойда солиғи ҳисоб-китобида ҳисобга олинади.
Юридик шахсларнинг устав фондидаги улушларни реализация қилиш ҚҚС солишдан озод қилинади .
Улуш харидори – Сингапур компаниясида Ўзбекистонда “Beta” компаниясидан “Alfa” корхонасининг устав фондидаги улушни номинал қиймати бўйича сотиб олишда солиқ оқибатлари юзага келмайди.
“Sigma” компанияси томонидан “Alfa” корхонасининг устав фондидаги улушни норезидент бўлган Сингапур компаниясига реализация қилиниши
“Alfa” корхонаси устав фондидаги улушни реализация қилишдан олинадиган молиявий натижа (инвестицияларнинг чиқиб кетиши) “Sigma” компаниясида солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ аниқланади . Агар “Sigma” компаниясининг бухгалтерия ҳисобида “Alfa” корхонасига инвестициялар номинал қиймати бўйича ҳисобда турса, “Alfa” корхонаси устав фондидаги улушни худди шу қийматда реализация қилишда “Sigma” компаниясида даромад юзага келмайди, демак, фойда солиғи (айланмадан олинадиган солиқ) бўйича солиқ оқибатлари ҳам юзага келмайди.
Улуш харидори – Сингапур компаниясида Ўзбекистонда “Sigma” компаниясидан “Alfa” корхонасининг устав фондидаги улушни номинал қиймати бўйича сотиб олишда солиқ оқибатлари юзага келмайди.