Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Солиқчилар ўзини ўзи банд қилган шахслар даромадларини қандай ҳисоблашади
2024 йилдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларга, агар уларнинг йиллик даромади 100 млн сўмдан ошса, 4% ставка бўйича (якка тартибдаги тадбиркорлар учун айланмадан олинадиган солиқ каби) солиқ солиш тартибини белгилаш кўзда тутилган. Бу ҳақда 2024–2026 йиллар учун бюджетномада айтилган.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар янгиликка қандай тайёргарлик кўришлари кераклигини buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
– Солиқ кодексига декабрь ойида киритиладиган, 2024 йилда солиқ соҳасидаги янгиликларни белгилайдиган тузатишлар қабул қилинганидан сўнг вазият ойдинлашади. Агар ушбу норма ўтса, у фақат апрель ойидан бошлаб кучга киради. Йилнинг дастлабки уч ойи ўзини ўзи банд қилган шахслар учун мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчаларни кутиш билан ўтади. Эҳтимол, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши мумкин. Ҳозирча фақат кутишга тўғри келади.
Бугунги кунда ўзини ўзи банд қилган шахслар фақат тўлов кунида йилига БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқни тўлаши шарт.
❖
Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай ишлаши ҳақида батафсил ўқинг.
Қандай қилиб солиқ органлари ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг маъмурчилиги билан шуғулланади – у чегарадан ошган ёки ошмаганлигини аниқлаш учун уларнинг даромадини қандай мониторинг қилади?
Кўпроқ бу солиқ ҳисоботи шакллари платформасига ўхшаш платформа бўлади. Унда ишлаб топилган маблағлар тўғрисида ахборот йиғилади.
Бундай платформа ишга туширилиши учун электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКМ тизимларини созлаш керак бўлади. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг 19 ва 20-бандига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларга зарурият бўлганда ушбу тизимларда ишлаш имконияти тақдим этилган. Ўзини ўзи банд қилган шахс онлайн-кассасиз ишлаши мумкин. Бундай шахслар юридик шахс билан ишлаган тақдирда, у ЭҲФ тақдим этиши лозим. Қонун чиқарувчи бу ерда ўзини ўзи банд қилган шахслар хизматлари истеъмолчиларининг эҳтиёжлари ва манфаатларига мўлжал олган.Ўзини ўзи банд қилган шахснинг солиқ маъмуриятчилиги учун эса ишлаб топилган сумма тўғрисидаги ахборот муҳим эмас. Агар даромаднинг чегаравий миқдори қабул қилинса, ушбу ахборот ўзини ўзи банд қилган шахснинг маъмуриятчилиги учун ҳам муҳим бўлади. Уларга онлайн-НКТ ва ЭҲФ билан ишлаш мажбуриятини юклашлари мумкин.
Йиллик даромад белгиланган чегарадан ошгандан сўнг бажарувчи ўзини ўзи банд қилган шахс мақомидан маҳрум бўлиши ёки бўлмаслиги масаласи ҳам муҳимдир. Лойиҳада бундай дейилади: ўзини ўзи банд қилган шахсларга 4% ставка бўйича солиқ солиш тартиби белгилансин. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, бажарувчи ўзини ўзи банд қилган шахс бўлиб қолади, ўзини ўзи банд қилган шахс имтиёзларини сақлаб қолади, бироқ ижтимоий солиқдан ташқари жами даромаднинг 4%и миқдорида солиқ тўлайди.
Ҳар қандай ҳолда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун жами даромадни ҳисоб-китоб қилиш тартиби белгиланиши керак. Бу чегаравий миқдорни аниқлашда риоя қилиниши лозим бўлган асосий қоидалар бўлади.
Норматив-ҳуқуқий база ва дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари ушбу тизимни ўзини ўзи банд қилган шахс бухгалтерларнинг ёрдамисиз ишлаши учун максимал даражада соддалаштириши муҳимдир.
Шунга эътиборни қаратишни истардимки, ўзини ўзи банд қилган шахслар институти жаҳоннинг кўп мамлакатларида мавжуд. Ҳар бир ҳолда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун муайян мезонлар белгиланган, уларга мувофиқ келганда ўзини ўзи банд қилган шахсга айланиш ва улар учун белгиланган соддалаштирилган қоидалар бўйича ишлаш мумкин.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг йиллик даромади учун чегара жорий этиш кутилган ҳолатдир. Ўзини ўзи банд қилган шахслар институти анча катта тоифадаги инсонларни соядан чиқариш, уларнинг ижтимоий ҳимояланганлигини ошириш учун керак бўлган. Ижтимоий солиқни тўлаган ҳолда, улар давлат пенсиясини ишлаб олишади. Энди эса яна, афтидан, инфратузилмани ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган солиқларни ҳам тўлашади.