Ўзбекистон бўйлаб саёҳат чоғида қандай имтиёзларни қўллаш мумкин

preview

Buxgalter.uz корхона ходимлари ва учинчи шахслар учун саёҳат йўлланмаларини харид қилишнинг солиқ оқибатлари ҳақида кўп маротаба ёзган эди. Мавзунинг давомида яна иккита вазиятни кўриб чиқамиз: 1) иш берувчи яхши ишлаганлиги учун айрим ходимларини Бухоро ва Самарқандга саёҳат билан рағбатлантирди. Бундай рағбат ушбу ходимлар учун моддий наф ҳисобланадими? Бу ҳол учун ЖШДС бўйича қандайдир имтиёзлар мавжудми? 2) Ходим мустақил равишда Хивага туристик йўлланма сотиб олди, у ЖШДС бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкинми?

 

– Ҳа, корхона томонидан туристик йўлланма харид қилиниши ва саёҳат билан боғлиқ харажатларга ҳақ тўланиши ушбу ходимлар учун моддий наф ҳисобланади .

Бироқ, имтиёзлар ҳам мавжуд:

1) агар ташкилот йўлланмаларнинг қийматини тўлиқ ёки қисман қопласа, ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилади, бундан туристик йўлланмалар мустасно :

  • ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан ушбу иш берувчида ишламайдиган ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон ҳудудида жойлашган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига;
  • ўз ходимларининг 16 ёшгача болалари (ўқийдиганларга - 18 ёшгача) учун Ўзбекистон ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, санаторий-курорт ҳамда соғломлаштириш муассасаларига;

2) давлат фуқаролар ва ходимлар учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида республика бўйлаб ички саёҳатга тааллуқли преференция ва имтиёзларни белгилади. Хусусан, 2018 йил 10 февралдан 2025 йил 1 январга қадар :

  • иш берувчининг туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республика доирасида туристик турларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди. Бинобарин - ЖШДС солинмайди. Бундан ташқари, бундай харажатлар юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолиниши лозим ;
  • жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон бўйлаб туристик турларни туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади. Туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

Бинобарин, мустақил равишда ўз номига йўлланма харид қилган ходим ҳам тасдиқланган харажатлар асосида солиқ чегирмаси тарзида ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаши мумкин. Буни корхона бухгалтерияси орқали ва жами даромад тўғрисида декларация асосида амалга ошириш мумкин. 

Эътибор беринг
2022 йил 1 июндан бошлаб "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида жамоа шартномаларига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба республика бўйлаб саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилиши шарт . Саёҳатлар бўйича харажатлар иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қопланади.

Эслатиб ўтамиз: агар туристик йўлланмалар харид қилишда ташкилот ҚҚСни ҳисобга олган бўлса, уларни ходимларга топширишда, бир томонлама ЭҲФ расмийлаштирган ҳолда йўлланмалар қийматига ҚҚС солинг .

Татьяна ЛИМАРЕВА,

“Норма” эксперти


ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /uz/publish/doc/text181789_uzbekiston_buylab_saehat_chogida_qanday_imtiezlarni_qullash_mumkin