Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Товар-моддий захиралар қолдиқларидан ҚҚС қандай ажратиб чиқарилади
Юридик шахс умумбелгиланган солиқларни тўлашга ва (ёки) ҚҚСни ихтиёрий тўлашга ўтганда товарлар (ишлар, хизматлар) қолдиқлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу солиқ тўловчига бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини камайтириш имконини беради. Буни қандай амалга ошириш тўғрисида «Норма» экспертлари маслаҳат берадилар.
Корхона ҚҚС тўловчисига айланса, ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли бўлади. Ўтилган пайтдан эътиборан товарлар (ишлар, хизматлар) қолдиқлари таннархида ҳисобга олинган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи Солиқ кодексининг 218-моддасида белгиланган.
Мисоллар
Корхона товарни 120 минг сўмга харид қилди, шу жумладан ҚҚС 20 минг сўм. Сўнг уни харидорга 150 минг сўмга сотди, шу жумладан ҚҚС 25 минг сўм. Корхона ушбу битимдан бюджетга жами атиги 5 минг сўм (25 – 20) ҚҚС тўлаши керак. Бу корхона илгари сотувчига тўлаган 20 минг сўм миқдоридаги ҚҚСни ҳисобга олиши мумкинлиги билан боғлиқ.
Қуйидаги шартларнинг БАРЧАСИГА риоя этган тақдирдагина товарлар қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга олинг:
- ҚҚС суммаси ТМЗ (ишлар, хизматлар) харид қилинганда тўланган ва бошланғич ҳужжат билан тасдиқланган бўлса;
- ҚҚС суммаси солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатига мувофиқ товар таннархига киритилган бўлса.
Диққат
Ҳисоб сиёсатига мувофиқ балансдаги товар контракт қиймати бўйича ҳисобга олиниши мумкин. Бироқ 4-сон БҲМСнинг 22-бандида ташкилот қайта сотиш учун харид қилган товарлар ҳисобини уларнинг харид қиймати бўйича юритишга рухсат берилган. Бунда 4-сон БҲМСнинг 13-бандида назарда тутилган товарларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар улар юзага келган ҳисобот даврида ташкилотнинг давр харажатларига (реализация қилиш бўйича) киритилади. Бу ҳолда товарни импорт қилиш чоғида тўланган ҚҚС корхонанинг ҳисоб сиёсатига мувофиқ давр харажатларига ҳисобдан чиқарилиши мумкин эди. Бинобарин, товар қолдиқлари таннархида ҚҚС бўлмаса, бундай ҚҚС суммасини ҳисобга олишнинг иложи ҳам бўлмайди. Товар қолдиқлари қийматида кирувчи ҚҚС бўлса, уни ажратиб чиқариш ва ҳисобга олиш мумкин.
Қандай активлар қийматидан ҚҚСни ажратиб чиқариш мумкин
ТМЗ қолдиқлари қийматида мавжуд ҚҚС суммасини ҳисобга олиш учун товарлар, материаллар, тугалланмаган ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотлар қийматидан ҚҚСни ажратиб чиқаринг. Яъни 1000–2900 бухгалтерия счётлари бўйича қолдиқлардан.
Асосий воситалар, номоддий активлар қолдиқлари қийматига киритилган ҚҚС суммасини ҳисобга олиб, шунингдек капитал қўйилмалар счётларида акс эттирилган суммалардан солиқни ажратиб чиқариб бўлмайди.
Нимадан бошлаш керак
Ўтиш санасида барча ҳисобга олинган ҚҚС суммаларини жамлаш учун:
1. Қийматига ҚҚС киритилган товар-моддий захиралар (ТМЗ) қолдиқларини аниқланг. 19-сон БҲМСга мувофиқ инвентарлаш йўли билан ТМЗнинг ҳақиқатда мавжудлигини тасдиқланг.
2. ТМЗ қолдиғидан уларнинг таннархини шакллантирган ва ҚҚС билан харид қилинган товарлар, шунингдек ишлар ва хизматларни ажратиб чиқаринг.
3. ҚҚС билан харид қилинган ТМЗ балансга келиб тушганини тасдиқловчи ҳужжатларни йиғинг. Булар кирувчи ҳисобварақ-фактуралар, БЮД ва етказиб берувчилардан илгари олинган бошқа ҳужжатлар бўлиши мумкин. Уларда ҚҚС ажратиб кўрсатилган бўлиши керак:
– ҳисобварақ-фактуралар устунларида солиқ ставкаси (8-устун) ва суммаси (9-устун) кўрсатилган бўлиши керак. Улар Солиқ кодексининг 222-моддаси, МВ ва ДСҚнинг қарорига 3-иловага мувофиқ расмийлаштирилган бўлиши керак.
4. Бухгалтерия маълумотномаларини тайёрланг, уларда қолдиқлар таннархидан кирувчи ҚҚС суммасини ажратиб чиқаришга оид ҳисоб-китобларни амалга оширинг.
ТМЗ қолдиқлари қийматини аниқлаш усулига қараб ҚҚСни ажратиб чиқариш хусусиятлари
ТМЗ қолдиқлари (шу жумладан ишлаб чиқаришга топширилган) қиймати қуйидаги усуллардан бири ёрдамида аниқланади:
а) тегишли бирликнинг идентификацияланган таннархи бўйича;
б) товар-моддий захираларни харид қилиш вақтига қараб биринчисининг таннархи (ФИФО) бўйича;
в) ўртача тортилган қиймат (AVECO) бўйича.
ТМЗнинг ҳар бир гуруҳи (тури) бўйича йил давомида фақат битта қийматни аниқлаш усули қўлланилади.
Тегишли бирликнинг идентификацияланган таннархи, ФИФО
Ҳисоб сиёсатига мувофиқ ТМЗ қолдиқлари қийматини аниқлашнинг ушбу усулларидан фойдалансангиз, кирувчи ҚҚСни ажратиб чиқаришда қийинчилик юзага келмайди.
Мисоллар
Корхона қолдиқлар қийматини аниқлаш учун ФИФО усулидан фойдаланади. Товар маҳаллий етказиб берувчилар – ҚҚС тўловчилардан харид қилинган.
Ҳар бир номланишдаги товар таннархидан ҚҚСни формула бўйича ажратиб чиқаришингиз лозим: (ҳисобдаги товар таннархи айирув ҚҚС солинмайдиган хизматлар қиймати) / 120% х 20% = ҳисобга олинадиган ҚҚС.
Проводкалар жадвалда келтирилган (шартли суммалар билан):
Кўрсаткичлар |
Дт |
Кт |
Сумма |
31.12.2018 йилдаги ҳолатга кўра 1-сон номланишдаги товар таннархи сальдоси |
2910 |
|
60 156 407 |
Қолдиқларни инвентарлаш ва ҚҚСни ажратиб чиқариш натижасида қуйидагилар олинди: |
|
|
|
Товар таннархида ҚҚС солинмайдиган хизматлар ҳажми ҳисобланди = 156 407 сўм. Уларнинг суммаси 156 407 сўмни товар қолдиқлари таннархидан айирамиз |
Проводкалар талаб этилмайди |
156 407 |
|
ҚҚС ҳисоблаб чиқариладиган товар қолдиқлари таннархи (60 156 407 сўм – 156 407 сўм) |
Проводкалар талаб этилмайди |
60 000 000 |
|
1-сон номланишдаги товар захираси қийматидан ҳисобга олинадиган ҚҚС ажратиб чиқарилди (60 млн сўм / 120% х 20%) |
4410 |
2910 |
10 000 000 |
01.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра 1-сон номланишдаги товар таннархи сальдоси |
2910 |
|
50 156 407 |
Ҳисобга олинадиган ҚҚС |
4410 |
|
10 000 000 |
ҚҚС қайд этилган ҳисобварақ-фактуралар мавжуд бўлиши тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш шартларидан бири эканлигини унутманг. Ҳисобга олишга асос сифатида уларни тайёрлашингиз керак.
ҚҚС билан харид қилинган ТМЗ қолдиқларига оид ҳисобварақ-фактуралардан олдиндан нусха олишни тавсия этамиз. Нусхаларни ҚҚСни ажратиб чиқариш ҳисоб-китоби билан бирга бухгалтерия маълумотномасига илова қилинг.
AVECO. ТМЗ қолдиқлари қиймати ўртача тортилган қиймат (AVECO) усули билан аниқланса, қолдиқлардан ҚҚСни ажратиб чиқариш анча мушкул бўлади. Ушбу усулда омбордаги товар бирлиги таннархи харидни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланадиган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қийматга мос келмаслиги мумкин. Тегишли бирликнинг идентификацияланган таннархи бўйича ёки товар-моддий захираларни харид қилиш вақтига қараб биринчисининг таннархи (ФИФО) бўйича қолдиқлар қийматини аниқлаш усулидан фойдаланганда ҚҚСни ажратиб чиқаришда бундан номутаносибликлар юзага келмайди.
AVECO усулида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси кейинги ҳисобварақ-фактуралардаги ҚҚС суммасидан фарқланади. Ушбу фарқни диққат билан таҳлил қилинг. У бюджет фойдасига бўлмаса (масалан, товарнинг охирги туркуми чегирма билан келган бўлса), товарни туркумларга ажратинг ва ҚҚСни қайта ҳисобланг. Яна бир бор эслатиб ўтамиз, солиқ қонунчилигида ҳисобга олиш усулига боғлиқ бўлган фарқлар йўқ, асосийси кирувчи ҚҚС ҳужжатли асосига эга бўлиш керак.
Бунда ҳисобга олиш учун ажратиб чиқариладиган ҚҚСни ҳисоб-китоб қилиш вариантлари бўлиши мумкин. Улар туркумдаги товарни етказиб бериш қиймати ва сонига боғлиқ:
Мисоллар
1-вариант
Етказиб бериш учун ҳужжат |
Харид қилинган товарлар сони |
Балансда акс эттириш учун товар таннархи, млн сўмда |
Ҳисобварақ-фактурага кўра таннархга кирадиган, етказиб берувчига тўланган ҚҚС |
5.05.18 йилдаги 1-сон ҳисобварақ-фактура |
10 дона |
60 |
ҚҚС = 60 / 120 х 20 = 10 млн сўм, яъни 1 дона товар учун 1 млн сўм ҚҚС
|
10.11.18 йилдаги 2-сон ҳисобварақ-фактура |
10 дона |
120 |
ҚҚС = 120 / 120 х 20 = 20 млн сўм, яъни 1 дона товар учун 2 млн сўм ҚҚС
|
1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра сизда кирувчи ҚҚСли товарнинг 15 бирлиги қолган бўлса, AVECO усули бўйича уларнинг таннархи 135 млн сўмга ((60 + 120) / 20 х 15) тенг бўлади.
Таклиф этилган усул бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС 135 / 120% х 20% = 22,5 млн сўмни ташкил этади.
ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос сифатида қуйидагиларни илова қиласиз: товарнинг 10 донаси учун тўланган ҚҚС 20 млн сўмга (10 х 2) тенг бўлган 2-сон ҳисобварақ-фактура ва товарнинг 5 донаси учун тўланган ҚҚС 5 млн сўмга (5 х 1) тенг бўлган 1-сон ҳисобварақ-фактура. Товар қолдиғи бўйича ҳисобга олинадиган жами ҚҚС 25 млн сўмни (20 + 5) ташкил этади.
Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммалари турлича бўлиб чиқди.
Бу мисолда ҳисобга олинадиган ҚҚСни 22,5 млн сўмлик суммада, яъни AVECO усули бўйича ҳисобга олинган товар қийматидан ажратиб чиқарилган ҳисоб-китоб суммаси бўйича қабул қилишни тавсия этамиз.
Норма тавсия этади
ТМЗ қолдиқларида товар бирлиги таннархи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилганидан кам бўлса, ҳисоб сиёсатига мувофиқ аниқланган қийматга мувофиқ келадиган ҚҚС суммасини ҳисобга олинг.
Мисоллар
2-вариант
Етказиб бериш учун ҳужжат |
Харид қилинган товарлар сони |
Балансда акс эттириш учун товар таннархи, млн сўмда |
Ҳисобварақ-фактурага кўра таннархга кирадиган, етказиб берувчига тўланган ҚҚС |
5.05.18 йилдаги 1-сон ҳисобварақ-фактура |
10 дона |
120 |
ҚҚС = 120 / 120 х 20 = 20 млн сўм, яъни 1 дона товар учун 2 млн сўм ҚҚС
|
12.11.18 йилдаги 2-сон ҳисобварақ-фактура |
10 дона |
60 |
ҚҚС = 60 / 120 х 20 = 10 млн сўм, яъни 1 дона товар учун 1 млн сўм ҚҚС
|
1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра сизда кирувчи ҚҚСли товарнинг 15 бирлиги қолган бўлса, AVECO усули бўйича уларнинг таннархи 135 млн сўмга ((60 + 120) / 20 х 15) тенг бўлади. Товар бирлиги таннархи 9 млн сўмга тенг.
Таклиф этилган усул бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС 135 / 120% х 20% = 22,5 млн сўмни ташкил этади.
ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос сифатида қуйидагиларни илова қиласиз: товарнинг 10 донаси учун тўланган ҚҚС 10 млн сўмга (10 х 1) тенг бўлган 2-сон ҳисобварақ-фактура ва товарнинг 5 донаси учун тўланган ҚҚС 10 млн сўмга (5 х 2) тенг бўлган 1-сон ҳисобварақ-фактура.
Товар қолдиғи бўйича ҳисобга олинадиган жами ҚҚС 20 млн сўмни (10 + 10) ташкил этади. Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммалари турлича бўлиб чиқди.
Товар қолдиғи бўйича жами ҚҚС 20 млн сўмни ташкил этади. Ҳисобга олинадиган ҚҚСни 20 млн сўмлик суммада қабул қилишни тавсия этамиз.
Норма тавсия этади
ТМЗ қолдиқларида товар бирлиги таннархи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилганидан кўп бўлса, ҳисоб сиёсатида кўрсатилган қийматга мувофиқ келадиган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш лозим.
ИМПОРТ ҚИЛИНГАН ТОВАР
Қуйидаги иккита шартга риоя этсангиз, импорт қилинган товарлар қолдиқлари бўйича ҳам ҚҚС суммасини ҳисобга олишингиз мумкин бўлади:
- ҚҚС суммаси у импорт қилинганда тўланган ва бошланғич ҳужжат билан тасдиқланган бўлса;
- ҚҚС суммаси солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатига мувофиқ товар таннархига киритилган бўлса.
Корхона товарни импорт қилганда солиқ солиш тартибидан қатъи назар Солиқ кодексининг 206-моддасига мувофиқ ҚҚС тўлайди. ЯСТ тўловчисининг (ҚҚСни ихтиёрий равишда тўламайдиган) балансидаги импорт товар харид қиймати бўйича, тўланган ҚҚС ва харид қилиш билан боғлиқ бошқа харажатларни унга киритган ҳолда ҳисобга олиниши мумкин.
Товарнинг божхона ва контракт қиймати тенг бўлса, бу ҳисобга олиш учун ҚҚСни ҳисоб-китоб қилиш жараёнини осонлаштиради. Ҳисоб-китоб юқорида кўрсатилганига ўхшаш бўлади.
Қуйидагича йўл тутиш лозим: товарнинг мазкур турига ҳисобланган ҚҚСни унинг сонига бўлинг. Шу тариқа, кўрсатилган позициядаги товар бирлиги учун ҳисобга олинадиган ҚҚС аниқланади.
Мисоллар
10 дона товар импорт қилинди. Унинг контракт қиймати божхона қийматига тенг ва 1 000 АҚШ долларини ташкил этади. Товарга мулк ҳуқуқи ўтган санада МБ курси 1 АҚШ доллари = 8 200 сўмни ташкил этган.
Божхонада расмийлаштириш чоғида 1 640 000 сўмлик суммадаги божхона божи ва 1 968 000 сўмлик суммадаги ҚҚС тўланган.
1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра омбордаги мазкур товар қолдиғи – 2 дона, 2 361 600 сўмлик суммада ((1 000 х 8 200 + 1 640 000 + 1 968 000) / 10 х 2).
Ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҚҚС 393 600 сўмни ташкил этади (1 968 000 / 10 х 2).
Товарлар счётида 1 968 000 сўмлик суммадаги (2 361 600 – 393 600) 2 дона товар қолади.
Божхона ва контракт қиймати
Муайян ҳолларда БЮДни «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» (ИМ-40) режимида расмийлаштираётганда товарнинг божхона қиймати контракт қийматидан фарқланади. У товарнинг контракт қийматидан ошиши мумкин. «Импорт» ҚҚС айнан божхона қийматидан ҳисобланади.
Божхона қиймати контракт қийматидан юқори бўлса, ҚҚСни ажратиб чиқариш қийинроқ бўлади.
Вазият
Ҳар бир импорт етказиб беришда битта номланишдаги товар бир хил божхона қийматига эга бўлади. БЮДни гуруҳланг, ҚҚСни эса қуйидагича ҳисобланг: сонда ифодаланган ушбу номланишдаги товар қолдиғини божхона баҳосига кўпайтиринг.
Мисоллар
10 дона товар импорт қилинди. Унинг контракт қиймати 1 000 АҚШ долларига тенг, божхона қиймати эса 1 200 АҚШ доллари. Божхонада расмийлаштирилган санада МБ курси 1 АҚШ доллари = 8 200 сўмни ташкил этган.
Божхонада расмийлаштириш чоғида 1 968 000 сўмлик суммадаги божхона божи ва 2 361 600 сўмлик суммадаги ҚҚС тўланган.
1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра омбордаги мазкур товар қолдиғи – 2 дона, 2 361 600 сўмлик суммада ((1 000 х 8 200 + 1 968 000 + 2 361 600) / 10 х 2).
Ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҚҚС 472 320 сўмни ташкил этади ((1 200 х 8 200 + 1 968 000) / 10 х 2 х 20%).
Товарлар счётида 1 889 280 сўмлик суммадаги (2 361 600 – 472 320) 2 дона товар қолади.
Бошқача йўл тутиш ҳам мумкин.
Ушбу турдаги товарга ҳисобланган ҚҚСни унинг сонига бўлиш.
Шу тариқа, кўрсатилган позициядаги товар бирлиги учун ҳисобга олинадиган ҚҚСни аниқлайсиз.
Мисоллар
10 дона товар импорт қилинди. Унинг контракт қиймати 1 000 АҚШ долларига тенг, божхона қиймати эса 1 200 АҚШ доллари. Божхонада расмийлаштирилган санада МБ курси 1 АҚШ доллари = 8 200 сўмни ташкил этган.
Божхонада расмийлаштириш чоғида 1 968 000 сўмлик суммадаги божхона божи ва 2 361 600 сўмлик суммадаги ҚҚС тўланган.
1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра омбордаги мазкур товар қолдиғи – 2 дона, 2 361 600 сўмлик суммада ((1 000 х 8 200 + 1 968 000 + 2 361 600) / 10 х 2).
Ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҚҚС 472 320 сўмни ташкил этади (2 361 600 / 10 х 2).
Товарлар счётида 1 889 280 сўмлик суммадаги (2 361 600 – 472 320) 2 дона товар қолади.
Вазият
Божхонада товар импорт қилинаётганда акциз ва божхона божи тўланади. Бу ҳолда товар қолдиғининг олинган божхона қийматини товар бирлигига тўғри келадиган ҳисобланган акциз ва бож суммасига оширинг. Натижада божхонада ҚҚСни ҳисобла учун база юзага келади.
Мазкур товар бирлиги бўйича ҳисобга олиш учун БЮД бўйича ҚҚС суммаси = (божхона қиймати + акциз + бож) х 20%ни ташкил этади.
Етказиб беришларда божхона қиймати ҳар гал фарқланса, ҳар бир келиб тушиш бўйича (ҳар бир БЮД бўйича) ҚҚСни ажратиб чиқаришга оид ҳисоб-китобларни қилишингизга тўғри келади.
Товар қолдиғи таннархига кирган хизматларда, масалан, сертификатлаш, ташиш хизматларида ҳам кирувчи ҚҚС бўлиши мумкин. Хизматлар бўйича ҚҚСни аввал товар бирлигига тақсимлаб, ажратиб чиқариш ва ҳисобга олиш мумкин. Сумма катта бўлмаса, ҳисоб-китобни қийинлаштирмаслик учун ушбу ҚҚСни ҳисобга олмаслик ҳақида қарор қабул қилиш мумкин.
ЭКСПОРТ
Корхонангиз ноль даражали ставкада солиқ солинадиган экспортга етказиб бериш билан шуғулланса, ҚҚСни ҳисобга олишингиз мумкин. Экспортчининг Ўзбекистон банкидаги счётига товарлар экспортидан умумий тушумдан аниқланадиган улушда валюта тушуми келиб тушгандан кейин ҳисобга олиш ҳуқуқи юзага келади.
ТМЗ қолдиқлари бўйича аниқланган, товарлар экспорти бўйича оборот мақсадларида фойдаланиладиган ҚҚС суммасини бухгалтерия ҳисоби регистрларида алоҳида ажратинг. Мисол учун, 4414-«Экспорт операцияларига оид ҚҚС бўйича аванс тўловлари» счётидан фойдаланинг. Бу кечиктирилган ҚҚСни ҳисобга олиш суммасининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиш имконини беради, сабаби бундай ТМЗ бўйича ҚҚС фақат келиб тушган валюта тушумидан улушда ҳисобга қабул қилинади.
Норма тавсия этади
1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра товарлар қолдиқларида ҚҚС ажратиб кўрсатилишини тартибга солувчи қўшимча норматив ҳужжат қабул қилинмаса, товарлар қолдиқлари бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚСни ҳисоб-китоб қилиш услубиятини (фаолиятингиз хусусиятларини инобатга олган ҳолда) ўзингиз ишлаб чиқишингиз ва уни тасдиқлаб, корхонанинг ҳисоб сиёсатига илова қилишингизни тавсия этамиз.
«Норма» экспертлари.