Хронометраж солиқ текширувига айланадими

preview

Солиқ кодексида (Солиқ кодексининг 71 ва 85-моддалари) хронометраж тўғридан-тўғри текширишлар сирасига киритилмаган. Бироқ ДСҚ томонидан тайёрланган Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришдан ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасининг айрим нормалари уни молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга айлантириб қўймоқда. 

  

Солиқ кодексининг хронометражга доир нормаларини солиштирамиз: 2019 йилдан нималар ўзгарди

 

2019 йил 1 январгача хронометраж кўздан кечириш «нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи» деб номланар эди. Ушбу тушунчанинг (Солиқ кодексининг 71-моддаси) янги ва эски талқинидаги асосий тафовутларни солиштирамиз:

 

01.01.2019 йилгача қандай эди

01.01.2019 йилдан кейин қандай бўлди

1. Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи хронометраж ўтказилган даврда ҳақиқатда келиб тушган нақд пул тушумини аниқлаш мақсадида ўтказилади

 

1. Хронометраж кўздан кечириш – хронометраж ўтказиладиган даврда тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган солиқ назоратининг шаклидир

2. Ўтказиш муддати 1–3 иш куни

2. Ўтказиш муддати 7 календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак

3. Хронометражни амалга ошириш жараёнида текширув ўтказишга, солиқ тўловчидан бирон бир ахборот ёки тушунтиришлар талаб қилишга, солиқ тўловчига нисбатан талаблар тақдим этишга ёки унинг фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди, бундан фискал хотирали НКМда сақланаётган хронометраж ўтказилаётган вақтга доир маълумотларни олиш мустасно

3. Хронометраж кўздан кечиришни амалга ошириш жараёнида солиқ тўловчидан ҳисобга олиш ҳужжатларини талаб қилишга, солиқ тўловчига нисбатан талаблар қўйишга ёки солиқ тўловчининг фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди, бундан солиқ тўловчидан тушунтиришлар олиш, шунингдек НКМларда ва тўлов терминалларида сақланаётган хронометражни ўтказиш даврига доир маълумотларни олиш мустасно

4. Хронометраж натижаларидан фақат тақдим этилаётган солиқ ҳисоботи тўғрилигини таҳлил этиш учун, шунингдек солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базасини юритиш учун фойдаланилади

 

4. Хронометраж кўздан кечириш натижаларидан солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш, шунингдек тақдим этиладиган ҳисоботларнинг ва ҳисоблаб чиқарилган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг суммалари ишончлилигини солиштириб кўриш учун фойдаланилади.

 

Солиқ органлари солиқ тўловчи фаолиятининг хусусиятлари ва мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда тақдим этилган хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид солиқ ҳисоботида акс эттирилган, реализация қилишдан олинган тушум тўғрисидаги маълумотларни реализация қилишдан хронометраж жараёнида олинган тушум тўғрисидаги маълумотлар билан солиштиришни амалга оширади.

 

Агар хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид тақдим этилган солиқ ҳисоботида реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги аломатлари аниқланса, солиқ органлари солиқ тўловчига талабнома юборади.

 

Солиқ тўловчи тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда солиқлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосларини тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 70-моддаси)

5. Хронометраж натижаси солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди

 

5. Солиқ тўловчида реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги такроран аниқланган тақдирда, бу ҳаракатлар солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик сифатида таснифланади

 

Солиштирма жадвал қуйидаги хулосаларни чиқариш имконини беради:

 

1. Хронометраж объектларининг рўйхати анча кенгайган. Илгари унда нақд пул тушуми келиб тушишини аниқлаш назарда тутилган бўлса, энди ишлаб чиқариш, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмлари ҳам қўшилган.

2.  Хронометраж ўтказиш муддати ошган – 3 кундан 7 календарь кунгача.

3.  Илгари хронометраж ўтказиш вақтида «текширув ўтказишга йўл қўйилмаган» бўлса, энди ушбу чеклов олиб ташланган, солиқ тўловчидан тушунтиришлар олишга рухсат берилган. Амалда бу солиқ текширувига айланиши мумкин, бу тақдим этилган Низом лойиҳаси билан тасдиқланмоқда.

4. Илгари хронометраж натижалари солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмас эди. Янги таҳрирда жавобгарликнинг ҳар хил турлари ва тегишли таснифлар юзага келган (Солиқ кодексининг 70 ва 71-моддалари), бу ҳам хронометраж кўздан кечиришни солиқ текширувига яқинлаштиради.

 

                            Бартараф этилиши керак бўлган ноаниқликлар

 

Энди бевосита Низом лойиҳасига мурожаат қиламиз. Бизнинг назаримизда қўшимча ишлов беришни талаб этадиган нормаларга тўхталиб ўтамиз.

 

11б бандда «қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлар» стандарт формулировкаси билан солиқ органларининг ҳуқуқлари рўйхати келтирилган, у очиқ рўйхат ҳисобланади. Қонун ҳужжатларига ҳавола қилмасдан солиқ органлари ходимлари ҳуқуқларининг ёпиқ рўйхатини белгилаш мақсадга мувофиқдир.

 

Низом лойиҳаси 9-бандида хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш учун асослар белгиланган. Биринчи асос кўп саволларни юзага келтиради – «солиқ органлари томонидан ўрганиш натижаларига кўра олинган тушумларнинг ҳажмлари камайтириб кўрсатилишига оид шубҳали маълумотлар». «Шубҳали маълумотлар» тушунчасини юридик жиҳатдан аниқ талқин этишнинг имкони йўқ. Ҳар қандай маълумотни «шубҳали» деб топиш ва хронометраж кўздан кечиришни уюштириш мумкин.  

 

Хронометраж ўтказиш учун асосларни объектив ва очиқ-ошкора белгилаш учун қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

  • хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш учун аниқ асосларни кўрсатиш;
  • хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш учун асосларни жадвал кўринишидаги ҳужжатлар шаклида тасдиқлаш, уларни солиқ инспекторлари тўлдирадилар. Ушбу шакллар хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш учун буйруқлар сингари рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак. Шунда солиқ инспектори ҳуқуқбузарлик қилишининг олди олинади;
  • ДСИ раҳбарияти томонидан тасдиқланадиган аниқ субъект ва унинг объектлари бўйича хронометраж тадбирлари режаларини тузиш.

 

Бундай қоғозбозликнинг нима кераги бор, дейишлари мумкин. Усиз нафақат хронометраж кўздан кечиришни, балки солиқ назоратининг ҳар қандай бошқа турини ўтказишда ҳам ҳаққонийлик, объективлик ва шаффофликка эриша олмаймиз.

 

Маҳсулотлар ишлаб чиқариш хронометражи ўтказиладими ёки текширувми?

 

Энди бевосита хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш қоидаларига мурожаат қиламиз. Чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида (Низом лойиҳасининг 17а банди) у моҳиятан амалдагисидан фарқ қилмайди (09.04.2008 йилда 1788-сон билан рўйхатдан ўтказилган Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини ўтказиш тартиби тўғрисида низом), шу боис уларга тўхталиб ўтирмаймиз.

 

Маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида хронометраж ўтказиш қоидалари (Низом лойиҳасининг 17б банди) эса кўп саволларни келтириб чиқаради. Хронометражда (чакана савдода бўлганидек) ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар миқдори ва қиймати аниқланиши тушунарли. Бироқ лойиҳада унга янада чуқур ёндашилган:

  • омборда мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда маҳсулотлар таннархи ва қиймати таққосланади;
  • сарфланган табиий ресурслар (газ, электр энергияси, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари) ҳажми қайд этилади (ўлчов асбоблари орқали);
  • маҳсулотларни ишлаб чиқаришга сарфланган хом ашё ва материаллар таҳлил қилинади;
  • ускуналар сони ва уларнинг қувватлари аниқланади ва ҳ.к.

 

Яъни ишлаб чиқариш хронометражи моҳиятан олганда солиқ текширувига айланади. Аслида Солиқ кодексининг 71-моддасида белгиланганидек, «реализация қилинган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш бўйича хронометраж кўздан кечиришни амалга ошириш жараёнида солиқ тўловчидан ҳисобга олиш ҳужжатларини талаб қилишга, солиқ тўловчига нисбатан талаблар қўйишга ёки солиқ тўловчининг фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди…».

 

Хронометраж натижаларига кўра солиқларни қандай ҳисоблаш таклиф этилмоқда

 

Ва ниҳоят, энг қийини – хронометраж кўздан кечириш натижаларига кўра қуйидаги формулалар бўйича солиқларни ҳисоблаш:

  • ЯСТ, ҚҚС, акциз ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ = (хронометраж натижаларига кўра ўртача кунлик тушум х ҳисобот давридаги иш кунлари сони) х солиқ ставкаси;
  • фойда солиғи бўйича = (хронометраж натижаларига кўра ўртача кунлик тушум х ҳисобот давридаги иш кунлари сони) х олдинги ҳисобот давридаги рентабеллик даражаси) х солиқ ставкаси (Низом лойиҳасининг 26-банди).

 

Сўнг солиқ органлари ўз ҳисоб-китобларини солиқ тўловчи тақдим этган ҳисоб-китоблар билан солиштиради. Агар хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид тақдим этилган солиқ ҳисоботида олинган тушумнинг (ва, тегишинча, солиқлар суммасининг) камайтирилганлиги аломатлари аниқланса, солиқ органлари солиқ тўловчига талабнома юборади. Солиқ тўловчи тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда солиқлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосларини тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 70-моддаси).

 

ЯСТ тўловчи савдо корхоналари учун шундай шартли ҳисоб-китоб қилиниши мумкин. Бироқ солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимидаги ишлаб чиқариш корхоналари учун солиқларни ҳисоблаб чиқаришни бундай соддалаштишнинг имкони йўқ.

 

Ушбу солиқларда (ЯСТ, ҚҚС, акциз, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ) тушум солиқ солинадиган базани аниқлашда иштирок этади. Бироқ ҳар бир солиқнинг ўз солиқ солиш объекти, солиқ солинадиган базаси, солиқ солинмайдиган объектлари, имтиёзлари, ҳисоблаб чиқариш тартиби ва бошқа жиҳатлари бор. Ушбу барча солиқларнинг битта услубият бўйича ҳисоблаб чиқарилиши ҳам тўғри бўлмаса керак.

 

Фойда солиғи бўйича ҳам шундай. Бу ерда ҳам тушум олинади, бироқ рентабелликни ҳисобга олган ҳолда. Яна ўша саволлар юзага келади: қандай рентабелликни олиш керак, бошқа даромадлар ҳисобга олинадими, солиқ солинмайдиган даромадлар, имтиёзлар, ҳар хил фаолият турлари бўйича ҳисоблаб чиқариш тартиби билан қандай йўл тутилади, норезидентлар бўйича солиқ ҳисоблаб чиқарилиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

 

Яна бир савол. Ишлаб чиқариш корхоналари бўйича 7 кунлик (хронометраж ўтказиладиган вақтдаги) тушумни солиқ тўловчининг чораклик ёки ойлик тушуми билан қандай таққослаш мумкин? Ишлаб чиқариш жараёнининг ўз цикллари бор – улар бир ҳафта ҳам, бир ой ҳам давом этиши мумкин, лекин фақат 7 кун ҳисобга олинади. Ишлаб чиқаришга кўп омиллар: электр таъминотидаги узилишлар, таъминот ва реализация қилиш билан юзага келадиган муаммолар, мавсумийлик ва бошқалар таъсир ўтказишини инобатга олиш зарур.

 

Лойиҳада ҳар битта хронометраждан кейин солиқ тўловчи солиқ органининг талабига биноан ойнинг ёки чоракнинг 7 кунидаги маълумотлар экстраполяцияси билан тафовутларни «асослаши» таклиф этилмоқда. Бу қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:

  • солиқ тўловчи ва солиқ органининг ўзаро муносабатлари мураккаблашишига;
  • солиқ тўловчида ҳам, солиқ органида ҳам ортиқча иш ортишига;
  • порахўрлик кўпайишига – солиқ тўловчи ва солиқ органи қанча кўп алоқа қилса, порахўрлик шунча кўпаяди;
  • ва, тегишинча, солиқ солишнинг асосий принциплари – соддалаштириш, адолатлилик, солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси бузилишига.

 

Ишлаб чиқариш учун хронометраждан кўра текширишлар самаралироқ 

 

Барча мамлакатларда солиқлар келиб тушиши устидан назорат қилиш учун солиқ текшируви асосий дастак бўлиб хизмат қилади. Солиқ текширувини «хронометраж кўздан кечириш», «мавзули экспресс-ўрганиш», «мониторинг» ёки яна қандайдир янги атама билан номлашимиздан текшириш тушунчасининг моҳияти ўзгариб қолмайди. Назорат дастаклари кўпайишидан ҳеч ким ютмайди, масалани чигаллаштирганимиз қолади.

 

Сайёр текширишларнинг иккита туридан фойдаланиш мақсадга мувофиқ:

  • 7 кунгача қисқа муддатли текширишлар. Қўйилган вазифадан келиб чиқиб уларнинг доирасида турли назорат тадбирлари: хронометраж кўздан кечириш, мавзули экспресс-ўрганиш, мониторинг ва бошқалар ўтказилиши мумкин;
  • муддати 2 ойгача бўлган тафтиш ёки кенг қамровли текширув. У ш.ж. таваккалчиликни таҳлил этиш натижаларига кўра тайинланиши мумкин. 

 

Шу муносабат билан солиқ назоратини амалга ошириш қисмида Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

 

Умумий хулосалар

 

Фикримизча:

  • таклиф этилаётган Низом лойиҳаси умуман олганда ўзиники бўлмаган маҳсулотни ҳар куни сотадиган (айниқса нақд пулга) савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари учун тўғри келади. Шунда ҳам солиқларни юқорида кўрсатилган формулаларга асосланиб эмас, балки амалдаги солиқ қонунчилиги ва солиқ тўловчиларнинг ҳисоботларидан келиб чиқиб ҳисоблаш зарур;  
  • ишлаб чиқариш корхоналари учун бу – хронометраж эмас, амалда солиқ текширувидир. Бунда таклиф этилаётган солиқларни ҳисоблаш услубияти Солиқ кодексига зид бўлиб чиқади;
  • ишлаб чиқариш корхоналари учун мавзули экспресс-ўрганиш самаралироқ бўлади. Мавзули текширишда Низом лойиҳасида кўрсатилган ишлаб чиқариш корхоналари учун хронометраж ўтказиш қоидаларидан фойдаланиш мумкин бўлади.                                      

 

Жорилла Абдуллаев.