Қандай ҳужжатлар ЛБМА қошидаги Марказда экспертизадан ўтказилади

preview

«Электрон ҳукумат» тизими доирасида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш сифатини яхшилашга бағишланган навбатдаги ҳужжат қабул қилинди (21.05.2019 йилдаги ПҚ-4328-сон қарорга қаранг).

Эслатиб ўтамиз, илгари «Электрон ҳукумат» ва рақамли иқтисодиёт тизимини ривожлантириш доирасида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотлар яратиш ва жорий этиш бўйича лойиҳаларни ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги бошқа лойиҳаларни яратиш ва жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишнинг янги қоидалари жорий этилган (18.05.2019 йилдаги ПҚ-4321-сон қарор ва шарҳга қаранг).

Бундай лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан лойиҳа паспорти ва концепциясини келишиш, техник топшириқ ва тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, амалга оширишни мувофиқлаштириш, ишга тушириш ва постмониторинги алоҳида Низом билан тартибга солинди.

ЛБМА қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш марказига (кейинги ўринларда – Марказ) қўшимча вазифалар юклатилди:

  • «Электрон ҳукумат» тизимини ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида лойиҳаларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
  • иқтисодиётнинг турли тармоқларида «ақлли» ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш технологияларини жорий этишнинг концептуал ва услубий асосини шакллантириш;
  • жаҳон стандартлари талабларига мувофиқ «Электрон ҳукумат» тизимининг ривожланиш даражасини тавсифловчи статистик маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва ҳисобга олиш тизимини юритиш;
  • тадқиқотлар ўтказиш ва иқтисодиёт тармоқларини ахборотлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг ягона технологик сиёсатини таъминлаш;
  • «Электрон ҳукумат» тизимининг инфратузилмасини, ЯИДХПни ва давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизимини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида янада ривожлантиришни таъминлаш;
  • лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштиришга йўналтириладиган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, беғараз техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар), халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари имтиёзли кредитларининг самарали ишлатилиши устидан мониторинг олиб боришда ваколатли органларга кўмаклашиш.

Марказ фаолияти давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, устав фондида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, ривожланиш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган барча лойиҳаларга татбиқ этилади. Бунда бошқа лойиҳалар ташаббускорлари (буюртмачилар) шартнома асосида техник топшириқ ёки тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун мустақил равишда Марказга мурожаат қилишлари мумкин.

Агар лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва қўллаб-қувватлаш давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, беғараз техник кўмаклашиш (грантлар) маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаштирилса, Марказ билан келишиш талаб этилади.

2019 йил 1 июндан бошлаб қийматидан қатъи назар, нарх кўрсаткичларининг ўртача бозор даражасини ўрганиш якунлари бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар асосида шакллантириладиган лойиҳанинг чекланган қиймати белгиланган ҳолда лойиҳаларнинг техник топшириқлари ва тендер ҳужжатлари Марказга экспертизага киритилади. Бу ҳужжатлар Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида келишилмайди ва экспертизадан ўтказилмайди. Экспертизадан ўтказиш учун ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда, лойиҳа чекланган қийматининг 0,5%и миқдорида (тендер ҳужжатлари бўйича - ҳар бир лот суммасидан), бирок ЭКИҲнинг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлов ундирилади. Экспертиза 100% олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан амалга оширилади.

Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари белгиланди. Хусусан, 29.08.2017 йилдаги ПҚ-3245-сон қарорда назарда тутилган давлат хизматлари учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммасининг 10%и миқдоридаги маблағлар, шунингдек, ЯИДХП орқали кўрсатиладиган давлат хизматларидан ташқари, Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматлари кўрсатилганлиги ва бошқа тўловларни амалга ошириш учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммасининг 1%и миқдоридаги маблағлар Марказнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.05.2019 йилдан кучга кирди.


Олег Заманов.