ЯММТ қандай ишлайди. Амалий саволлар ва жавобларни янгича саралаш

preview

2020 йил 1 январдан бошлаб иш берувчилар Ягона миллий меҳнат тизимида ишлашни бошладилар, унда меҳнат шартномалари рўйхатдан ўтказилади ва электрон меҳнат дафтарчалари шакллантирилади.  Амалиётда бунга оид саволлар юзага кела бошлади. Тез-тез учрайдиган саволларга «Norma» МЧЖнинг кадрлар масалалари бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб беради.  

1. Биринчи марта ишга қабул қилинаётган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари бланкалари харид қилиниши зарурми?

- 2020 йил 1 январдан кейин ишга қабул қилинган ходимлар учун меҳнат дафтарчалари бланкаларини харид қилиш шарт эмас, чунки уларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги барча маълумотлар электрон меҳнат дафтарчасида акс эттирилади.

2. Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари тарихда қолиб, электрон дафтарчалар билан алмаштирилди, кадрларга оид бошқа ҳужжатлар нима бўлади?

- Улар ҳозирча ўзгармайди. Барча кадрларга оид ҳужжатлар худди илгаригидек расмийлаштирилади ва юритилади.

3. Ташкилотда кўп йиллардан буён ишлайдиган ходимларнинг меҳнат дафтарчалари энди қандай юритилади?

- Ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилингунига қадар уларни ташкилотда сақлашда давом этинг. У ишдан бўшаганидан кейин қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасида ҳам ЯММТдаги тегишли ёзувларни қайд этинг ва уни эгасига топширинг. Бундан кейин эса ушбу жисмоний шахснинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги ёзувлар қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасига киритилмайди. Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасининг эгасига шу пайтдан бошлаб уни талаб қилингунига қадар сақлаш масъулияти юклатилади.

 4. Электрон меҳнат дафтарчасига ҳеч қандай ёзув киритилмаган бўлса ёки бутун меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаса, ташкилот раҳбари ходимнинг ёки номзоднинг меҳнат фаолияти ҳақида тўлиқ маълумотни қандай олиши мумкин?

- Меҳнат кодексининг 80-моддасида ходим иш берувчига қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини тақдим этишга мажбурлиги белгиланган. Ҳозирча сиз ишга қабул қилинаётган ходимдан ушбу ҳужжатни сўраш учун юридик асосга эгасиз. Бироқ, яқин вақтда ушбу нормага тузатиш киритилиши мумкин.

5. Электрон меҳнат дафтарчаси шаклида унга ходимнинг меҳнат стажи тўғрисидаги барча маълумотлар, шунингдек унинг қариндошлари тўғрисидаги маълумотлар киритилиши назарда тутилган. Ушбу маълумотларни киритиш мумкинми?

– Давлат мулкчилик шаклидаги ташкилотларнинг кадрлар хизмати ходими ушбу маълумотларни киритиши шарт. Нодавлат ташкилотлари бундай қилиши шарт эмас, бу масалани ўз ихтиёрига кўра ҳал этиши мумкин.  

Президентнинг 31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон қарорида 2020 йил 1 январгача бўлган иш стажи қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси асосида, 1 январдан эса ЯММТ маълумотлари бўйича ҳисобланади.

6. Ташкилотда анча йил олдин ишга қабул қилинган ходимлар ҳам бор. Уларнинг йиғмажилдида турли лавозимларга ва бўлинмаларга кўчирилгани ҳақида ёзувлар жуда кўп. Кадрлар ходимининг ишини енгиллаштириш учун бундай ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиб, янгисини тузиш мумкинми?

– Бунга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Ходим розилик билдирмаса, меҳнат шартномаси қайта тузилмайди.

Шунингдек иш берувчи ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чеклашга ҳақли эмас. Масалан, корхонанинг локал ҳужжатларида корхонада узлуксиз ишлаганлик учун устамалар ёки қўшимча меҳнат таътиллари назарда тутилган бўлади, шартномани бекор қилиш варианти тўғри бўлмайди.

7. ЯММТда пенсионерлар билан меҳнат шартномалари рўйхатдан ўтказилиши лозимми?

- Ҳа,  ЯММТда барча амал қилаётган ва янги тузиладиган шартномалар рўйхатдан ўтказилиши шарт. Ушбу ҳолатда ходимнинг ёши аҳамият касб этмайди.  

8. Корхонада анча йилдан буён ишлаётган ходим 2020 йил январда ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшаши ҳақида ариза ёзди. Амал қилаётган меҳнат дафтарчалари ҳақидаги ахборот ЯММТга ҳали киритилмаган. Бундай шартноманинг бекор қилинишини тизимда рўйхатдан ўтказиш лозимми?

– 1 январдан ЯММТда нафақат ходимларнинг ишга қабул қилиниши, балки ишдан бўшатилиши ҳам рўйхатдан ўтказилиши мажбурийлиги сабабли ушбу саволга қатъий, бир хил маънода жавоб бериб бўлмайди. Шу билан бирга, 2020 йил 1 январгача ишга қабул қилинган жисмоний шахслар ҳақидаги маълумотларни киритиш учун 2020 йил 1 сентябргача муддат берилди. Бинобарин, шартнома тўғрисидаги маълумот ЯММТга киритилмаган бўлса, унинг бекор қилиниши ҳам рўйхатдан ўтказилмайди. 

9. Жисмоний шахснинг ПИНи киритилганда тизим ходимнинг СТИРини топмайди, бу билан меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказилишига йўл қўймайди. Нега бундай ва бунда нима қилиш керак?

 – Ходимнинг СТИРи аввалги паспортига берилган бўлса, шундай ҳолат юз беради. Бу масалани ҳал этиш учун солиқ инспекциясига ходимнинг СТИРини янги паспортга бириктиришни сўраб мурожаат қилиш керак. Буни ходимнинг ўзи ёки унинг розилиги билан кадрлар ишини юритувчи ходим амалга ошириши мумкин.

10. Маълумоти тўғрисидаги ахборотлар келтириладиган устунда ходимнинг дипломи тўғрисидаги маълумот акс эттирилмайди. Айтишларича, бундай маълумот автоматик тарзда акс эттирилар экан. Бу нимани англатади ва кадрлар бўлими ходими қандай йўл тутиши лозим?

- Ҳозирда дипломлар ва хорижий дипломлар эътироф этилган ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Шу боис, бундай вазиятга тўқнаш келган бўлсангиз, хавотирланманг – ишлашда давом этинг.

11. Ходимда шахсий ЭРИ мавжуд бўлмаса ва ОneID да рўйхатдан ўтмаган бўлса, ўзининг электрон меҳнат дафтарчасидаги маълумотларни қандай кўриши мумкин?

- Бир нечта варианти бор. Масалан, у Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиб ЭРИ олиши мумкин. Бошқа варианти – ОneID тизимида рўйхатдан ўтиш. Шунингдек ходим ташкилотнинг кадрлар ишини юритувчи ходимига ёки яшаш жойидаги Бандликка кўмаклашиш марказига электрон меҳнат дафтарчасини очиш ва маълумотларни аниқлаштиришни сўраб мурожаат қилиши мумкин.

12. Йиллик меҳнат таътилига чиққан ходимнинг иш жойи бўш иш ўрни сифатида акс  эттирилади. Бунда ходим ҳам, иш берувчи ҳам меҳнат шартномасини бекор қилишни назарда тутмайди. Бандликка кўмаклашиш маркази бўш иш ўрнига номзодни юборганда, нима қилиш керак?

- ЯММТ техник жиҳатдан такомиллаштирилиши режалаштирилмоқда. Бундай ҳолатларда ходим таътилга чиққанлиги муносабати билан иш ўрни бўшлиги тўғрисидаги белги қайд этилади. Ҳозирча эса Бандликка кўмаклашиш маркази ва номзодга вазиятни тушунтиришингизга тўғри келади. Сизда янги ходимларга эҳтиёж йўқлигини қайд этиш учун қонуний асос мавжуд.

ЯММТ бўйича саволларга жавобларни бу ерда, бу ерда, бу ерда ва бу ерда ўқишингиз мумкин.

My.mehnat.uz My.mehnat.uz My.mehnat.uz /uz/publish/doc/text156839_yammt_qanday_ishlaydi_amaliy_savollar_va_javoblarni_yangicha_saralash