Корхонани тугатишда мулкни қандай тўғри тақсимлаш керак

preview

Бизнесни тугатиш – пухта режалаштиришни талаб қиладиган мураккаб жараён. Таъсисчилар учун мулкни қандай тўғри тақсимлаш, солиқ хавфларидан қочиш ва қонунчиликка риоя қилиш муҳим. Ушбу мақолада биз асосий қадамлар ва тавсияларни кўриб чиқамиз.

 

1-қадам. Қарзлар ва мажбуриятларни тўлаш

Мулкни таъсисчилар ўртасида тақсимлашдан олдин корхона қарзларини тўлиқ тўлаши керак:

  • давлат бюджети билан – солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар;
  • кредиторлар билан – банклар, етказиб берувчилар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлар;
  • ходимлар билан – иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш.

Агар маблағлар етарли бўлмаса:

  • товарлар, маҳсулотлар ва материаллар қолдиқларини сотинг;
  • дебиторлардан қарзларни ундиринг ва тугалланмаган шартномаларни якунланг;
  • ускуналар ва кўчмас мулкни сотинг.

2-қадам. Активларни тақсимлаш

Мажбуриятларни бажариш ва барча солиқларни тўлашдан сўнг балансда корхонанинг ўз капиталига (соф активларга) тенг активлар қолади. Одатда, бу – асосий воситалар, пул маблағлари ва бошқа молиявий активлар.

Активлар таъсисчиларнинг устав капиталидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади. Тақсимлаш тўғрисидаги қарорни иштирокчиларнинг умумий йиғилиши қабул қилади.

Таъсисчилар улар киритган айнан ўша мулкни қайтаришни талаб қила олмасликларини тушуниш керак. У корхона мулкига айланган. Бироқ, бундай қарор иштирокчиларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилиниши мумкин.

Корхона фаолияти даврида сотиб олинган асосий воситаларга келсак – қуйидаги вариантлар мумкин:

  • асосий воситаларни сотиш ва суммани таъсисчилар ўртасида уларнинг улушларига мутаносиб равишда тақсимлаш;
  • асосий воситаларни умумий йиғилиш қарорига мувофиқ таъсисчиларга бериш. Агар бериладиган асосий восита қиймати таъсисчининг устав капиталидаги улушидан ошса, фарқни у корхона ҳисобига тўлаши мумкин ёки у ушбу таъсисчининг солиқ оқибатлари билан даромади деб тан олинади. Агар асосий воситалар қиймати унинг улушидан кам бўлса, етишмайдиган суммани пул тўлаш ёки бошқа активларни бериш йўли билан қоплаш мумкин.

3-қадам. Солиқларни тўлаш

Эътибор беринг

Активларни мулкдорлар ўртасида тақсимлаш солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин. Шунинг учун пул маблағларини тақсимлашда ҳисобланган солиқларни тўлаш заруриятини ҳисобга олинг.

 

Активларни тақсимлашда корхонанинг ўз капитали таркибини ҳисобга олинг. Одатда унга устав капитали, тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар), тўпланган қайта баҳолаш киради.

Асосий воситаларни беришда солиққа тортиш мақсадларида уларнинг чиқиб кетишидан даромад юзага келиши мумкин. У фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилади.

Тўпланган фойдани тақсимлашда дивидендлар ҳисобланади, улардан солиқ ушлаб қолиш керак.

Агар қопланмаган зарар бўлса, таъсисчилар киритган суммадан кам сумма тақсимланиши тушунарли. Зарар суммаси ҳар бир иштирокчининг улушига мутаносиб равишда қайтариладиган бадал суммасини камайтиради.

Босқичма-босқич мисол

Тугатилаётган корхона иштирокчилар ўртасида мулкни тақсимлашда айнан қандай ҳаракатларни амалга ошириши кераклиги ҳақида батафсил маълумотни тавсияда кўринг.

 

Наталья МЕМЕТОВА,

«Норма»нинг етакчи эксперти


Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /uz/publish/doc/text162157_korhona_tugatilganda_mol-mulk_qanday_tasarruf_etiladi