Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ЭҲФ муддатини ўтказиб юбориш нимага олиб келиши мумкин
Агар ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш муддати ўтиб кетган бўлса, ҳар ҳолда контрагентни ҳисобварақ-фактурани тақдим этишга қандай мажбурлаш мумкин? Агар сотувчи корпоратив карта ёрдамида харидлар бўйича ЭҲФ тақдим этмаса, нима қилиш зарур? Ушбу масалалар бугун декабрь ойи ва 2020 йил учун ҳисоботларни топширишга тайёрланаётган кўп бухгалтерларни ташвишга солмоқда. Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
- Агар сиз КПК ёрдамида харид қилсангиз, онлайн-НКМ ёки виртуал кассага эга сотувчиларни афзал билган маъқул. Агар дафъатан сотувчи ЭҲФ тақдим этишни истамай қолса, сиз солиқ тўловчининг шахсий кабинети функционали ёрдамида чекни мустақил равишда рўйхатдан ўтказишингиз мумкин Ва бундай чек ҳисобварақ-фактурани ўрнини тўлиқ босади.
Эътибор беринг! Бундай чекни ҳисобот ойидан, яъни - харид қилинган ойдан кейинги ойнинг 5 саначига қадар рўйхатдан ўтказиш зарур. Акс ҳолда, ҳисобварақ-фактура мавжуд бўлмаган вазиятдаги каби, сиз чек бўйича ҚҚСни ҳисобга ололмайсиз.
Агар ҳисобварақ-фактура Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ, масалан 2020 йил ноябрь учун тақдим этилган бўлиши керак бўлса, бироқ сиз буни ўз вақтида амалга оширмаган бўлсангиз, айтганларидек, вақт ўтиб бўлди... ЭҲФни ноябрь билан тақдим этишнинг имкони бўлмайди, ДСҚ ҳисобварақ-фактураларни кечикиб тақдим этиш имкониятини ёпган.
Ўз вақтида тақдим этилмаган ҳисобварақ-фактурани кейинги даврларда - декабрь, январь ва ҳ.к. учун тақдим этиш мумкин. Бу нотўғри, албатта, бироқ бу - сотиб олувчига ҚҚСни ҳисобга олиш имкониятини беришнинг ягона усули . Ва бундай қадам ҳар қандай ҳолатда сотувчига қимматга тушади.
Агар у сизни қадрласа ва илгари тақдим этилиши лозим бўлган ҳисобварақ-фактурани ҳозир тақдим этса, уни қуйидагилар кутади:
- товарларни сотишдан (хизмат кўрсатишдан) олинган тушумни ҳисобот давридан кейинги даврга ўтказиш (сотиш ҳажмини ва даромадни (фойдани) қасддан камайтириш) учун СКнинг 223-моддаси асосида санкциялар. Бу яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг 20%и миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;
- реализация қилиш факти бўйича ўз вақтида тўланмаган солиқлар суммасига СКнинг 110-моддаси асосида пеня.
Бироқ у бошқа йўлни танлаши ҳам мумкин - солиқчилар солиқлардан яширилган тушумни аниқлагунларича охиригача кечиктириш.
Келгусига - эҳтиёткорлик қилинг ва фақат инсофли солиқ тўловчилар билан муносабат ўрнатишга ҳаракат қилинг.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади