Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ҳамма ҳам янги манзил бўйича қайта рўйхатдан ўтолмайди
2 мартдан бошлаб Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга киритилган тузатишлар кучга киради. Юридик манзил ўзгарганда фақат солиқ органларида хўжалик юритувчи субъектга нисбатан солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича эътирозлар бўлмаган тақдирда қайта рўйхатдан ўтказиш имконияти мавжуд бўлади .
Давлат хизматлари марказлари солиқ органининг электрон хулосаси асосида қарор қабул қилади. Солиқ мажбуриятларини бажариш қуйидаги мезонлар бўйича текширилади:
1) 300 БҲМдан ортиқ солиқ қарзининг мавжуд эмаслиги;
2) амалга оширилган товар айланма ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилганлиги;
3) товарлар импорти бўйича реализация ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилганлиги;
4) солиқ ҳисоботининг ўз вақтида топширилиши.
Мазкур мезонларга мувофиқ келмаганлиги учун қайта рўйхатдан ўтказиш рад этилган тадбиркорлик субъектлари фақат камчиликлар бартараф этилгандан кейин қайта рўйхатдан ўтказиш учун такрорий ариза беришлари мумкин бўлади.
ДСҚнинг тушунтиришича, тадбиркорлик субъектлари ўртасида солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлашнинг ҳудуддан ҳудудга кўчиш ёки бошқа субъектга қўшилиш каби схемалари бугунги кун амалиётида жуда кенг тарқалган. Мазкур чора ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган.