Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тизимининг “Чекни тиклаш” янги функционали қандай имкониятга эга

preview

Солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетида “Чекни тиклаш” функционали пайдо бўлди. У фискал маълумотлар операторига техник сабабларга кўра батафсил маълумотларсиз узатилган онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларига тузатиш киритиш учун мўлжалланган.


Онлайн-НКМ (виртуал кассалар) фискал маълумотлар операторига чек бўйича фақат умумий сумма ва ҚҚС суммасини, шунингдек, тўлов усули (нақд/терминал орқали) тўғрисида ахборотни (сотилган товарлар тўғрисида ахборотсиз) жўнатади, агар:

  • чек онлайн назорат-касса техникаси томонидан офлайн-режимда (интернетга уланмасдан ишлаш даврида) чоп этилган бўлса;
  • онлайн-НКМ ёки виртуал кассада носозлик рўй берган бўлса.

Бундай чекларга, улар ФМОда тўлиқ ахборот ҳажми билан сақланиши ва ҳисоботларда тўғри ҳисобга олиниши учун, сотилган товарлар тўғрисидаги ахборотни (товар номи, сони, суммаси, ҚҚС, сотишда чегирма қўлланилганлиги, МХИК) қўшиш зарур.

“Чекни тиклаш” функционали буни амалга оширишга ёрдам беради.

Бу бундай тарзда ишлайди:

1. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида “Онлайн-НКМ ва виртуал касса маълумотлари” интерактив хизматини танлаш зарур.

2. “Чекни тиклаш” менюсини танланг.

3. Ахборот билан тўлдириш зарур бўлган чекни танланг ва унга босинг. Мониторнинг пастки қисмида шакл очилади, уни тўлдирган ҳолда, чекка ҳар бир сотилган товар бўйича ахборотни (товар номи, сони, суммаси, ҚҚС, сотишда чегирма қўлланилганлиги, МХИК) киритиш мумкин.

4. Киритилган ўзгартиришларни сақланг.

5. “Касса чеклари бўйича тушумлар” менюси ёрдамида тикланган чекда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини текширинг.

Янги функционал кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ундан фойдаланиш мураккаб бўладиган вазиятлар белгиланди.

6. Агар, масалан, носозлик ой бошида рўй берган бўлса, тўлиқ бўлмаган чек эса ҚҚС ҳисоб-китобини топшириш жараёнида аниқланган ва тузатилаётган бўлса, сотилган товарлар тўғрисидаги ахборот қандай тикланади? 23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга мувофиқ онлайн-НКМ ва виртуал кассаларда, шунингдек уларнинг фискал модулларида (USB-токенларда) ФМОга жўнатгандан кейин чекни сақлаш имконияти назарда тутилмаган, демакки, солиқ тўловчида энди тўлиқ чекка кириш имкониятига эга бўлиш имкони мавжуд эмас.

7. Мажбурий рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган товарлар билан қандай йўл тутиш лозим? Ахир сотувчида сотилган товар қадоғидаги ноёб маркировкани сканерлашнинг иккинчи имконияти йўқку. Келиб чиқадики, агар маркировка қилинган товарни сотиш тўғрисидаги ахборот йўқотилган бўлса, товарлар ҳаракатини кузатиш тизимида ҳам у сотувчида сотилмаган бўлиб “осилиб” қоладими?

“Марон” ТХКМ МЧЖ онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассис Рустам ЁҚУБОВ онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тизимини маромига етказиб пухта ишлаш ушбу муаммоларни ҳал қилади, деб ҳисоблайди. Назорат-касса техникаси маълумотлари фискал маълумотлар операторига жўнатилгандан кейин чеклар бўйича фискал маълумотларни солиқ тўловчи ҳар бир чек бўйича ахборот ФМО серверига тўлиқ ҳажмда узатилганлигига ишонч ҳосил қилгунга қадар муайян вақт сақлаши керак. Вариант сифатида, фойдаланилаётган онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни урилган чеклар бўйича фискал маълумотларни сақлаш имконини берадиган махсус қурилма билан қўшимча жиҳозлаш зарур.


Олег ГАЕВОЙ
тайёрлади