Йўриқнома: воситачи орқали хизматлар импорт қилинганда ЭҲФ қандай расмийлаштирилади

preview

ДСҚ воситачи орқали хизматлар норезидентдан олинганда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг янги тартибини эълон қилди. Buxgalter.uz илтимосига биноан янгиликларни солиқ маслаҳатчиси Гульнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди.

 

– Воситачи орқали хизматлар норезидентдан олинганда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг янги тартиби билан бу ерда танишиш мумкин.

Унинг пайдо бўлиши кутилган эди, хизматлар импорти учун ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш имкониятининг ўчирилиши янгилик бўлди. Ушбу функционал тикланади ва ДСҚ янги тизимни ишлаб чиқишни тугатгунга қадар солиқ тўловчилар одатдаги схема бўйича ишлайдилар.

Киритилаётган тартибнинг муҳим фарқи шундан иборатки, хизматлар импортида ҳисоботни шакллантириш ва ҚҚСни ҳисобга олиш жараёнлари автоматлаштирилади:

  • норезидентлардан сотиб олинган хизматлар бўйича ҚҚС ҳисоботи (29-код) маълумотлари норезидент томонидан кўрсатилган хизматлар суммаси тўғрисидаги маълумотлар ва солиқ тўловчининг шахсий карточкасида акс эттирилган тўланган ҚҚС суммаси асосида шаклланади;
  • ҚҚС ҳисоб-китобида (1-код) норезидентлар томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича ҚҚС ҳисоб-китоби (29-код) асосида ҳисобланган ҚҚС суммасининг бюджетга ҳақиқатда тўланган, солиқ тўловчининг шахсий карточкасида акс эттирилган қисми ҳисобга олинади. 

Бинобарин, хизматлар импортёрлари, жумладан комитентлар ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20 санасига қадар 29-код билан ҚҚС ҳисоб-китоби шаклини топширишлари, солиқни тўлашлари ва сўнгра сумма ҳисобга олиниши учун 1-код билан ҚҚС ҳисоб-китобини топширишлари керак бўлади.

Қолган ҳолда тартиб-таомил илгаригидек қолади:

1.  Воситачи (ишончли шахс) комитентга инвойс, бажарилган ишлар далолатномаси ёки норезидент томонидан хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатларни тақдим этади.

2. Воситачи комитент номига кўрсатилган хизматлар учун воситачилик ҳақи суммасига ЭҲФ тақдим этади.

3. Комитент воситачига (ишончли шахсга) норезидентга тақдим этилган хизматлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар (инвойс, далолатнома ва ҳ.к.) асосида бир томонлама “Хизматлар импорти” ЭҲФни  расмийлаштиради ва ушбу операция унинг харидлар реестрида акс эттирилади.

  Олег ГАЕВОЙ тайёрлади