Пластик картадан ҳисоб-китоб қилинганда онлайн-НКТ чекини бериш тартиби ўзгартирилади. Бунга қандай тайёргарлик кўриш лозим

preview

Тўлов терминаллари орқали амалга оширилган тўловлар бир вақтнинг ўзида онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларида акс эттирилади. Бундай амалиёт 2022 йил 1 апрелга қадар ДСҚ ва Марказий банк томонидан йўлга қўйилади . Мазкур ўзгаришларга қандай тайёрланиш лозимлиги ва улар қандай натижа бериши ҳақида – buxgalter.uz шарҳида.

 

Иккитаси бирга

Тадбиркорлик субъектлари томонидан тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКТ чеки ҳам берилиши шарт. Пластик карталар орқали тўловларни ҳам қабул қилиш имкониятига эга бўлган онлайн-НКМ ёки виртуал кассалар бундан мустасно .

Амалиётда Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг мазкур нормаси бузилган ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Айниқса сотувчи томонидан ҳар хил турдаги мустақил қурилмалар кўринишидаги тўлов терминаллари ва онлайн-НКТ қўлланилганда шундай ҳолатлар рўй бермоқда.

Турли сабабларга кўра шундай бўлмоқда. Сотувчиларнинг ўзлари ушбу ҳолатни айнан бир операция икки марта амалга оширилиши оқибатида содир бўлмоқда, деб изоҳламоқдалар. Даставвал – терминал орқали тўлов қабул қилинади ва терминал чеки чиқарилади, сўнгра – онлайн-НКТ орқали тўлов қабул қилинади ва онлайн-НКТ чеки чиқарилади. Уларнинг айтишича, бу жараён кўп вақтни талаб этганлиги сабабли кассирлар улгурмаётган эканлар. Бундай вазиятларда онлайн-НКТ чеклари, қоидага кўра, ходимлар бўш вақт топганда чиқарилмоқда. Баъзи ҳолларда эса атайин кирим қилинмаган товарларни реализация қилиш далилларини яшириш ва солиқ солинадиган базани камайтириш мақсадида сотув маълумотларида ноаниқликларга йўл қўйилмоқда.

Барча тўловлар терминаллар орқали онлайн-НКТда акс эттирила бошлаганидан кейин ҳар қандай ҳолатда ҳам терминал чеки чиқарилмайди. Онлайн-НКТ чекида бир вақтнинг ўзида онлайн-НКТ ва тўлов терминали чекининг реквизитлари кўрсатилиши лозим. Банк картаси орқали тўлов амалга оширилиши онлайн-НКТ тизимида автоматик тарзда қайд этилади, бундай маълумотлар асосида ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботлар шакллантирилади.

 

Ўзгаришларга тайёргарлик қандай бўлади

Ҳозирги пайтда қўлланилаётган НКМларнинг ҳаммасида ҳам пластик карталар орқали тўловларни қабул қилиш функцияси мавжуд эмас. Бундай функцияга эга бўлганлари фақат ёки Humo, ёки Uzcard билан ишлайди.

2022 йилда назорат-касса техникасининг кенг кўламли модернизация қилиниши кутилмоқда. Эътибор беринг: қуйидаги функцияларга эга бўлмаган онлайн-НКМ ва виртуал кассалар 2022 йил 1 январдан бошлаб солиқ органларида рўйхатдан ўтказилмайди, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса улар аҳоли билан ҳисоб-китобларда қўлланилмайди :

  • банк карталаридан тўловларни қабул қилиб олиш;
  • солиқ органларига онлайн-НКМ жойлашган жойи ҳақида маълумот тақдим этиш (виртуал касса ва онлайн-НКМ тариқасида қўлланиладиган банк карталарини қабул қилиш терминаллари бундан мустасно);
  • мустақил равишда ҳисоблаш ҳамда штрих-кодлар ва рақамли маркировкалаш кодларини идентификациялаш.

Онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчилари ҳозирги кунда назорат-касса техникасини модернизация қилиш вариантлари устида ишлашмоқда. Зарурий модернизация ҳажми турли моделларда турлича бўлади. Масалан, – айримларига тўлов терминалларини интеграция қилиш, бошқаларига эса пластик карталарнинг пин-кодларини сир сақлаш учун пин-пад ўрнатилиши лозим.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзингизнинг онлайн-НКМни модернизация қилиш юзасидан батафсил манзилли маслаҳатларни сизга доимий хизмат кўрсатадиган ТХКМда олишингиз мумкин.

Олег ГАЕВОЙ.