Оилавий корхоналар ва адвокатлик бюролари ижара шартномаларини “E-ijara” да ҳисобга қўйишлари керакми

preview

Оилавий корхоналар ва адвокатлик бюролари ижара шартномаси ёки текин фойдаланиш шартномасини “E-ijara” да ҳисобга қўйишлари керакми, деган савол - жуда ноаниқ. Buxgalter.uz илтимосига биноан юрист Икром АБДУЛҚОДИРОВ бу савол бўйича ўз нуқтаи назарини асослаб берди:

 

– “2022 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномалари ДСХОнинг электрон тизимларида ҳисобга қўйилади .

Оилавий корхоналар ҳам, адвокатлик бюролари ҳам ўз фаолиятида мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда уларнинг иштирокчиларига тегишли бўлган уй-жой ва нотурар жой биноларидан фойдаланади. Бу уларни юридик шахслардан фарқлайди, улар уй-жойдан фақат фуқароларнинг яшаши учун фойдаланиш ҳуқуқига эга .

Шу тариқа, оилавий корхоналар ва адвокатлик бюролари томонидан уй-жой биноларидан фойдалиш ўзига хос хусусиятга эга:

1) бу бинолар уларнинг ўз фаолиятини амалга оширадиган жойи бўлиши ва мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда уларнинг иштирокчиларига тегишли бўлиши мумкин.

2) қонунчилик бундай биноларни нотурар жой тоифасига ўтказишни талаб қилмайди .

 

Ҳуқуқий хавф-хатарлар

22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚнинг 4-бандига асосан:

  • давлат хизматлари марказлари юридик шахсларни давлат кадастр маълумотлари базасидан - ариза берувчига кўчмас мулк тегишлилиги, шунингдек, солиқ органлари маълумотлар базасидан - ижара шартномаси ёки текин фойдаланиш шартномаси мавжуд бўлган ҳолдагина рўйхатдан ўтказади ёки қайта рўйхатдан ўтказади. Бунда ушбу маълумотлар базаларидан қатъий фойдаланиш таъминланади;
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятни амалга ошириш жойини кўрсатган ҳолда ЯИДХПда давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта ўтказишда солиқ ва кадастр маълумотлар базаларидан  фойдаланиши шарт;
  • янги рўйхатдан ўтаётган юридик шахслар ДСХОда ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижараси ёки текин фойдаланиш бўйича дастлабки шартнома маълумотлари асосида рўйхатдан ўтказилади. Бунда юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 кун муддатда аризада кўрсатилган ёхуд бошқа кўчмас мулк ижараси ёки текин фойдаланиш шартномасини ДСХОда ҳисобга қўйишлари шарт. Мазкур шартни бажармаслик юридик шахс  кўрсатган жойлашган ерида (почта манзилида) йўқ деб эътироф этиш учун асос бўлади.

Оилавий корхоналар, 2021 йил 1 июндан эса - адвокатлик бюролари ҳам  ўзларига тегишлилиги тасдиқланмаган кўчмас мулкнинг мулк ҳуқуқи асосида ёки ижара шартномаси/текин фойдаланиш шартномаси, давлат хизматлари марказлари томонидан рўйхатдан ўтказилишини инобатга олган ҳолда, солиқ органлари маълумотлар базасида рўйхатдан (қайта рўйхатдан) ўтказиш рад этилиши мумкин.

Солиқ органи ҚҚС тўловчининг махсус рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаси келиб тушган пайтдан эътиборан 7 кун ичида солиқ хавфи даражасини аниқлаш мақсадида қуйидагиларни амалга оширишга ҳақли :

  • ўз кўчмас мулки мавжуд бўлмаганда, ижара шартномаси мавжудлигини ҳамда ушбу шартнома солиқ органида ҳисобга қўйилганлигини текширади;
  • солиқ тўловчининг жойлашган жойи манзилини, яъни - унинг кўрсатилган манзилда жойлашганини ўрганади.

Солиқ хавфининг юқори даражасига эга солиқ тўловчилар гуруҳига ўз кўчмас мулкига эга бўлмай туриб ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулки бўлмаган солиқ тўловчилар киради .

 

Хулоса қиламиз:

Оилавий корхона иштирокчиси ва оилавий корхона ўртасида, адвокат ва адвокатлик бюроси ўртасида кўчмас мулкни (уй-жой ёки нотурар жой бинолари) ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномаларини тузиш юридик жиҳатдан нотўғри кўринади ва фақатгина шартномани E-ijara тизимида ҳисобга қўйиш учун зарур бўлган расмиятчиликни намоён қилади.

Оилавий корхоналар, қоидага кўра, айланмадан олинадиган солиқни тўлайди, адвокатлик бюролари эса нотижорат ташкилотлари сифатида, ўзининг устав фаолияти доирасида ҚҚС тўлашдан озод қилинган.

Оилавий корхона фаолиятини амалга ошириш учун унинг иштирокчиларининг уй-жой ва нотурар жой биноларидан фойдаланиш, шунингдек адвокатлик бюроси фаолиятини амалга ошириш учун - адвокатларнинг уй-жой биноларидан фойдаланиши ўз биносига эга бўлишга тенглаштирилиши керак.

Мазкур масала бўйича ваколатли давлат органларининг расмий тушунтириши ёки қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб қилинади”.