АХС бўйича аудиторлик хулосасини 15 июнга қадар тақдим этишнинг имкони бўлмаса

preview

15 июнь яқинлашгани сари Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси МҲХСга ўтган корхоналарни аудиторлик хулосаларини топширишга шоширади. Бироқ, аудиторлик текширувидан ўтишдан олдин, бундай корхоналар МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни топширишлари керак. Бироқ шакллар ҳали тасдиқланмаган. Бинобарин, афтидан, рисоладагидек аудиторлик хулосасини, ҳеч ким муддатида топшира олмайди. 

Молиявий маслаҳатчи Анвар РЎЗМАМАТОВ buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ тўловчилар бундай вазиятда қандай ҳаракат қилишлари лозимлиги ҳақида сўзлаб берди:

 

– “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга асосан ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган корхоналар 15 июнга қадар уни ўтказишлари ва солиқ органларига аудиторлик хулосасини тақдим этишлари шарт.

Президентнинг ПҚ-4611-сон қарорига мувофиқ МҲХСга ўтган ташкилотлар мураккаб вазиятда қолишди. Аудиторлик текширувидан ўтиш учун, улар дастлаб МҲХС бўйича тайёрланган молиявий ҳисоботни топширишлари керак. Бироқ май ойи ҳам тугаб бормоқда, МҲХС бўйича молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тайёрлаш бўйича тавсиялар эса ҳали ҳам эълон қилинмаган.

Бундан ташқари, 2021 йил якунлари бўйича МҲХС бўйича молиявий ҳисобот ва МҲХСга ўтган юридик шахслар солиқларини ҳисоблаб чиқариш учун зарур кўрсаткичлар бўйича солиқ ҳисоботи шаклларини тақдим этиш муддатлари номуайян муддатга кўчирилган. Аниқроғи - 15.02.2022 йилдаги 06/17-01-37/363-сон ахборот хабарида МҲХСга ўтган ташкилотлар 2021 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботни “15 майдан олдин бўлмаган” муддатда топширишлари кераклиги айтилган. Бунда ҳисоботни топширишнинг сўнгги муддати белгиланмаган.

Муддатлар бўйича барча ушбу номувофиқликларга қарамай, мен ҲСИ инспектори билан баҳслашишимга тўғри келди. У аудиторлик хулосасини нима бўлганда ҳам 15 июнни кутмасдан, имкон қадар тезроқ топшириш керак деб ҳисоблайди. Охир-оқибат, солиқчилар уларнинг талабномаси мантиқсиз ва бажаришнинг имкони йўқ, деган фикримга қўшилишди.

Ҳатто солиқ тўловчилар 1 июнга қадар молиявий ҳисобот шаклларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишган тақдирда ҳам, солиқ органларига аудиторлик хулосасини 15 июнгача бўлган муддатда топшириш - амалда бажариб бўлмайдиган вазифа. Йирик корхоналарда бу - кўп меҳнат талаб қиладиган вазифа, уни бир неча кунда бажариб бўлмайди.

Шошиб тайёрланган аудиторлик хулосасидан ҳеч ким манфаатдор эмас. Улар нимага керак? Расмиятчилик учунми?

Юзага  келган вазиятда тадбиркорларни шошириш нотўғри бўлади, деб ўйлайман. Бошқалар қаторида, бу кўпроқ аудиторлар ўз хизматларига нархни кескин ошириб юборишларига олиб келади.

 

Нима қилиш керак

Тадбиркорлар ҳар қандай ҳолда молиявий ҳисобот шаклларини кутишлари лозим.

Давлат регуляторлари, ҳисобот шаклларидан ташқари, муддатлар ҳақида ҳам ўйлашлари лозим. Юзага келган вазиятда МҲХС бўйича молиявий ҳисобот топшириш каби, АХС бўйича аудиторлик текширувларини ўтказиш, солиқ органларига аудиторлик хулосаларини тақдим этиш учун ҳам мақбул муддатларни тақдим этишлари зарур.

Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низомдан келиб чиқиб, аудиторлик текширувини ўтказиш, аудиторлик хулосаларини тайёрлаш ва уларни солиқ органларига тақдим этиш учун молиявий ҳисобот топширилган кундан эътиборан 3 ой тақдим этиш зарур.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади