Енгил автомобиль учун ҚҚС ва фойда солиғи бўйича қўшимча ҳисоблашга йўл қўймаслик учун нима қилиш керак

preview

Корхоналар енгил автомобилларни харид қилишда кўпинча ҚҚСни ҳисобга оладилар ва фойда солиғини ҳисоблашда уларни сақлаш харажатларини чегириб ташлайдилар. Солиқчилар эса бундай харидларга доимо синчковлик билан қарайдилар ва битимнинг солиқ оқибатлари бўйича бухгалтернинг ҳаракатлари тўғрилигига шубҳа билдирадилар.

Қўшимча ҳисоблашга йўл қўймаслик учун қандай ҳужжатлар қўл остида бўлиши кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА маълум қилди:

Муҳим янгиликлар ва экспертлар тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ органи бу масалада СК 267-моддаси 2-қисмига таянади, унда айтилишича: агар енгил автомобилни харид қилиш амалга оширилаётган фаолият тури билан боғлиқ бўлмаса, харид қилишда тўланган ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди. Фойда солиғи қисмида эса – СК 305-моддага асосан, унда харажатлар иқтисодий асосланган деб тан олинадиган шартлар белгиланган.

Қўшимча ҳисоблашларга йўл қўймаслик учун автомобиль корхонанинг хўжалик эҳтиёжлари учун харид қилинганлиги ва фойдаланилаётганлигини исботлашингизга тўғри келади. Солиқчиларга автомобилдан корхона манфаатлари учун – унинг хўжалик фаолияти мақсадларида фойдаланилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этинг:

  • асосий воситаларнинг инвентарь карточкалари;
  • автотранспортни ходимларга бириктириш тўғрисидаги буйруқлар;
  • бўнак ҳисоботлари;
  • автомобиллардан фойдаланиш учун буюртманомалар;
  • автомобилларнинг хўжалик фаолияти мақсадларида ҳаракатланганлигини тасдиқлай оладиган йўл варақалари;
  • товар-транспорт юк хатлари;
  • ёқилғи-мойлаш материалларини ҳисобдан чиқариш бўйича ҳужжатлар;
  • хизмат сафари харажатлари бўйича;
  • транспорт воситаларининг турар жойини ижарага олиш бўйича;
  • автомобилни бошқаришга рухсат этилган шахслар тўғрисидаги маълумотни тасдиқловчи транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш бўйича суғурта полиси;
  • 4-сон БҲМС бўйича ёқилғи-мойлаш материалларининг ҳар чоракда инвентаризация ўтказилганлигини акс эттирувчи ҳужжатлар;
  • автомобилни сақлаш харажатларини асословчи бошқа ҳужжатлар.

 

Агар автомобилдан бир вақтнинг ўзида ҳам хўжалик эҳтиёжлари, ҳам шахсий мақсадлар учун фойдаланилса

Бу ҳолда алоҳида ҳисоб юритиш керак, унинг қоидалари корхонанинг ҳисоб сиёсатида аниқ ёзиб қўйилган бўлиши керак.

Ҳисоб ҳужжатларидан масалан, хўжалик субъекти раҳбари шахсий эҳтиёжлари учун автомобилдан неча кун, соат ёки километр фойдаланганлиги аниқ кўриниб туриши керак. Ва шундан келиб чиқиб – бу билан боғлиқ барча харажатлар ҳисоб-китобини қилиш керак.

Бу ҳолда ҳам ҚҚСни ҳисобга олиш суммаси, ҳам фойда солиғи бўйича чегирма автомобилдан хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланилмаган қисмига мутаносиб равишда камайтирилади.

Амалиётда енгил автомобилдан ҳам хўжалик эҳтиёжларида, ҳам ходимларнинг шахсий мақсадларида фойдаланадиган корхоналар кўпинча ҳисобга олиш ва чегиришдан воз кечадилар, чунки автомобилдан мақсадли ва мақсадсиз фойдаланишни ҳисобга олиш мураккаб ва кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Лекин – танлов сизники!

 

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text183092_engil_avtomobil_uchun_qqs_va_foyda_soligi_buyicha_qushimcha_soliqlarni_hisoblashlarga_asos_yaratmaslik