2023 йилда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси тўғрисида маълумотнома қандай топширилади

preview

Солиқ қўмитаси 2023 йил учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоб-китоб қилиш учун маълумотнома шаклларини, шунингдек 2023 йил учун ер усти ва ер ости манбаларидан келиб тушадиган сув ҳажмларининг нисбати тўғрисида маълумотни эълон қилди.

Buxgalter.uz ДСҚда тафсилотларни аниқлаштирди:

 

– Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органларига 2023 йил учун солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани 2023 йилнинг 20 январига қадар тақдим этишлари керак. Солиқ мўлжалланаётган солиқ базасидан (сувдан фойдаланиш ҳажмидан) ва белгиланган солиқ ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади .

Маълумотномалар my.soliq.uzдаги шахсий кабинет орқали электрон шаклда тақдим этилади.

Шаклни солиқ даври учун солиқ суммасига боғлиқ ҳолда танланг:

  • БҲМнинг 200 бараваридан камроқ бўлса – маълумотнома шакли 10608_9;
  • БҲМнинг 200 бараваридан кўпроқ бўлса – маълумотнома шакли 10608_10.

2023 йил учун ер усти ва ер ости манбаларидан келиб тушадиган сув ҳажмларининг нисбати тўғрисида маълумотни ҳавола бўйича олиш мумкин.

2023 йил учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари СКнинг 445-моддасида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар 2023 йил учун маълумотномалардан ташқари, 2022 йил учун ҳисоботни топширадилар :

  • Ўзбекистон юридик шахслари (бундан қишлоқ хўжалиги корхоналари мустасно) – 2023 йилнинг 1 мартидан кечиктирмай;
  • Ўзбекистонда фаолиятини доимий муассасалар орқали амалга ошираётган норезидентлар бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар – 2023 йилнинг 20 январидан кечиктирмай.

Бунда 10601_10 коди билан солиқ ҳисоботи шаклидан фойдаланинг.

Манбага қаранг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади