Ресторан олдиндан тўлов ва сотиш чекларини қандай расмийлаштиради: 3 та амалий маслаҳат

preview

“Мижоз ресторанга 300 минг сўм миқдорида олдиндан тўловни амалга оширди ва тақдим этилган таомлар ва кўрсатилган хизматларнинг қолган қийматини тантанали кечки овқатланишдан сўнг тўлади. Ушбу хизматларни онлайн-НКМда қандай тўғри акс эттириш лозим?”.

Ушбу вазифасини ҳал қилиш тажрибаси билан “Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан умумий овқатланиш ва онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари ўртоқлашишди.

 

Қонун ҳужжатларида нима дейилган

СКнинг 242-моддасига мувофиқ товарга бўлган мулк ҳуқуқи харидорга ўтказилган кун товарларни реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган сана ҳисобланади. Умумий овқатланиш учун бу – ўтказилган кечки овқатланиш ҳолати бўйича ҳисоб-китоб қилиш пайти.

My.soliq.uzдаги шахсий кабинетларнинг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга доир ахборот” интерактив хизматининг солиқ ҳисоботлари ва бошқа ҳисоботлари тадбиркорлик субъектлари томонидан урилган онлайн-НКТ чеклари маълумотлари асосида шакллантирилади.

Тўлов ҳолати бўйича корхона мижозга мажбурий реквизитлар билан онлайн-НКТ чекини бериши керак:

  • товарнинг номи, МХИК ва ўлчов бирлиги;
  • товарнинг сони ва қиймати;
  • агар умумий овқатланиш корхонаси – ҚҚС тўловчиси бўлса, ҚҚС ставкаси ва суммаси;
  • тўлов тури ва Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 7-бандида назарда тутилган бошқа реквизитлар.

Корхона олдиндан тўловни “Бўнак” (“Олдиндан тўлов”) тўлов тури билан онлайн-НКТ чеки билан расмийлаштиради – онлайн-НКТ бундай чекни QR-кодсиз ва фискал белгисиз шакллантиради. Бундай чекларнинг суммалари СКнинг 242-моддаси асосида айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС ҳисоб-китобларида акс эттирилмайди.

Мижоз билан хизматлар кўрсатиш ҳолати бўйича якуний ҳисоб-китоб “Сотиш” тўлов тури билан онлайн-НКТ чеки билан расмийлаштирилади. Ушбу чек бўнак тўлови чеки бўйича қабул қилинган суммани ҳам ўз ичига олади. Бундай чеклар QR-код ва фискал белгига эга бўлади. Бундай чеклар суммалари СКнинг 242-моддаси асосида айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС ҳисоб-китобларида акс эттирилади.

Чекда акс эттирилган товар (хизмат)нинг номи, уларнинг сони ва қиймати ҳақиқийсига, МХИК ва ўлчов бирликлари эса – tasnif.soliq.uzнинг жорий версиясига мувофиқ келиши керак. Умумий овқатланиш учун амалдаги МХИКлар 2022 йилнинг 28 ноябрида амалга киритилган.

 

Умумий овқатланиш корхоналари юқорида баён этилганларнинг барчасини амалиётда қандай қўллашлари мумкин? Бунда қандай ўзига хос жиҳатларни ҳисобга олиш лозим? Buxgalter.uz умумий овқатланиш соҳаси вакили, ТХКМ ва умумий овқатланишда ҳисобга олиш масалалари бўйича маслаҳатчидан бу ҳақда сўради:

 

1. Татьяна СЕМИНА, умумий овқатланиш корхонаси бошқарувчиси:

Олдиндан тўлов ҳолати бўйича “Бўнак” тўлов тури билан чек беринг. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • хизматнинг номи – мажбурий депозит ёки столни (топчанни, кабинкани ва ҳоказо) банд қилиш учун олдиндан тўлов;
  • МХИК ва ўлчов бирлиги:

– “10202002004000001 Тўловларнинг бошқа турлари, умумий овқатланиш шохобчаларида мажбурий депозит учун олдиндан тўлов” – “сўм” ўлчов бирлиги билан

ёки

– “10202002003000002 Бошқа хизматлар, умумий овқатланиш шохобчаларида жойни банд қилиш/захиралаш хизмати – қуйидаги эҳтимолий ўлчов бирликларидан бири билан: дона (стол), хизмат (марта), хизмат (сўм);

  • сони – 1;
  • товарнинг/хизматнинг қиймати – олдиндан тўлов сифатида тўланадиган сони ва суммасига мутаносиб равишда;
  • тўлов суммаси – олдиндан тўлов сифатида ҳақиқатда олинган сумма.

 

Кўрсатилган хизматлар ҳолати бўйича ҳисоб-китоб қилишда “Сотиш” чекини беринг, унда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • хизматнинг номи – таомнома бўйича тортилган таомлар ва бошқа кўрсатилган хизматларнинг тўлиқ рўйхати;
  • МХИК ва ўлчов бирлиги (ҳар бир позицияга tasnif.soliq.uzнинг жорий версиясига мувофиқ келадиган МХИК танланади);
  • сони – тортилган таомлар ва кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми;
  • бўнак тўловини ҳисобга олувчи тортилган таомлар ва кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий қиймати.

Ушбу вариант, назаримда – умумий овқатланишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалий жиҳатдан энг яхши вариант, сабаби буюртмаолди жараёнида тортиладиган таомлар ва кўрсатиладиган хизматларнинг асосий рўйхати келишилади. Ва у, қоидага кўра, маҳсулотларнинг ҳақиқатда мавжудлиги ва мижозларнинг хоҳиш-истакларига боғлиқ ҳолда жиддий ўзгариши мумкин. Аммо – солиқ маъмуриятчилиги, хусусан – камерал назорат тизими ушбу режани қабул қилишга қанчалик тайёр? Агар бизда тармоқнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олувчи, бўнак тўлови чекларини шакллантириш бўйича аниқ расмий тасдиқланган нормалар бўлганида, ушбу савол туғилмаган бўларди.

Солиқ органлари вакилларига ортиқча тушунтириш беришни хоҳламайдиганлар учун анча синчковликни талаб қиладиган вариант мавжуд. Бўнак тўловига чекда оқшом тантанасида бўладиган, буюртма таомлар ва хизматларнинг қандайдир минимал рўйхатини ёзиш керак. “Сотиш” чекида эса ҳолат бўйича таомлар ва хизматларнинг тўлиқ рўйхатини кўрсатиш лозим.

Хизматларга нисбатан мен мижоз билан ишлашнинг ташкил этилишини ўзим қандай кўришимдан келиб чиққан ҳолда мисол келтирдим. Кимдадир, масалан, бу мажбурий депозит ва столни банд қилиш эмас, балки кабинкани ижарага олиш бўлиши мумкин, бу аҳамиятга эга эмас. Сизнинг шохобчангизда меҳмонларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш тартиби қандай эканлигидан келиб чиқиш лозим.

Таомларга МХИК бизда умумийдир. Масалан, салатлар, газаклар, шўрвалар, нон ва нон маҳсулотлари ва ҳоказо учун МХИК мавжуд. Бу бир позиция билан биз, масалан, 5 та турли хил шўрваларни тортишимиз мумкинлигини англатмайди. Шўрванинг номини биз товарнинг номида аниқлаштирамиз, МХИК эса барча бешта позицияда айни бир бўлади”.

 

2. Владимир ГИБЕЛЬ, “GAROV TARAQQIYOT NKM” МЧЖ таъсисчиси, “Симург 001” онлайн-НКМ ҳамишлаб чиқувчиси:

– Олдиндан тўлов “Бўнак” тўлов турига эга чек билан, кўрсатилган хизматлар ҳолати бўйича якуний ҳисоб-китоб эса – “Сотиш” тўлов турига эга чек билан расмийлаштирилади. “Сотиш” чекида тўлов суммаси бўнак тўлови суммасини ўз ичига олиши керак. “Сотиш” чеки асосида кўрсатилган хизматлар қиймати солиқ ҳисоботларида акс эттирилади. 

Онлайн-НКМ чеки – бу қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ солиқларни ҳисобга олиш ва ҳисоб-китоб қилиш учун муҳим бўлган товарлар ва хизматларнинг олди-сотди битими тўғрисидаги ҳолатларни қайд қилувчи ҳужжат. 

Умумий овқатланиш корхоналари учун бўнак тўлови чеки бўйича “Сотиш” чекида бўладиганидан фарқ қиладиган таомлар ва хизматлар рўйхати ўтадиган вазият – бу меъёрдаги ҳодиса. Овқат вақтида иштаҳа келади, дейишади.

Техник нуқтаи назардан бундай вазиятни онлайн-НКТ чекларида акс эттириш учун мен қандайдир чекловларни кўрмаяпман. Умумий овқатланиш корхонасининг “Сотиш” чекидаги ҳақиқатда тортилган таомлар ва кўрсатилган хизматлар рўйхати бўнак тўлови чекида кўрсатилганидан фарқ қилиши мумкин. Асосийси – сотиш чеки суммаси бўнак тўлови чеки суммасини ўз ичига олиши лозим. 

МХИК ва фойдаланилаётган ўлчов бирликлари tasnif.soliq.uzнинг жорий версиясига мувофиқ бўлиши керак. Агар амалиётда тадбиркор tasnif.soliq.uzнинг жорий версиясига мувофиқ келмайдиган ўзига қулай ўлчов бирликларидан фойдаланаётган бўлса, ушбу масала tasnif.soliq.uzда қадоқни яратиш орқали ҳал қилинади.

 

3. Сергей ТЯН, ресторан иши бўйича маслаҳатчи, “Poster” булутли ҳисоб тизими вакили: 

– “Умумий овқатланиш соҳасида мажбурий депозит учун тўлов каби тушунча мавжуд. Унга мустақил хизмат сифатида қаралади. Ташкил этилаётган тадбирлар учун олдиндан тўлов айнан шу ерга киритилади. Ушбу тўлов турлари учун махсус МХИК – “10202002004000001 Тўловларнинг бошқа турлари, умумий овқатланиш шохобчаларида мажбурий депозит учун олдиндан тўлов” мавжуд.

Шу тариқа, олдиндан тўлов ҳолати бўйича “Сотиш” чекини беришни, унда товар сифатида “мажбурий депозит”ни кўрсатишни ва МХИК 10202002004000001 ни қўллашни тавсия қиламан.

Ўтказилган тадбирдан сўнг якуний ҳисоб-китобда эса “Сотиш” тўлов турига эга чекда товарлар ва хизматлар сифатида – тегишли МХИК билан тортилган таомлар ва кўрсатилган хизматларнинг тўлиқ рўйхатини кўрсатишни тавсия қиламан. Бунда, агар кўрсатилган хизматларнинг якуний қиймати мажбурий депозитни ўз ичига олса, ушбу чекда уни чегирма сифатида кўрсатиш мумкин.

Назаримда, ушбу ечим умумий овқатланиш корхонасини ҳеч нарсада чекламайди ва кўрсатилган хизматларни максимал даражада тўлиқ ҳажмда акс эттириш имконини беради”.

Эътибор беринг

Сизга 25 февраль куни соат 10:00 да “Онлайн-НКТда товарлар билан қандай ишлаш керак” вебинарида иштирок этишни тавсия қиламиз. Унда биз қуйидаги масалаларни батафсил муҳокама қиламиз:

  • товарларни ҳисобга олиш билан боғлиқ муаммолар, шу жумладан – солиқ текширувлари чоғида муаммолар бўлмаслиги учун онлайн-НКТда товарлар билан ишлашни қандай мақбуллаштириш керак;
  • мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари;
  • штрих-код нима билан фойдали бўлиши мумкин ва товарнинг қадоғида у бўлмаса, нима қилиш керак;
  • МХИК билан ишлашни қандай мақбуллаштириш керак, ахир улар тез-тез ўзгариб туради;
  • ҚҚС тўловчилари учун ўзига хос жиҳатлар: имтиёзли товар билан ишлаш;
  • қатъий белгиланган ва шартнома қиймати нима, чегирмалар, лояллик дастурлари, акциялар қандай акс эттирилиши керак;
  • чекда воситачилик шартномаси бўйича реализация қилинадиган товарларни акс эттиришнинг хусусиятлари;
  • қандай қилиб урилган чекда хатони тузатиш ва келгусида хатога йўл қўймаслик мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади