Онлайн-кассада бўнак тўловлари ёки олдиндан тўловни тўғри расмийлаштириш ва солиқ инспекцияси билан боғлиқ муаммоларга учрамаслик чоралари

preview

“Мижоз апрель ойида мебель тайёрлашга буюртма берди. Бутловчи қисмларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар туфайли буюртмани бажариш чўзилиб кетди. Июнь ойида буюртмачи бўнак сифатида тўланган пулларни қайтаришни талаб қилди. Бўнак тўловини қабул қилишда “Сотиш” тўлов тури билан чек урилганди. Солиқ инспекциясида апрелда урилган сотиш чекига қайтаришни амалга ошириш мураккаб бўлади, дейишди”.

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан RiG МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВ тушунтирди:

 

Муҳим тушунтиришларни биринчилардан бўлиб ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг!

 

– Товарлар ва хизматларни сотувчилар амалиётда кўпинча барча тўловларни “Сотиш” тўлов турига эга чек билан расмийлаштиришади ва буни: “кейин қийналмаслик учун”, деб тушунтиришади. Бундай ёндашув – катта адашиш ҳисобланади. Бежизга онлайн-НКМ тизимида “Олдиндан тўлов” (“Бўнак”) тўлов турига эга чеклар ҳам назарда тутилмаган. Сотувчи учун, аниқроғи солиқ ва бухгалтерия ҳисоби учун ҳаммасини ўз номи билан аташ муҳимдир, акс ҳолда бу кассирни бўнак чеклари билан ишлашга ўргатишга қараганда анча жиддий муаммоларга олиб келади.

Кўриб чиқилаётган вазиятда сотиш чеки апрель ойида урилган, пул маблағларини қайтариш июль ойида расмийлаштирилмоқда. Мураккабликлар юзага келмоқда: қайтаришни расмийлаштириш учун ёзма равишда солиқ инспекциясига мурожаат қилиш лозим. Солиқ инспекциясига мурожаат қилмасдан қайтариш фақат сотиш чеки урилган ойдан кейинги ойнинг 10-санасига қадар расмийлаштирилади. Кўриб чиқиш натижаси қандай бўлишини аниқ айтишнинг имкони йўқ. Агар мижоз ушбу чек бўйича кешбэк олган бўлса, сизга қайтаришни расмийлаштиришни рад этишлари муқаррардир. Солиқ қўмитаси бу ҳақда бир неча марта огоҳлантирган. Бу сиз ҳақиқатда мижозга қайтарилган суммадан солиқ тўлашингизга тўғри келишини билдиради.

Тушумнинг soliq.uz сайтидаги маълумотлар билан тафовути аниқ-равшан кўриниб турибди. Бугунги кунда тўлиқ автоматлаштирилган солиқ ҳисоби маълумотларига асосан сиз ҳақиқатда жўнатмаган товарни сотгансиз.

“Сотиш” чекига “Қайтариш” чекини расмийлаштирган ҳолда НКМ тўғрисида низомнинг 6-бобида белгиланган қоидаларга риоя қилиш лозим, хусусан:

  • харидордан товарни қайтаришга ариза олиш;
  • қайтарилган товарга юкхат расмийлаштириш, унинг асосида сиз ушбу товарни яроқсиз сифатида ҳисобдан чиқарасиз ёки кейинчалик такроран реализация қилиш учун кирим қиласиз.

Умуман, талай муаммолар юзага келади ва уларни “ижодий” тарзда ҳал қилишга тўғри келишини эслатиб ўтиш лозим бўладими. Буларнинг барчаси текширув доирасида кўнгилсиз оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

 

Олдиндан тўлов (бўнак)ни қабул қилишни қандай тўғри расмийлаштириш керак?

Ҳар қандай олдиндан тўлов (бўнак)ни “Олдиндан тўлов/бўнак” тўлов турига эга онлайн-НКТ чеки билан расмийлаштириш лозим. Тайёр маҳсулотни харидорга топшириш пайтида бўнак тўловини ўз ичига олган тўлов суммасини кўрсатган ҳолда “Сотиш” тўлов тури билан чек уриш керак.

 

Мисол
чеклар билан тўғри ишлаш
Ташкилот ва мижоз 10 млн сўм миқдоридаги ошхона мебелини тайёрлашга доир шартнома тузишди. Мижоз олдиндан тўлов сифатида 5 млн сўм тўлади. Олдиндан тўлов пайтида 5 млн сўмга “Олдиндан тўлов/бўнак” тўлов тури билан чек бериш керак. Якуний ҳисоб-китоб кунида эса, сиз мижозга тайёрланган мебелни топширган, у эса сизга қийматининг қолган қисмини тўлаганда, буюртманинг умумий суммасига – 10 млн сўмга “Сотиш” тўлов тури билан чек бериш лозим.

 

Айрим бухгалтерлар солиқ ҳисоботида: бўнак тўлови + сотиш чеки тарзида суммаларнинг иккиланишидан хавотирланишади. Бундай хавотирланиш мутлақо бекордир. Бўнак чеклари бўйича суммалар солиқ ҳисоботларида акс эттирилмайди. ҚҚС бўйича (агар сиз айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлсангиз, у ҳолда айланмадан олинадиган солиқ бўйича) солиқ ҳисоботида мазкур битим бўйича сизда фақат харидор билан ҳисоб-китоб кунида урилган “Сотиш” тўлов турига эга чек бўйича 10 млн сўм акс эттирилади. Шу тариқа, СКнинг 242-моддасига мувофиқ товар жўнатилган  сана айланма амалга оширилган санадир ва сизда ҳақиқий тушум ва soliq.uz маълумотлари бўйича тушум ўртасида тафовут юзага келмайди. Харидор фақат “Сотиш” тўлов турига эга чек, яъни  QR-кодли чек бўйича мобиль иловасида кешбэк олиши мумкин.

Харидор билан якуний ҳисоб-китобда бўнак чекини топиш ва унга харид чекини “боғлаш” керак деган хавотир ҳам учраб туради. Бўнак тўловлари чеклари бўйича қайтаришга нисбатан бундай талаб мавжуд эмас, буни техник жиҳатдан амалга оширишнинг имконияти ҳам йўқ.

 

Олдиндан тўлов (бўнак)ни қайтариш қандай расмийлаштирилади

Сиз олдиндан тўловни, бўнакни қайтаришингиз лозим бўлган вазиятда ҳам муаммолар юзага келади, лекин улар бизнинг қонун ҳужжатлари нормаларига эътиборсиз ёндашувимиз билан эмас, балки охиригача тартибга солинмаган айрим жиҳатлар ва онлайн-НКТ тизими функционали ҳали такомиллаштириш ва ишлаб чиқиш босқичида эканлиги билан шартланган. Бир сўз билан айтганда, бу саволлар сизга эмас.

“Олдиндан тўлов/бўнак” тўлов турига эга чек бўйича тўланган пул суммаларини қайтаришни расмийлаштириш ҳақида қонун ҳужжатларида умуман ҳеч нарса айтилмаган. Бу борада солиқ органининг расмий тушунтиришлари ҳам мавжуд эмас. Яқин орада расмий қоидалар пайдо бўлади, деб умид қиламиз.

Бизнинг фикримиз: бу ҳолда “Қайтариш” тўлов турига эга чекни уриш керак эмас, шунчаки пулларни қайтаринг. Бу “Бўнак” тўлов турига эга чекларнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ – улар солиқ ҳисоботларида акс эттирилмайди, бинобарин, уларни солиқ солинадиган базадан чегириб ташлаш керак эмас. “Қайтариш” тўлов турига эга чек ҳам ўзига хос, унга “Сотиш” чеки боғланмаса, у ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

Бунда бухгалтерия ҳисоби ва текширувчилар учун мижозга олдиндан тўлов (бўнак тўловлари)ни қайтаришда қуйидагиларни тавсия қиламиз:

  • мижоздан ариза олиш, унда бўнак тўлови суммаси қайтарилиши лозимлиги ёзилган бўлиши керак;
  • мижознинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини олиш;
  • пул маблағлари қайтарилганлиги тўғрисида далолатнома тузиш – бир нусхада тузилади, харидор ва савдо шохобчасининг масъул шахси томонидан имзоланади, тадбиркорлик субъектининг раҳбари томонидан тасдиқланади;
  • агар пуллар кассадан нақд шаклда қайтарилса, харажат касса ордерини расмийлаштириш;
  • харидорга бўнак тўловини тўлашда берилган чекни ушбу ҳужжатларга бириктириш ва уларни бухгалтерияга топшириш.

 

Buxgalter.uz тавсия қилади

Сизни “Онлайн-НКТни солиқ органларида ҳисобга қўйиш, солиқ тўловчининг фискал модулдан фойдаланиш бўйича мажбуриятлари” вебинарига таклиф қиламиз.

Ҳавола бўйича дастур билан танишиш ва ёзилиш мумкин.

Вебинар 28 июль куни соат 10:00 да ўтказилади.

Вебинар иштирокчилари бонус сифатида уларни қизиқтирган, онлайн-НКМ ва виртуал кассалар билан ишлашга тааллуқли саволларга жавоблар олишади.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади