Қандай қилиб my3.soliq.uz ёрдамида солиқ ҳисоботида имтиёзни қўллаш мумкин

preview

Материалда:

– Имтиёзни қўллаш учун Мурожаатни кимга юбориш керак → → →
– my3.soliq.uzда Солиқ имтиёзини қўллаш тўғрисида мурожаатни қандай юбориш керак → → →
– Солиқ имтиёзларини қўллаш тўғрисида мурожаатнинг шаклини қандай тўлдириш керак → → →

 

Амалиётчи мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Мy3.soliq.uz сайти орқали солиқ органларига Солиқ имтиёзини қўллаш тўғрисида мурожаатни юбориш ва улардан тасдиқнома олиш мумкин.

Мазкур хизмат қандай ишлаши ҳақида Солиқ қўмитасининг Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти мутахассислари батафсил гапириб беришди.

 

Имтиёзни қўллаш учун Мурожаатни кимга юбориш керак

Барча солиқ имтиёзлари иккита гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳда МХИК бўйича тақдим этиладиган имтиёзлар – булар муайян товарлар ва хизматлар учун тақдим этиладиган ҚҚС бўйича имтиёзлар. Мазкур имтиёзларни қўллаш учун ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКМ чекларида товар ёки хизматнинг МХИКни тўғри кўрсатиш муҳимдир;

Бошқа имтиёзлар – булар СТИР бўйича тақдим этиладиган имтиёзлар. Яъни тадбиркорлик субъекти муайян талабларга мувофиқ келган тақдирда уларга нисбатан ҳуқуққа эга бўладиган солиқлар бўйича имтиёзлар. Мазкур имтиёзлардан муваффақиятли фойдаланиш учун олдиндан Солиқ имтиёзларини қўллаш тўғрисида мурожаатни юбориш ва солиқ органларининг маъқуллашини олиш лозим.

“Солиқ имтиёзларини қўллаш тўғрисида мурожаат” интерактив хизмати қуйидагилар учун мўлжалланган:

  • юридик шахслар;
  • ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар.

 

Мy3.soliq.uzда Солиқ имтиёзини қўллаш тўғрисида мурожаатни қандай юбориш керак

Хизматдан my.soliq.uzда ва яқин вақтдан бошлаб my3.soliq.uzда фойдаланиш мумкин.

Мурожаатни юбориш учун:

1. Мy3.soliq.uzда солиқ тўловчининг шахсий кабинетига киринг;

2. “Хизматлар” бўлимини, сўнгра эса “Электрон ҳужжат айланиши” бўлимида – “Солиқ имтиёзларини қўллаш тўғрисида мурожаат”ни танланг;

3. “Мурожаатни жўнатиш” иловаси танланг ва очилган шаклни тўлдиринг;

4. Шаклни тўлдиргач, “Жўнатиш” тугмасига босинг.

Солиқ органлари ходимлари ҳар бир мурожаатни кўриб чиқишади, имтиёз асосланган тарзда ва тўғри танланганлигини ўрганишади. Сизнинг мурожаатингиз маъқулланганидан сўнг, сизга имтиёзни қўллашнинг техник имконияти очилади. Энди сиз солиқ ҳисоботлари, ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-НКМ бўйича имтиёзни қўллаш тўғрисида маълумотларни тўлдириш чоғида имтиёзни танлашингиз мумкин.

Имтиёзни қўллашни рад этишлари ҳам мумкин. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида “Солиқ имтиёзларини қўллаш тўғрисида мурожаат” интерактив хизматини танлаган ва “Мурожаатлар рўйхати” иловасига ўтган ҳолда, мурожаатингизни кўриб чиқиш натижасини кўриш мумкин. Агар сизга имтиёзни рад этишса, шу ернинг ўзида сиз рад этиш сабабини топасиз. Бундан ташқари, саҳифада солиқ имтиёзларидан фойдаланишга тааллуқли масалалар бўйича маслаҳатлашиш мумкин бўлган мутахассислар рўйхати тақдим этилган.

Эътибор беринг
Одатда, солиқчилар имтиёзни қўллаш тўғрисида мурожаатни 15 кун ичида кўриб чиқишади.

 

Солиқ имтиёзларини қўллаш тўғрисида мурожаатнинг шаклини қандай тўлдириш керак

1. Чиқиб келадиган тавсиядан кераклисини танлаган ҳолда, “Ҳужжат тури”, “Солиқ тури” ва “Ҳужжатнинг рақами” устунларини тўлдиринг. Шу тариқа, шаклда сиз қандай солиқ бўйича солиқ имтиёзини қўлламоқчи эканлигингиз ва у қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан назарда тутилганлиги тўғрисида ахборот шакллантирилади.

2.  Имтиёз амал қилишининг “Бошланиш санаси” ва “Тугаш санаси”, шунингдек “Имтиёзнинг номи” майдонларида маълумотлар автоматик тарзда – имтиёз тақдим этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида акс эттирилади.

3. Солиқ органларининг ходими, агар у ниманидир аниқлаштириб олиши зарур бўлса, ташкилотингизнинг масъул шахси билан тезкор боғлана олиши учун телефон рақамини кўрсатинг.

4. “Тасдиқловчи ҳужжатларни танланг”га босинг ва аризага файлларни pfd форматида бириктиринг. Имтиёзга боғлиқ ҳолда, лицензия, сертификат, шартнома, кадастр ҳужжати ва корхонангиз имтиёз талабларига мувофиқ келишини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар шундай ҳужжатлар бўлиши мумкин.

5. Имтиёз (солиқ) турига ва вазиятга боғлиқ ҳолда шаклда қўшимча майдонлар очилади:

  • халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотларининг лойиҳалари доирасида юридик шахслар томонидан сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилишда ҚҚС

Шаклда қўшимча майдонлар пайдо бўлади, уларда ташкилот-олувчининг номи, СТИРи, лойиҳанинг рақами, лойиҳанинг санаси ва мазмунини кўрсатиш лозим. Тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида имтиёзларни белгиловчи НҲҲ ва бошқа шунга ўхшаш ҳужжатлар кўрсатилган шартномани pdf форматида бириктириш  мумкин;

 

  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ

Қўшимча сатрлар очилади, уларда имтиёз қўлланиладиган соҳа ва имтиёз татбиқ этиладиган объект жойлашган ҳудудни кўрсатиш лозим. Тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида сув хўжалиги бўлимининг маълумотномаси, кадастр ҳужжати ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар pdf форматида бириктирилади;

 

  • мол-мулк солиғи ёки ер солиғи

Қўшимча майдонлар очилади, уларда имтиёз татбиқ этиладиган объектнинг кадастр рақами, имтиёз татбиқ этиладиган объект қиймати ва кўчмас мулк ёки ер участкаси майдонини кўрсатиш лозим. Тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида лицензия, сертификат, шартнома, кадастр ҳужжати ва бошқа ҳужжатлар pdf форматида бириктирилади.

Агар сиз ташкилотингизга тегишли бир нечта объект бўйича имтиёзни қўллаш ҳуқуқига эга бўлсангиз, ушбу ахборотни ҳар бир объект бўйича киритиш лозим. Қўшимча майдонлар яратиш учун “Қўшиш” тугмасига босинг.

Кўчмас мулкнинг мулкдори ёки унинг майдони ўзгарган тақдирда кадастр маълумотлари бўйича объектга оид  маълумотлар автоматик тарзда “Сотиб юборилган ёки ер майдони ўзгарган майдонлар” ойнасига ўтказилади. Бу ҳолда ҳам қўшимча майдонлар очилади, уларда имтиёз татбиқ этиладиган объектнинг кадастр рақамини, мол-мулк ёки ернинг қиймати ва майдонини кўрсатиш лозим. Тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида олди-сотди шартномаси, маълумотнома, кадастр ҳужжати ва бошқа ҳужжатлар pdf форматида бириктирилади.

Эътибор беринг

Солиқ қўмитаси огоҳлантиради: ҳатто солиқ тўловчига муайян имтиёзни қўллашнинг техник имконияти тақдим этилган тақдирда ҳам, солиқ тўловчининг ўзи унинг тўғри қўлланилиши учун жавобгар бўлади.

Агар солиқ тўловчи имтиёз ҳуқуқини суиистеъмол қилган бўлса, у қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта ҳисоб-китоб қилинганидан кейин зарарни бюджетга қоплаб бериши ҳамда пеняни тўлашига тўғри келади.

 

 

Манба

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади