МҲХСга ўтганлар 2021 ва 2022 йиллар учун солиқ ҳисоботларини қандай топширишлари керак

preview

Йирик солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига солиқ органларининг хабарномаси келиб тушди. Солиқчилар 3 иш куни давомида юридик шахслар учун солиқ ҳисоботларини тақдим этишни сўрашмоқда ва МЖТКнинг 175-моддасида белгиланган жавобгарлик тўғрисида эслатиб ўтишмоқда.

Бунда хабарнома солиқчилар талабини бажаришни мураккаблаштирадиган ноаниқликлар ва низоли масалаларни олиб ташламайди. Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб беради:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Давлат регуляторининг жавоби мавжуд бўлмаган масалалар

– Хабарнома билан солиқ тўловчиларга 2021 ва 2022 йиллар учун ДСҚнинг АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова билан тасдиқланган солиқ ҳисоботи шаклини 3 кунлик муддатда тақдим этиш мажбурияти юкланмоқда. Аммо талаб қилинаётган ҳисоботни қандай тўлдириш масаласи нафақат ахборотни йиғиш ва тақдим этиш муҳим бўлган солиқ тўловчилар, балки олинган ахборотни тўғри талқин қилишлари лозим бўлган солиқчиларнинг позициясидан ҳам очиқ қолмоқда.

  • Солиқ ҳисоботини тўғри тузиш учун МҲХС бўйича тузилган тайёр молиявий ҳисоботга эга бўлиш керак. Айни пайтга қадар бизда МҲХС бўйича ҳисобот шакллари ҳам, Ўзбекистон шароитида ушбу шаклларсиз қандай уддалаш мумкинлиги, мавжуд маълумотлар билан қандай ишлаш юзасидан тавсиялар ҳам мавжуд эмас. Буларнинг барчаси шакллантирилаётган солиқ ҳисоботларининг сифатига салбий таъсир қилади.
  • ПҚ-4611-сон Қарор 3 йил олдин чиққанлигига қарамай, МҲХС бўйича ҳисоботлар тайёрлаш муддатлари бўйича аниқлик йўқ. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг аниқлик киритмаган бир нечта расмий хати мавжуд.
  • ДСҚ қарорига 13-иловадаги шаклдан ташқари, фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботида МҲХСга ўтганлар учун мўлжалланган иккита илова мавжуд. МҲХС бўйича аниқ тузилган молиявий ҳисоботсиз ушбу иловаларни сифатли маълумотлар билан тўлдиришнинг имкони йўқ. Нима қилсангиз ҳам, бугун уларда фақат “эгри” маълумотларни кўрсатиш мумкин.

Солиқ тўловчиларда сифатли биринчи манба мавжуд бўлмаганда, қандай қилиб бундай қисқа муддатда ДСҚ қарорига 13-илова билан тасдиқланган шаклни тақдим этиш мумкин?

Албатта, солиқ тўловчилар хабарнома талабини бажариш учун ҳисоботни юборишдан бошқа чоралари қолмайди. Солиқчиларда улар бўйича саволлар туғилишига тайёр бўлиш керак.

Эътибор беринг

ПҚ-4611-сон Қарор чиққанига 3 йил бўлди. МҲХСга ўтган корхоналар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасидан мазкур Қарорнинг нормалари қандай ишлаши юзасидан жавоб берилган норматив ҳужжатларни кутишмоқда. Уларда барча ўзига хос жиҳатлар ёритиб берилиши мумкин:

  • турли вазиятларда МҲХСга ўтиш;
  • молиявий ва солиқ ҳисоботини топшириш;
  • МҲХСни қўллашнинг бошқа масалалари.

Мазкур ҳужжатлар солиқ тўловчилар ҳамда давлат регулятори нима қилиши кераклигини аниқ белгилаши мақсадга мувофиқдир. Бунда МҲХС бўйича ҳисоботларга киритилган ахборот нима ҳақида далолат бераётганлигини ҳамма тушуниши керак.

 

Янги йирик солиқ тўловчилар нима бўлади?

Яна бир қизиқарли ҳолат: соф тушуми 100 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчилар хабарнома олишди, аммо ҳануз улар йирик солиқ тўловчи деб эътироф этилганлиги ҳақида хабарнома олишмаган (АВ томонидан 12.07.2019 йилда 3172-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом талаб қилганидек).

Бу шундай вазиятга тушиб қолган бир неча пойтахтлик тадбиркорларнинг сўзларидан маълум бўлди. МҲХС билан боғлиқ ноаниқлик улар МҲХС бўйича ҳисоб юритишлари кераклиги ёки керак эмаслиги юзасидан шубҳаланишларига кўмаклашди. Натижада улар МҲХСни ҳисобга олган ҳолда қандайдир маълумотлар тақдим этишга умуман тайёр эмаслар.

Агар улардан ҳисоботни топшириш талаб қилинса, улар қандай сифатдаги ҳисоботни тақдим этишларини тахмин қилиш мураккаб эмас. Хўжакўрсинга топшириладиган ҳисоботлар кимга керак? Солиқчилар уларнинг ҳолатини тушуниб, бундай ҳисоботларни тақдим этиш муддатини кечиктирсалар яхши бўларди.

 

Олег Гаевой тайёрлади