Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ускунани капитал таъмирлаш харажатларини таннархга тенг маромда тақсимлаш мумкинми
“Кимё саноати – корхонамиз шу соҳада фаолият юритади. Ҳар йили асбоб-ускуналар тўхтатиб турилган ҳолда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Маҳсулот таннархини тенг маромда шакллантириш учун таъмирлаш бўйича барча харажатларни кейинчалик маҳсулот таннархига тақсимлаган ҳолда, келгуси давр харажатларига олиб бориш мумкинми?”
Саволга “Норма” эксперти Шуҳрат ХУДОЙНАЗАРОВ жавоб беради:
– Вазиятнинг таърифидан тўхтатиб туриб таъмирлаш ҳар йили амалга оширилиши ойдинлашади, шу боис 5-сон БҲМС қоидалари асосида ушбу харажатларни келгуси даврларга ўтказиш лозим эмас. Солиқ кодекси ҳам шуни талаб қилади.
Ускуналар ва транспорт воситаларини капитал таъмирлаш – бу агрегатни қисмларга тўлиқ ажратиб амалга ошириладиган таъмирлаш, базавий ва корпус деталлари ва узелларини таъмирлаш, барча эскирган деталлар ва узелларни алмаштириш ёки тиклаш, агрегатни йиғиш, созлаш ва синаб кўриш .
Объектни ишчи ҳолатида тутиб туриш ва ундан фойдаланишдан келгусида олинадиган иқтисодий фойданинг белгиланган бошланғич суммасини олиш учун амалга ошириладиган харажатлар улар тааллуқли бўлган ҳисобот давридаги харажатлар таркибига киритилади. Ишлаб чиқаришдаги АВларни ишчи ҳолатида сақлаб туришга доир харажатлар (техник кўрикдан ўтказиш ва ҳолатини яхшилашга оид харажатлар) ҳамда ишлаб чиқаришдаги АВларнинг барча турдаги таъмирланишини (жорий, ўртача, капитал тарзда) ўтказиш харажатлари маҳсулотнинг (ишлар, хизматларнинг) ишлаб чиқариш таннархига киритилади, маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш учун мўлжалланган асосий воситалари бўйича эса – давр харажатлари таркибига киритилади .
Солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчи томонидан амортизация қилинадиган активларни таъмирлаш учун амалга оширилган харажатлар қайси ҳисобот (солиқ) даврида амалга оширилган бўлса, ўша ҳисобот (солиқ) даврида ҳақиқий чиқимлар миқдорида харажатлар жумласига киритилади .
Таннарх календарь йил мобайнида ойдан ойга бирмунча тенг маромда шаклланиши учун қуйидагиларни амалга ошириш мумкин.
1. Ҳар йилги тўхтатиб туриш вақтида таъмирлаш жумласига кирмайдиган бошқа ишлар бажарилаётганлиги ёки бажарилмаётганлигини аниқланг. Масалан, таъмирлаш ишлари билан бирга ускунага кейинги ҳар йилги тўхтатиб туришга қадар сарфланадиган бирор бир катализатор қуйилади (тўлдирилади). Бундай ҳолатда катализатор билан боғлиқ харажатларни келгуси давр харажатларига ажратиш мумкин, сабаби ушбу катализатор келгуси маҳсулотларни ишлаб чиқаришда сарфланади.
2. Ҳар йилги таъмирлашда деталлар, агрегатлар ва узеллар рўйхатида йилдан йилга алмаштирилса, агрегатлар (узеллар, деталлар)нинг ўзи эса турли хизмат муддатига эга бўлса, 5-сон БҲМСнинг 49-бандига мувофиқ, уларни мустақил объектлар жумласидан алоҳида инвентарь объектларига ажратинг. Бу ҳолатда ҳар бир мустақил объект учун анча тўғри амортизация нормаси белгиланади, ахир бутун улкан ускунадан фойдаланиш муддати доим алоҳида агрегатларнинг фойдаланиш муддатидан кўп бўлади. Алмаштириш пайтида ушбу мустақил объект амортизацияланишга улгуради. Агар бундай ажратиш ҳозир амалга оширилмаса, бу келгусида ҳам ўз таъсирига эга бўлади.
Мустақил объектларни алоҳида инвентарь объектларга ажратиш чоғида СКнинг 306-моддасида белгиланган амортизациянинг энг юқори нормаларига ҳам эътибор бериш лозим.
3. Агар корхона МҲХСга ўтган бўлса, МҲХС (IAS)га асосан ташкилот АВ объектининг баланс қийматига бундай объектни қисман алмаштириш харажатларини улар юзага келган пайтда киритади, башарти бу тан олиш мезонларига жавоб берса. Бунда алмаштирилаётган қисмларнинг баланс қиймати тан олишни бекор қилиш қоидаларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилади . Бу ҳолда фойда солиғи бўйича вақтинчалик фарқлар юзага келади.
4. Охирги вариант – низоли ва хатарли, бироқ бу ҳақда айтиб ўтиш лозим. Бу 3290-“Бошқа кечиктирилган харажатлар” счётидан фойдаланиш. Бу ҳолда бухгалтерия ҳисобида ҳам “Вақтинчалик фарқлар бўйича кечиктирилган фойда солиғи” (3210-счёт) юзага келади. Шуни ёдда тутиш лозимки, ушбу иккала счёт солиқ даври, яъни календарь йил охиригача ёпилиши (сальдога эга бўлмаслиги) керак.