Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Онлайн-НКТ чекида нималар акс эттирилиши керак
Сўнгги 10 кун мобайнида ТХКМ тадбиркорлар – ўз мижозлари билан онлайн-НКТ чеклари мазмунини қонун ҳужжатлари меъёрларига мувофиқ келтириш бўйича жадал иш олиб борди. Шошилинч тарздаги ишлар Солиқ қўмитасининг ТХКМга йўллаган хатидаги талаблар билан изоҳланган. Барча ишларга 10 кун ажратилган, хат эса 18 март куни йўлланган. Шу билан бирга, бизнесда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ечими ёзилмаган саволлар қолмоқда.
Buxgalter.uz тадбиркорларни ҳамда ва солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАнинг маслаҳатларини тинглади.
Онлайн-НКТ чеклари Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 7-банди талабларига жавоб бериши керак. Ушбу бандда чекда акс эттирилиши керак бўлган реквизитлар рўйхати келтириб ўтилган.
Сотиш чекига нисбатан талаблар бажарилиши мумкин. Қайтариш чекини шакллантиришда, агар қайтарилаётган товар мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлса ва қайтариш пайтида харидор қадоқдаги Data Matrix тасвирига шикаст етказган бўлса, муаммолар юзага келиши мумкин. Ушбу вазиятда нима қилиш керак? Хайрият, бу ҳозирча кам учрайдиган ҳолатлардан.
Ҳар бир реквизит бўйича талабларни аниқ йўриқнома ва тушунтиришлар билан тўлдириш мақсадга мувофиқдир. Мисол учун, Низомнинг 7-бандида “Комитент СТИРи” кўрсатилган. Низомни у фақат комиссия шартномаси бўйича реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар бўйича акс эттирилиши ҳақидаги ахборот билан тўлдириш фойдали бўларди. Бу ерда қачон комитентнинг СТИРи, қачон унинг ўрнига комитентнинг ЖШШИР ёки IDси кўрсатилишини тушунтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Бугун бундай тушунтиришларни фақат Солиқ қўмитасининг телеграм-каналида ўқиш мумкин. Янгилар ушбу ахборотни шунчаки тополмасликлари мумкин.
Низомнинг 7-банди талабларини қайта кўриб чиқиш ва чеклардан оддий одам учун тушунарсиз бўлган ортиқча ахборотни олиб ташлаб, яхшироқ ўқиладиган қилиш лозимлиги юзасидан таклифлар баён этилди. Унда баён этилган ахборотдан харидор томонидан нима, қаерда ва қандай нархда сотиб олинганлиги осон тушунилиши керак. Бугун чеклар оддий одамга ҳеч нарса бермайдиган кодлар (штрих-код, МХИК, рақамли маркировка) билан тўлдириб юборилган. Ушбу ахборот солиқ маъмуриятчилиги учун керак ва у билан алмашиш харидорга бериладиган чекда акс эттирилмаган ҳолда содир бўлиши мумкин.
Бўнак ва кредит тўловлари бўйича чекларни шакллантиришда юзага келадиган масалалар ҳал қилинмаган. Онлайн-НКТ тўғрисидаги низомда фақатгина уларнинг мазмунига тааллуқли бўлган битта шарт мавжуд – ушбу чекларда QR-код ва фискал белги бўлмаслиги лозим. Бу ушбу бандда санаб ўтилган барча қолган реквизитлар бўлиши кераклигини англатади.
Маиший техникани рақамли маркировкалаш жорий этилди. Айнан уни кўпроқ кредитга, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилишади. Чекнинг белгиланган мажбурий реквизитлари рўйхатидан келиб чиқилса, кредитни сўндириш ҳисобига тўловларда бериладиган чекларда товар мажбурий рақамли маркировкаланиши лозимлиги тўғрисида белги қўйилган бўлиши керак. Ушбу белгини қўйиш учун қадоқдан Data Matrixни сканерлаш лозим. Агар ҳисоб-китоб мобиль тўлов иловалари орқали амалга оширилса, ушбу талабни қандай бажариш мумкин? Ҳатто харидор нақд пул билан ёки банк картаси орқали ҳисоб-китоб қилган тақдирда ҳам, у ҳар бир тўловни амалга ошириш чоғида сотиб олинган жиҳозни дўконга олиб келмайдику?!
Бир тадбиркорнинг айтишича, у мазкур мавзуда Солиқ қўмитаси ва идоравий бўйсунувдаги фискал маълумотлар оператори ходимлари билан гаплашишга муваффақ бўлган. Идоранинг мутахассислари айнан шундай дейишган: “Кредит чекларида рақамли маркировкалаш ҳақида белги керак эмас”. Шундай экан, бу Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомда акс эттирилиши керак. Ҳозирча эса ушбу Низомнинг 7-бандидан кредит чекида рақамли маркировкалаш ҳақида белги бўлиши кераклиги келиб чиқади ва ушбу талабни қандай бажариш тушунарсиз.
Бўнак ва кредит чекларида тўлов амалга оширилган товарнинг номи ва унинг МХИК бўлиши керак. Низомдан ҳам шу келиб чиқади. Аммо, бу ҳолда сони ва нархи сифатида нимани ёзиш керак деган савол юзага келади. Ҳақиқатда чек бўйича тўлов миқдори ёзилади. Агар қонунчилик ҳужжатларида бўнак ва кредит чекларида унинг учун ҳисоб-китоб амалга оширилаётган, харид қилинаётган товарнинг ҳақиқий сони ва унинг қийматини кўрсатиш, алоҳида сатрда эса чек бўйича ўтказилган сумма – бу бўнак тўлови ёки бўлиб-бўлиб тўлашни сўндириш сифатида муайян миқдордаги тўлов эканлиги тўғрисида ёзувни амалга ошириш имконияти ёзилса ва бу техник жиҳатдан таъминланса, тўғри бўларди.
Шунингдек, тадбиркорлар онлайн-НКТ тизими бўнак тўлови ва муайян шартнома бўйича ҳисоб-китобларда берилган чеклар ҳисобини автоматик тарзда юритиш имконини бериши учун уни такомиллаштириш истагини билдиришди. Бугунги кунда – бу шунчаки бир-бири билан ҳеч қандай тарзда боғлиқ бўлмаган ҳужжатлар. Чеклар сони катта бўлганда муайян бўнак ва кредит тўлови чекининг муайян шартнома бўйича ҳисоб-китобга тегишли эканлигини аниқлашнинг деярли имкони йўқ. Ушбу чеклар фойдасиз нарсага айланади.
Аниқ қоидалар зарур
Чекда мажбурий талаблардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлмаса, онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга йўл қўйилмайди . Бундай ҳолатда қандай ишлаш керак?
Вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– Таърифланган муаммолар – онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг қандайдир битта моделининг муаммолари, бу эса бутун онлайн-НКТ тизимининг муаммолари. Тадбиркор аҳоли билан ҳисоб-китобларда онлайн-НКТни қўлламаслиги мумкин эмас, акс ҳолда у тушумнинг ушбу қисмини айланмадан олинадиган солиқ ёки ҚҚС ҳисоб-китобларида акс эттиролмайди. Бизга маълумки, онлайн-НКМ ва ҳисобварақ-фактуралар маълумотлари ушбу солиқ ҳисоботларидан автоматик тарзда ўтади.
Регулятор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини тартибга солмагунча, уларни амалиётда реал қўлланадиган қилмагунча, солиқ тўловчилар вазиятдан чиқиш йўлини мустақил равишда излашлари ва ишлашларига тўғри келади. Бунда регулятор томонидан унга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлиши мумкин эмас. Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади. Марҳамат, аввал – аниқ қоидаларни ишлаб чиқинг, сўнгра назорат қилинг.
Бўнак ва кредит тўловлари чекларига келсак, уларни ҳисоб ва солиқ назоратининг таъсирчан ва керакли дастагига айлантириш мумкин. Аммо бунинг учун бу қандай тўлов ва қандай шартнома бўйича эканлиги тушунарли бўладиган тарзда амалга ошириш лозим.
❖
Онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеклари қонунчилик талабларига мослигини қандай текшириш юзасидан экспертнинг 3 та маслаҳати.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади