Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Таътил пули олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисобланади
“Амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ таътилнинг давомийлиги календарь кунлар асосида аниқланиши лозим. Ходим давомийлиги 25 календарь кундан иборат таътил олди. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган.
Ушбу вазиятда таътил пули таътил даврига тўғри келадиган иш кунлари учун тўланадими ёки барча 25 календарь куни учун тўланиши лозимми?”
Buxgalter Pro фойдаланувчисидан келиб тушган саволга “Норма” эксперти Азизахон ТОШХЎЖАЕВА жавоб беради:
– Таътил календарь кунларда берилишига қарамай, таътил пули 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилади. Ҳар йилги меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди . Ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга МКнинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади .
Ўртача кунлик иш ҳақини аниқлаш учун 25,3 коэффициенти қўлланилади. Бу ўртача иш ҳақи 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилишини кўрсатади. Шу боис, таътил календарь кунларда берилишига қарамай, таътил пули 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.