ҚҚС бўйича имтиёзларнинг бекор қилиниши: тез-тез бериладиган 3 та саволга жавоблар

preview

2024 йил 1 апрелдан бошлаб айрим товарлар ва хизматларга нисбатан ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинди ва энди уларга 12% ставка бўйича солиқ солинади. Солиқ қўмитасининг мутахассислари энг кўп бериладиган 3 та саволга жавоб беришди.

 

Телеграм-каналда материалларимизни кузатиб боринг.

 

Бекор қилинган имтиёзлар МХИК бўйича берилган. 1 апрель ҳолатига кўра электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКТ тизимини қайта созлашни амалга ошириш керакмиди? Агар қайта созлаш ўз вақтида амалга оширилмаган бўлса, ҳозир нима қилиш керак?

– Ҳа, бекор қилинган имтиёзлар МХИК бўйича берилган, уларнинг қўлланилиши энг юқори даражада автоматлаштирилган эди ва қўллашнинг асосий шартларидан бири – тўғри МХИКдан фойдаланиш бўлган. 1 апрелдан бошлаб имтиёзлар бекор қилинди, бироқ МХИК аввалгидек қолдирилди. Яъни, энди ушбу товарлар ва хизматларга автоматик тарзда 12% ставка бўйича ҚҚС солинади.

Ҳисобварақ-фактураларда тегишли МХИК кўрсатилганда энди “имтиёз” устуни тўлдирилмасдан қолдирилади, “ҚҚС ставкаси” устунида эса автоматик тарзда 12% акс эттирилади ва тегишинча ушбу кўрсаткичларга боғлиқ бўлган бошқа устунлар тўлдирилади.

Онлайн-НКТ билан боғлиқ вазият ўзгача – бу ерда қайта созлаш лозим. Чекларда илгаригидек “ҚҚСсиз” ёки “0%” эмас, балки 12% ҚҚС ставкаси акс эттирилиши лозим.

Сиз ҳануз керакли созламаларни амалга оширмаган бўлсангиз:

  • буни имкон қадар тезроқ амалга оширинг, акс ҳолда бутун апрель ойи учун ҳисобварақ-фактуралар ва чекларга тузатиш киритишга тўғри келади;
  • 1 апрелдан бошлаб 12% ставка бўйича ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда расмийлаштирилган чеклар ва ҳисобварақ-фактураларга тузатиш киритинг.

Аввал биз ўлчов бирлигидаги хато мисолида онлайн-НКТ чекини қандай тузатишни тушунтирган эдик, ҚҚСни тузатишда ҳам шу қоидаларни қўллаш мумкин.

 

– 2024 йил 1 апрелдан бошлаб имтиёз бекор қилинган товарлар қолдиқларини реализация қилишда ЭҲФни қандай тўғри расмийлаштириш керак?

–  Агар 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра ташкилотда ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинган товарлар қолдиқлари мавжуд бўлса, ушбу товарларни реализация қилишда ЭҲФ ҚҚС билан расмийлаштирилади .

 

Агар 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра товарлар имтиёзсиз (ҚҚС билан) кирим қилинган бўлса, товарлар қолдиқлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш мумкинми?

– Ҳа, мумкин. ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинган тақдирда солиқ тўловчи имтиёз бекор қилинган санада балансда мавжуд бўлган ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олишга ҳақли .