Иш ҳақини учинчи шахс картасига тўлаш мумкинми

preview

«Ходим ўз иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бошқа тўловларни олиш учун ишончли шахсни ваколатли қилиш ҳуқуқига эга ФК 137-м.. Ходим ўз иш ҳақини онасининг пластик картасига тўлаш ҳақида ариза ёзган ва нотариал тасдиқсиз ишончнома тузган.

Иш берувчи ходимнинг иш ҳақини ишончнома ва ариза бўйича учинчи шахснинг пластик картасига тўлаши мумкинми?»

Buxgalter Pro обуначисининг илтимосига кўра, саволга «Норма» эксперти, «Жавоб берамиз!» хизмати мутахассиси Собир НУРБЕРДИЕВ жавоб берди:

Экспертларга ўз саволларингизни бериш ва тайёр жавоблар базасининг барчасини кўриш учун Buxgalter Proга кириш ҳуқуқини расмийлаштиринг.

 

– ФКнинг 137-моддасида фақат иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга ишончнома тасдиқлаш тартиби кўрсатилган. Лекин унда бундай ишончнома қандай тартибда ва қандай ҳолатларда берилиши мумкинлиги белгиланмаган. Шундай қилиб, ушбу норма кўрсатилган масалани ҳал қилишда асосий ҳисобланмайди.

Агар ходим иш ҳақи тўланадиган куни иш берувчининг топшириғини иш жойидан ташқарида (хизмат сафарида, малака ошириш курсларида бўлса ва бошқалар) бажараётган бўлса, ходимнинг илтимосига кўра иш берувчи ходимга тегишли иш ҳақини ўз ҳисобидан юбориши ёки ходимнинг ишончли шахсига тўлаши шарт МК 256-м..

Бироқ, иш ҳақи корхона кассаси орқали нақд пулда эмас, балки пластик картага ўтказилганда, ушбу норма қўлланилмайди.

Ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақи ёки унинг муайян қисми ходимнинг ёзма аризасида кўрсатилган миқдорларда ва муддатларда кредиторларга банк муассасаларидан олинган ссудалар, кредитлар, коммунал тўловлар ва бошқа харажатларни тўлаш учун юборилиши мумкин МК 271-м.. Шундай қилиб, кўрсатилган ҳолатни "бошқа харажатлар" сифатида талқин қилиш мумкин ва ходимнинг аризасига биноан кўрсатилган суммаларни (бу ҳолда иш ҳақининг 100%) учинчи шахснинг пластик картасига йўналтириш мумкин.

Бироқ, кўрсатилган муносабатларга ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича назорат нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, бу ҳолда банкда шубҳа туғилиши мумкин, чунки иш ҳақи рўйхатида ходимнинг Ф. И. Ш. кўрсатилади, лекин шу билан бирга эгаси бошқа шахс бўлган банк картаси рақами кўрсатилади.

Агар операциялар ёки уни амалга ошираётган мижоз тижорат банки томонидан таваккалчилик даражаси юқори деб берилган бўлса, операция гумонли операция деб тан олинади Қоидалар 48-б., 23.05.2017 й. АВ рўйхат рақами 2886-сон..

Бу ҳолда банк операцияни тўхтатиб қўйиши, корхонадан қўшимча тушунтиришлар сўраши ва шубҳали операция ҳақидаги маълумотни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юбориши мумкин.

Шундай қилиб, ходимнинг иш ҳақини бошқа шахснинг пластик картасига расмийлаштиришда иш берувчи ва ходимнинг ўзи банк ва назорат қилувчи органлар томонидан бўлиши мумкин бўлган саволларга тайёр бўлишлари керак.

 

 

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш Меҳнатга ҳақ тўлаш Меҳнатга ҳақ тўлаш /uz/publish/doc/text207720_ish_haqini_uchinchi_shahs_kartasiga_tulash_mumkinmi