Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунга янги механизм киритилмоқда – ижро иши бўйича кафолат маблағлари (19.08.2025 й. ЎРҚ-1082-сон). Мақсад – ижро ҳужжатлари устидан шикоят қилишда қарздорлар ва ундирувчиларнинг манфаатларини мувозанатлаш.
Бухгалтерлар ҳам алимент тўловчилар ва ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо ўтаётган ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолишнинг энг юқори чегарасини ҳисобга олиши керак. Барча муҳим тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм каналимизга обуна бўлинг.
Ундирувни пул маблағларини «гаров»га олиш остида тўхтатиб туриш мумкин
Қонун Ўзбекистонда ижро иши бўйича кафолат маблағлари институтини жорий этувчи нормалар билан тўлдирилди (Қонуннинг 11, 33-1, 34 ва 38-моддалари).
Агар қарздорга нисбатан ижро иши бошланган бўлса (суд қарори бўйича мол-мулкни ундириш), у шикоят қилиш даврида ижрони тўхтатиб туриш имкониятига эга. Бунинг учун қарздор мажбурий ижро органининг махсус депозит ҳисобварағига пул маблағларини – ижро иши бўйича кафолат маблағлари деб аталувчи маблағларни киритиши мумкин.
Кафолат маблағларини ижро ҳужжати бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ ҳажмида ёки бажарилмаган қисми миқдорида киритиш керак.
Қарздор кафолат маблағларини киритганида, ижро иши тўхтатиб турилади ва қарздор ҳамда унинг мол-мулкига нисбатан белгиланган чекловлар (масалан, мол-мулк ёки ҳисобварақларга қўйилган хатлов) олиб ташланади.
Эътибор беринг
Кафолат маблағларини киритиш тартиби даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларига (масалан, иш ҳақи, алимент) қўлланилмайди.
Қуйидаги ҳолларда кафолат маблағларини киритиш мумкин, агар:
- суд ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжати устидан шикоятни ёки келтирилган протестни қабул қилса;
- давлат ижрочисининг ҳаракати ёки қарори устидан шикоят берилса.
Мажбурий ижро органининг депозит ҳисобварағига ўтказилган кафолат маблағлари – бу «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ижро ишини тўхтатиб туриш учун бевосита асос. Бошқача айтганда, кафолат маблағларини киритиш – суд ёки юқори турувчи орган шикоятни муҳокама қилаётганда «ишни тўхтатиб қўйиш» усулидир.
Кафолат маблағлари билан кейин нима бўлади
Мажбурий ижро органининг депозит ҳисобварағига ўтказилган ижро иши бўйича кафолат маблағлари ижро ишини тўхтатиб туриш учун Қонунда белгиланган муддат давомида сақланади. Қонуннинг 36-моддасига асосан ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:
- ижро ҳаракатлари, ижро ҳужжати ёки уни беришга асос бўлган ҳужжат юзасидан, шунингдек рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолаш натижалари юзасидан низолашилаётганда – масала мазмунан узил-кесил кўриб чиқилгунига қадар;
- давлат ижрочисининг ҳаракатлари ёки қарорлари устидан шикоят берилганда – шикоят кўриб чиқилгунига қадар.
Қуйидаги ҳолларда кафолат маблағлари 3 кун ичида қарздорга қайтарилади:
- ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд қарори бекор бўлганда;
- ижро ҳужжати амалда ижро этилганда.
Қолган ҳолларда ушбу пул маблағлари ижро ҳужжатининг талабларини қаноатлантиришга йўналтирилади.
Махсус вазият – қарздор давлат ижрочисининг ҳаракатлари ёки қарори устидан шикоят туфайли ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритганда. Ушбу пуллар ижрочининг ҳаракати қонунга хилоф деб топилган ёки қарори бекор бўлган кундан эътиборан яна 20 кун мажбурий ижро органининг депозит ҳисобварағида қолади.
Ушбу 20 кун мобайнида ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати устидан шикоят беришга ёки протест келтиришга улгуриш керак. Агар буни қилмасангиз, пул маблағларидан қарзни қоплаш учун фойдаланилади.
Агар суд ҳужжати устидан шикоят берилса ёки протест келтирилса, маблағлар депозит ҳисобварағида ижро ишини тўхтатиб туриш даврида – масала мазмунан узил-кесил кўриб чиқилгунига қадар сақланишда давом этади.
Ҳисобварақларга қўйилган хатлов қанча муддатга олиб ташланади
Қонуннинг 38-моддаси ижро иши юритишни тўхтатиб туриш даврида қарздорнинг банк ҳисобварақларига қўйилган хатловни олиб ташлаш тўғрисидаги норма билан тўлдирилди. Агар ижрони тўхтатиб туриш тўғрисидаги суд ҳужжатида қарздорнинг ҳисобварақларига қўйилган хатловни олиб ташлаш назарда тутилса, у ижро иши юритишни тўхтатиб туришнинг бутун муддатига олиб ташланади.
Иш ҳақидан ушлаб қолишнинг энг юқори миқдори
Қонуннинг 66-моддасига киритилган тузатишлар иш ҳақидан ушлаб қолишнинг энг юқори миқдорига тааллуқли. Меҳнат кодексида белгиланишича, 50 фоизлик чеклов қуйидагиларга нисбатан амал қилмайди:
- алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик;
- ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо тайинланган шахсларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш.
Ушбу икки ҳолатда ушлаб қолиш миқдори ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг 70 фоизидан ошиши мумкин эмас
.
Buxgalter.uz тавсия қилади
Гиляра ТЕМИРЬЯНОВА тайёрлади