2026 йилда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда «касаллик варақаси» бўйича тўловлар қандай амалга оширилади

preview

Ўзбекистонда ижтимоий суғурта тизими такомиллаштирилмоқда. Нафақалар аввалгидек фақат расман банд бўлган фуқароларга берилади. Бироқ тўлов манбаси ўзгаради.

Бу 03.11.2025 йилдаги ПФ-206-сонли Президент Фармонида назарда тутилган.

Тафсилотлар buxgalter.uz шарҳида:

Миллий қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Бугунги кунда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойгача меҳнат стажига эга бўлган ходимлар учун ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизини, ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойдан ортиқ меҳнат стажига эга бўлган ходимлар учун ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизини ташкил этади.

Нафақа ходимларга 31.05.2024 йилдаги 314-сон ВМҚга 1-илованинг 3-банди бўйича тўланади:

  • бюджет ташкилотлари – бюджет маблағлари ҳисобидан;
  • бошқа ташкилотлар – ўз маблағлари ҳисобидан.

Бунда, агар ходимнинг меҳнат шартномаси асосидаги узлуксиз иш стажи барча юридик шахсларда (бюджет ташкилотларидан ташқари) ва якка тартибдаги тадбиркорларда камида 6 ойни ташкил этса, уларга Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида нафақа тўланади.

 

Бундай тизим мукаммал эмас ва яқин йилларда тубдан ислоҳ қилинади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди:

«Хусусий секторда банд бўлган фуқароларнинг барчаси ҳам ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ишдан бўшатиш тўловлари билан қамраб олинмаган. Чунки бундай тўловлар кўпинча маҳсулот таннархини оширади ва корхоналар рақобатбардошлигини пасайтиради. Иш берувчилар ўз навбатида, бундай харажатларни қўшимча юк сифатида қабул қиладилар. Бундан ташқари, бюджетдан қопланадиган ҳомиладорлик нафақалари миқдори пастлигича қолмоқда, бу эса тизимни тадбиркорлар учун жозибадор қилмаяпти.

Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилотининг «Ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрлари тўғрисида»ги ва «Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги конвенцияларига мувофиқ - ҳомиладорлик ва касаллик бўйича тўловлар ижтимоий суғурта механизмлари орқали амалга оширилиши керак.

Расмий иш билан банд бўлган барча фуқаролар Ижтимоий ҳимоя жамғармаси тўловлари билан босқичма-босқич қамраб олиниши режалаштирилмоқда. 2026 йилдан бошлаб жамғарма ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини, 2026 йилнинг иккинчи ярмидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тўлашни бошлайди».

ПФ-206-сонли Фармон қабул қилиниши билан нималар ўзгаради 

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади. Бунда фуқароларни давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олиш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:

  • мажбурий тартибда – белгиланган ставка бўйича тўланган жисмоний шахслар даромад солиғининг бир қисми ҳисобига;
  • ихтиёрий равишда – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 фоизи миқдорида ҳар ойлик суғурта бадалининг энг кам миқдорини тўлаш ҳисобига.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар фуқароларга уларнинг минимал суғурта стажига ва Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси орқали тўланган суғурта бадалига мутаносиб равишда тўланади.

Жамғарма орқали проактив тарзда қуйидагилар тайинланади ва тўланади:

  • 2026 йил 1 январдан – ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
  • 2026 йил 1 июлдан – вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;
  • 2030 йил 1 январдан фуқаролар мурожаати асосида – ишдан бўштиш нафақаси.

2026 йил 1 январгача бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадали, ягона ижтимоий тўлов ва ижтимоий солиқ даврлари давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни ҳисоблашда суғурта стажи сифатида ҳисобга олинади.

Тавсиялар:

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қандай ҳисобланади:

ишбай ҳақ тўлашда;

меҳнатга вақтбай ҳақ тўлашда.

 

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text211496_2026_yilda_homiladorlik_va_tugish_nafaqasi_hamda_kasallik_varaqasi_buyicha_tulovlar_qanday_amalga_oshiriladi