2026 йилдан бошлаб меҳнатга лаёқатсизлик ва ҳомиладорлик нафақалари қандай тайинланади ва тўланади

preview

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари ҳамда «касаллик варақалари» учун нафақаларни тўлаш тизими тўлиқ ўзгаради. Улар давлат ижтимоий суғуртаси доирасида тайинланади ва тўланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 17 декабрдаги 796-сон қарори:

– нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини батафсил баён этади,

– муддатларни белгилайди ва иш берувчиларнинг қўшимча мажбуриятларини мустаҳкамлайди.

Янги тартиб тафсилотларини buxgalter.uz сайтида кўриб чиқамиз:

Хўжалик операцияларингиз бўйича барча долзарб тушунтиришлар базасини кўриш ва мутахассисларнинг мослаштирилган жавобларини олиш учун Buxgalter Proга обуна бўлинг.

 

Материалда:

давлат суғуртаси доирасида нафақалар тўлаш механизми;

нафақа тўлаш схемаси;

юридик шахс бўлган иш берувчилар учун нималар ўзгармоқда.

 

Давлат суғуртаси доирасида нафақаларни тайинлаш ва тўлаш механизми

Ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимининг «Ижтимоий суғурта» модули орқали тайинланади.

Автоматик режимдаги модуль:

идоралараро каналлар орқали зарур маълумотларни олади,

тўловни тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади,

нафақа миқдорини ҳисоблайди,

маблағларни ўтказиш учун маълумотларни шакллантиради.

 

Тизим иштирокчилари суғурталанувчилар ва суғурталанган шахслар.

Суғурталанувчилар:

ижтимоий солиқ тўловчи юридик шахслар,

суғурта бадалларини тўловчи жисмоний шахслар.

Суғурталанган деб бундай бадаллар тўланадиган ва шу сабабли нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар ҳисобланади.

 

Нафақа тайинлаш шарти суғурта стажига эга бўлишдир. Нафақаларни тайинлаш ва ҳисоблашда суғурта бадаллари тўланмаган расмий меҳнат стажи ҳисобга олинмайди.

Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қошида фаолият кўрсатади. У суғурта бадалларини тўплайди ва тўловларни амалга оширади.

 

Нафақалар қуйидагиларга тўланади:

  • давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий тартибда қамраб олинган ходимларга белгиланган ставка бўйича тўланган ЖШДСнинг бир қисми ҳисобидан;
  • давлат ижтимоий суғуртасида ихтиёрий асосда иштирок этувчи жисмоний шахсларга МҲТЭКМнинг 5% миқдоридаги энг кам ойлик суғурта бадали ҳисобидан.

 

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасининг бир қисмини календарь йилида вақтинча меҳнатга лаёқатсизликнинг 5 кунигача суғурталанган шахснинг иш берувчиси ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди. Агар суғурталанган шахснинг иш берувчиси бўлмаса (якка тартибдаги тадбиркор, ўзини ўзи банд қилган шахс, ихтиёрий суғурта иштирокчиси), календарь йилидаги вақтинча меҳнатга лаёқатсизликнинг дастлабки 5 куни учун ҳақ тўланмайди – бу давр суғурталанган шахснинг ўзи ҳисобидан қопланади. 6-кундан бошлаб нафақани иккала ҳолатда ҳам Жамғарма тўлайди.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси Жамғарма томонидан тўланади.

Жамғарма томонидан шартнома асосида жалб қилинган молия агенти – тижорат банки нафақаларни жисмоний шахсларнинг карталарига тўғридан-тўғри ўтказади.

Эътибор беринг

Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби:

– ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ёрдам – 2026 йил 1 январдан;

– вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси – 2026 йил 1 июлдан жорий этилади.

 

Меҳнатга лаёқатсизлик ва ҳомиладорлик бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш схемаси

1. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини беришга ваколатли бўлган тиббиёт муассасаси варақани Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ягона тиббий ахборот тизимида (DMed) – вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври бошланган кундан бошлаб 1 иш куни ичида расмийлаштиради.

2. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси автоматик равишда «Ижтимоий суғурта» ахборот модулига юборилади.

3. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёпилгандан сўнг, тизим автоматик равишда маълумотларни тўплайди:

даромадлар ва суғурта бадаллари тўғрисида – Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларидан;

ихтиёрий ижтимоий суғурта бадаллари ва жисмоний шахс мақоми тўғрисида (ўзини ўзи банд қилган, ЯТТ ва бошқалар) – Солиқ қўмитаси тизимларидан ва «Ижтимоий суғурта» ахборот модулининг суғурта бадаллари реестридан. Ихтиёрий суғурта бадалларини тўловчи жисмоний шахслар тизимда олдиндан рўйхатдан ўтишлари ва ихтиёрий бадалларни банк ёки «Ижтимоий карта» тизими, «Барака» мобил иловаси орқали тўлашлари лозим;

меҳнат стажи, бандлик, таътиллар ва ФҲТ шартномалар тўғрисида – ЯММТдан.

Ушбу маълумотлар асосида тизим нафақа тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарорни ва тўлов реестрларини (қайдномаларини) шакллантиради.

Жисмоний шахс тўлов миқдори, шакли ва муддатлари ёки рад этиш сабаби тўғрисида СМС-хабарнома олади.

4. Ижтимоий суғурта жамғармаси молия агенти бўлган тижорат банкига нафақалар тўлаш учун маблағ ўтказади ва тўлов реестрларини (қайдномаларини) топширади.

5. Молия агенти бўлган банк пул маблағларини ижтимоий картага, агар у мавжуд бўлмаса, олувчи-жисмоний шахснинг банк картасига тўлов реестрларини (қайдномаларини) тақдим этиш учун белгиланган охирги кундан кейин 5 иш куни ичида ўтказади.

Бухгалтерга ёрдам сифатида – бизнинг «кичик энциклопедиямиз»:

Қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда – меҳнат ва иш ҳақи > > >

 

Юридик шахс бўлган иш берувчилар учун нима ўзгаради

1. Таътилларни ЯММТда рўйхатдан ўтказиш 

Асосий янгилик – 2026 йил 1 январдан бошлаб иш берувчилар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар ишчиларга берадиган барча турдаги таътилларни ЯММТда рўйхатдан ўтказишлари шарт.

Илгари бундай талаб йўқ эди, энди эса суғурта стажини тўғри ҳисоблаш учун бу маълумотни тизимга киритиш керак.

 

2. ФҲТ шартномаларни рўйхатдан ўтказиш 

2026 йил 1 январдан бошлаб ЯММТда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни ҳам рўйхатдан ўтказиш керак бўлади.

 

3. Меҳнат шартномалари бўйича интизом 

Бу талаб илгари ҳам мавжуд бўлган, лекин, 17.12.2025 йилдаги 796-сонли ВМҚда қуйидагилар алоҳида таъкидланган: иш берувчилар меҳнат шартномаларини, шунингдек уларга киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчаларни ЯММТда ўз вақтида рўйхатдан ўтказишлари шарт. Ходимларга нафақа тайинлаш бевосита ушбу маълумотларга боғлиқ.

 

4. Ходимлар учун таътилнинг янги тури 

796-сонли ВМҚ шунингдек, иш берувчиларнинг мажбуриятини белгилади – ходимларга уларнинг хоҳишига кўра йилига иш ҳақи сақланмаган ҳолда давомийлиги 2 иш кунигача қўшимча таътил бериш. Бу – ходимнинг ҳуқуқи, иш берувчи бундай таътилни рад этиши мумкин эмас.

 

5. «Касаллик варақаси» тўлови 

Илгари иш берувчи-юридик шахс ходимнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси учун тўлиқ ҳақ тўлаган. Энди тизим қуйидагича ишлайди:

  • календарь йилдаги вақтинча меҳнатга лаёқатсизликнинг дастлабки 5 куни юридик шахс маблағлари ҳисобидан тўланади,
  • 6-кундан бошлаб Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси - ходимга тўғридан-тўғри картага тўлайди.

Эътибор беринг

Иш берувчи томонидан тўланадиган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасининг бир қисми ўриндошлик асосида ишлаш жойида ҳам тўланади.

Бу қоида ички ўриндошликка ҳам тегишли.

 

6. Ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари 

2026 йил 1 январдан бошлаб ушбу тўловлар тўлиқ Жамғармага ўтказилади. Ходим поликлиникада ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича «касаллик варақаси»ни расмийлаштиради, маълумотлар автоматик равишда тизимга киради, текширилади, нафақа ҳисобланади, пул унинг картасига тушади. Ҳаммаси иш берувчининг иштирокисиз содир бўлади.

 

7. Нафақаларни тайинлаш ва тўлаш ҳақида қандай билиш мумкин 

Ходимга нафақалар тайинланганлиги, уларнинг миқдори, тўлаш шакли ва муддатлари тўғрисидаги ёки нафақа тайинлаш рад этилганлиги тўғрисидаги ахборот қуйидагиларга автоматик тарзда юборилади:

  • DMEDда рўйхатдан ўтказилган ходимнинг мобил телефон рақамига SMS-хабарлар кўринишида;
  • ЯИДХПдаги жисмоний шахснинг шахсий кабинетига;
  • Солиқ қўмитаси ва ЯММТ тизимларида юридик шахснинг шахсий кабинетига.

 

8. Иш берувчининг жавобгарлиги 

Юридик шахс нафақа тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлган ахборот тизимларига киритилган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгардир. Маълумотларни ЯММТга киритиш учун масъул шахсни белгилаш ва расман бириктиришни тавсия этамиз.

Агар ахборот тақдим этилмаганлиги, нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги ёки суиистеъмолликлар оқибатида нафақа белгиланганидан ортиқ миқдорда тўланган бўлса, Жамғармага етказилган зарарнинг ўрнини ходим ва (ёки) иш берувчи қоплайди.

Тиббиёт муассасаларига нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги ёки ҳисоб-китобларда хатоликларга йўл қўйилганлиги оқибатида нотўғри тўланган нафақани ходим 1 ой муддатда Жамғармага қайтариши шарт. Ихтиёрий равишда қайтарилмаган ёки тўлиқ қайтарилмаган суммалар суд тартибида ундирилади.

Бунда Низом тўғридан-тўғри қуйидагиларни белгилайди: ахборот тизимларидаги носозликлар ёки электрон маълумотлар алмашинувида юзага келган техник хатолар туфайли ортиқча тўланган суммалар қайтарилмайди ва Жамғарма харажатлари жумласига киритилади.

 

9. Ходимларга қўшимча тўловлар 

Иш берувчи жамоа шартномасида, жамоа келишувида ёки ташкилотнинг бошқа локал ҳужжатларида ходимларга қўшимча тўловлар белгилашга ҳақли. Масалан, вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлганда ўртача иш ҳақининг 100 фоизигача қўшимча ҳақ тўлаш.

 

10. Меҳнат инспекцияси томонидан текшириш учун асос 

«Ижтимоий суғурта» ахборот модулида ҳар ойда иш ҳақи ҳисобланадиган, бироқ ЯММТда иш стажи тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган шахслар рўйхати шакллантирилади. Ушбу рўйхат чора кўриш учун Бандлик вазирлигига юборилади.

Бундай маълумотлар меҳнат инспекцияси томонидан иш берувчини текшириш ва меҳнат қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз: 2026 йил 1 январдан бошлаб ЯММТ орқали рўйхатга олинган меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини иш берувчининг иштирокисиз, қарорни электрон шаклда чиқарган ҳолда кўриб чиқиш тизими жорий этилади.

 

11. Ихтиёрий суғурта 

Ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси ўзини ўзи банд қилган шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, компания таъсисчилари ва мажбурий ижтимоий суғурта билан қамраб олинмаган бошқа фуқароларга нисбатан татбиқ этилади.

Ижтимоий суғурта тизимида ихтиёрий равишда иштирок этиш учун улар қуйидаги усуллардан бири орқали «Ижтимоий суғурта» ахборот модулига мустақил равишда рўйхатдан ўтишлари керак:

  • ЯММТ ёки унинг мобил иловаси орқали;
  • ЯИДХП орқали;
  • «Inson» ижтимоий хизматлар марказларига шахсан мурожаат қилиш орқали;
  • «Inson» марказларининг ижтимоий ходимлари орқали;
  • Давлат ижтимоий суғурта жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий вакиллари орқали.

Ушбу жисмоний шахслар ҳар ойлик суғурта бадалларини ҳам ихтиёрий равишда – қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдорда тўлайдилар. Буни банк, «Ижтимоий карта» тизими ёки «Барака» мобил иловаси орқали амалга ошириш мумкин.

Юридик шахслар ходимларига тўланадиган нафақалар қандай ҳисобланишини билиб олинг: тайинлаш шартлари, ҳисоблаш формуласи, суғурта стажи қандай ҳисобланади, қайси даврлар ҳисобга олинади, қайсилари ҳисобга олинмайди:

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text212620_2026_yildan_boshlab_mehnatga_laeqatsizlik_va_homiladorlik_nafaqalari_qanday_tayinlanadi_va_tulanadi